2025 йилга бориб Ўзбекистон тўлақонли электр энергия экспорт қилувчи мамлакатга айланиши керак — Мутахассис

01:03 05 Декабрь 2020 Жамият
964 0

Журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда ОАВ ходимлари Сариосиё туманидаги «Тўпаланг» сув омбори, гидроэлектр станцияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Унда «Халқ сўзи» мухбири "Toʼpalang HPD Platinum" МЧЖ директори ўринбосари Саъдулла Асадовга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

— Гидроэнергиянинг энг арзон энергия эканлиги ҳақида айтингиз. Шу ҳақда батафсилроқ маълумот берсангиз?

— Гидроэнергетика арзон энергия, чунки бепул, табиий ресурс — оқиб келаётган сувдан олинади. Шу боис арзон, фақатгина қуриладиган Гидроэлектр станция учун маблағ зарур бўлади, холос. Иссиқлик электр станциялари электр энергияси олиш учун газ, кўмир ёки мазут ишлатилади. Шу боис уларда ишлаб чиқариладиган энергия қиммат бўлади. ГЭС ўзига кетган харажатни 3 йилда қопласа, ИЭСлар 15 йилда қоплайди.

— Қурилиш нархичи? ГЭСни қуриш ИЭСга қараганда арзонга тушадими?

— Бу ГЭСнинг ҳажмига ҳам боғлиқ.

— Бугун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган жами энергия миқдорида ГЭСларнинг улуши қандай?

— 2014 йили Ўзбекистонда умумий ишлаб чиқариладиган электр энергия ҳажмида гидроэлектр энергияси бор-йўғи 6 фоизни ташкил қилган. 2017 йилда 2021 йилга қадар гидроэнергетикани ривожлантириш дастури қабул қилинган. Шунга асосан бу кўрсаткич 26 фоизга қадар чиқарилиши керак. Бу натижага эришсак ва ИЭС чиқараётган электр энергияни ҳам қўшиб ҳисобласак, Ўзбекистон ўзининг энергияга бўлган эҳтиёжини тўла қондира олади. Бу дегани, 2025 йилга бориб Ўзбекистон тўлақонли электр энергияни экспорт қилувчи мамлакатга айланиши керак. Чунки қайси давлат электр энергияни экспорт қилса, бу унинг иқтисодий қудрати юқорилигидан дарак беради. Қўшниларимизда электр энергияга эҳтиёж бор. Масалан, Афғонистонда.

— ИЭСда ишлаб чиқарилган ва ГЭСда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг таннархини ҳам солиштирсак. Хўш, таннархдаги фарқ қанча?

—Ҳозирги таннарх бўйича аниқ маълумотим йўқ. Аммо 2014-2015 йилларда ГЭСларда ишлаб чиқариладиган 1 кв электр энергиянинг таннархи 40-45 центни, ИЭСларда 3-3,5 АҚШ долларни ташкил этар эди.

— ГЭСлар фақат мана шундай тоғли ҳудудларда қуриладими?

— Йўқ. ГЭСни ҳамма жойда қуриш мумкин. Башарти дарё бўлса. Чунки унинг ишлаши учун мунтазам оқувчи сув ҳавзаси керак. Мамлакатимиз ҳудудидан бошланиб, мамлакатимиз ҳудудда оқадиган катта дарёлар, мен билганим Ўзбекистонда 2 та. Улар Тўпаланг ва Писком (Тошкент вилояти) дарёлари. Қолганларининг ё суви кам, ё бошқа давлат ҳудудидан бошланган. Бошқа давлат билан боғлиқ бўлса, у шерикчилик бўлиб қолади. Бу эса ўзимизники.

Инобат АҲАТОВА,  «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?