3-7 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган халқаро семинар

13:01 03 Ноябрь 2022 Спорт
426 0

Фото: Хасан Пайдоев / “Халқ сўзи”

3-7 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Осиё Олимпия Кенгашининг (ООК) “Тренер ва ҳакамлар фаолиятини ривожлантириш” дастури асосида спортнинг бокс, дзюдо, сузиш, оғир атлетика ва спорт курашлари турлари бўйича ўқув курслари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур тадбир ООКнинг қитъада Олимпизм тарғиботини янада кучайтириш, илм-фан соҳасида эришилган янги ютуқлар, жорий этилган янги қоидалар билан барчани хабардор қилиш каби мақсадларда йўлга қўйилган.

Бу борада дастлабки халқаро семинар Қувайтда ташкил этилган бўлиб, унда 7 та ғарбий Осиё мамлакати вакиллари иштирок этишган эди. Бу гал диёримиз мезбонлик қилаётган тадбир Марказий (Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва Жанубий Осиё (Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Малдив ороллари, Непал, Покистон, Шри-Ланка) минтақаларидаги 14 та мамлакатдан ташриф буюрадиган мутахассислар учун олиб борилади.

Тадбир доирасида 5 ноябрь куни Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Fun Run” оммавий югуриш тадбири ҳам режалаштирилган. 500 нафар ёш спортчилар иштирокида ташкил этиладиган ушбу пойга мамлакатимиз ёшлари орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтириш, уларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида ўтказилади.

Халқаро семинарда ҳар бир давлатдан дастурдаги спорт турлари бўйича 2 нафардан мураббий ва ҳакам қатнашиб, иштирокчиларнинг умумий сони 280 нафарни ташкил этади.  Шунингдек, ООК ходимлари ва халқаро федерациялар томонидан тайинланган Ўзбекистон, Канада, Ирландия, АҚШ, Таиланд, Хитой, Россия каби мамлакатлардан 10 нафардан ортиқ экспертлар ҳам ташриф буюради.

5 кун давом этадиган семинар ҳам назарий, ҳам амалий тарзда олиб борилади. Даставвал меҳмонлар ўзлари истиқомат қиладиган меҳмонхонада ўтказиладиган назарий курслар орқали билимларини бойитишлари мумкин. Шундан сўнг бириктирилган базаларда олган кўникмаларини амалга татбиқ қилиш имкониятига эга бўлишади. Семинар битирувчилари ООКнинг махсус сертификатлари билан тақдирланади.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Хасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?