23 ёшли йигит ўқишга кира олмаганини яшириш учун 4 кишини ўлдирди. Уларнинг барчаси оила аъзолари

22:20 12 Январь 2021 Дунё
9204 0

Канаданинг Маркхем шаҳрида яшовчи 23 ёшли Менхаз Замон ёлғонларини яшириш учун оиласининг барча аъзоларини ўлдирди. Бу ҳақда Sun нашри хабар берди.

Бангладешдан Канадага кўчиб ўтган ота-она фарзандларидан фахрланарди. Чунки улар ўғли нуфузли олий ўқув юртида муҳандислик йўналишида таълим олаётгани ва уни ёрқин келажак кутаётганига ишончлари комил эди.

Аслида эса Менхаз ҳеч қаерда ўқимас, кунини компьютер ўйинлари билан ўтказарди. У университетга кира олмаганидан сўнг, маҳаллий коллежга қабул қилинганди. Кейинчалик ўқишни уддалай олмагани учун бу ердан ҳам ҳайдалганди. Аммо бу ҳақда ота-онасига ҳеч нарса айтмайди. Аксинча бир неча йил давомида ҳар куни эрталаб қўлида ноутбук билан уйдан чиқиб кетар, кечқурун қайтиб келарди.

Аммо миси чиқадиган куни тобора яқинлашарди. Шунда у қабиҳ режасини тузади. Диплом топшириш кунидан бир кун олдин яқинларини йўқотишни мақсад қилади. Ўша куни кундузи соат тахминан учларда уйида отаси ва синглиси бўлмаган пайтдан фойдаланиб, дам олаётган онасини ўлдиради. Орадан қарийб бир соат ўтиб бувисини йўқ қилади. Кечқурун эса ишдан келган синглисини, ярим тунда уйга қайтган отасини умрига зомин бўлади.

Шундан сўнг интернетдаги дўстларига алоқага чиқиб, бутун оиласини ўлдирганини айтади. Ўртоқлари эса бунга ишонишмагач, жасадлар ва қонга беланган пичоқ акс этган селфи расмини уларга юборади. Онлайн-ўйин бўйича шериклари ушбу воқеа бўйича дарров ҳуқуқ-тартибот органларига хабар беришади. Аммо дўстлар жиноятчини фақатгина тахаллус(ник)и орқали билишарди.

Полициячилар эса эртаси куни интернет орқали қотил манзилини аниқлаб, унинг уйига етиб боришади. Замон ўша пайтда яқинларининг мурдалари билан бирга эди.

Тўрт кишини ўлдиргани учун 23 ёшли йигит бутун умрга, дастлабки 40 йилда афв этилиш ҳуқуқисиз қамалди.

Судда у оиласини билган барчадан кечирим сўраган.  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?