XVII Тошкент халқаро туризм ярмаркасида 15 мамлакат ўз миллий стендлари билан қатнашади

15:51 24 Ноябрь 2022 Дунё
357 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги

Илгари хабар берилганидек, жорий йил 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзекспомарказ» мажмуасида «Ипак йўлида туризм» 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ўтказилади.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Германиянинг «Mangold consulting GMBH» компанияси раиси, профессор Клаус Манголд, «Milliy PR markazi» давлат унитар корхонаси директори Дилфуза Самандарова, «The Says Lot» МЧЖ бош директори Рустам Мунасипов иштирок этди.

Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида ярмарканинг аҳамияти ва унинг соҳа ривожидаги ўрни ҳақида сўз юритди.

-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси минтақада туризм саноатини қўллаб-қувватлаш ва сайёҳлик соҳасида халқаро ҳамкорлик жуғрофиясини кенгайтириш бўйича умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштирадиган, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда туризм соҳасидаги энг ёрқин халқаро тадбир бўлади, - деди Азиз Абдуҳакимов. - Ярмарка доирасида дунёнинг 15 дан ортиқ давлати ўз миллий стендлари билан иштирок этмоқда. Булар орасида Япония ва Франция каби янги иштирокчи давлатларнинг борлиги бизни қувонтиради. Бу йилга анжуманда 15 давлатдан 76 та ташкилот қатнашмоқда. Шу билан бирга, уч кун мобайнида, етакчи халқаро экспертлар билан форум ва сессиялар, миллий ошпазларнинг маҳорат дарслари, мамлакатимиз маданий меросини намойиш этувчи Ўзбекистон ҳунармандларининг кўргазмаси ва ярмарка тарихида илк марта маҳаллий ва халқаро дизайнерлар иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари, жорий йилда ярмарка иштирокчилари ўртасида кўплаб В2В учрашувлари режалаштирилган.

Айни дамда Ўзбекистонда бўлиб турган Клаус Манголд юртимизнинг туристик салоҳияти ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда ТХТЯ-2022 майдончасида маҳаллий аҳоли, шунингдек, МДҲ ва Европадан 20 мингга яқин меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Ярмаркага ташриф буюрувчилар ва иштирокчилар янги сайёҳлик йўналишлари, хорижий мамлакатларнинг ранг-баранг муҳити, маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишади.

ТХТЯ-2022 форумига туризм соҳасидаги таниқли мутахассислар таклиф этилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистоннинг хориждаги сайёҳлик бренди элчилари, «BBC World News», «Lonely Planet», Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия туризм ташкилотлари уюшмалари вакиллари, PR мутахассислари ва бошқалар бор.

Маълумот учун: ТХТЯ илк бор 1995 йилда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?