24-28 октябрь кунлари IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказилади

15:20 20 Октябр 2022 Дунё
568 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги

Бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ушбу халқаро маданий тадбирга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси 2001 йилдан буён икки йилда бир маротаба Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар кўмагида, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиб келинаётгани қайд этилди.

Алоҳида таъкидланганидек, ушбу биеннале тасвирий санъат соҳасида маданий алмашув, турли мамлакатларнинг замонавий ижодий салоҳияти билан танишиш, замонавий санъатнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун очиқ майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесининг мақсади соҳада янги ғоялар ва истиқболли тенденцияларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг замонавий санъатини оммалаштириш, тасвирий санъатнинг қизиқарли экспериментал шаклларини аниқлаш, рассомнинг замонавий жамиятдаги ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратишдан иборатдир.

Биеннале замонавий санъат турларини халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш, жаҳонда ривожланаётган замонавий санъат жараёнларини ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Беш кун давом этадиган ушбу халқаро форум давомида санъат ихлосмандлари Озарбайжон, Аргентина, Арманистон, Болгария, Беларус, Бразилия, Бангладеш, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Нидерландия, Миср, Исроил, Италия, Испания, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Қувайт, Канада, Литва, Малайзия, Полша, Россия, Руминия, Сербия, АҚШ, Туркманистон, Тожикистон, Туркия, Тунис, Франция, Филиппин сингари дунёнинг 35 мамлакати ижодкорларининг санъат намуналаридан баҳра олиб, ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятига эга бўлишади.

Тадбир дастуридан, шунингдек, турли кўргазмалар,таниқли хорижий рассомларнинг маҳорат дарслари, илмий конференциялар ўрин олган.

IX Тошкент Халқаро замонавий санъат биенналеси ҳайъатининг аъзолари Италия, Озарбайжон, Буюк Британия ҳамда Россиянинг таниқли экспертларидан ташкил топган.

Маданий анжуманда халқаро ва маҳаллий ижодкорлар санъатнинг қатор поп-арт, рақамли санъат, видео ва фото арт, ранг-тасвир, графика ва бошқа йўналишларида иштирок этишади. Бундан ташқари, биенналеда масофадан туриб (онлайн) иштирок этувчи рассомлар замонавий санъатнинг видео-арт, фото-арт йўналишларида ўз ижодий ишларини тақдим қилишади.

IX Тошкент Халқаро замонавий санъат биенналеси кўргазма, маҳорат дарслари ва илмий анжуманлар Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Марказий кўргазмалар зали, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасида бўлиб ўтади.

Тадбир якунида Гран-при, 1-,2-,3- ўринларнинг соҳиблари аниқланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер