2024 йилда сирдарёлик шифокорлар буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётини ўзлари мустақил ўтказишади

17:04 04 Июль 2023 Жамият
601 0

Фото: “Халқ сўзи”

Буйрак ва жигар трансплантацияси ўта мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиёти ҳисобланади. Шу сабабли яқин йилларгача ушбу турдаги амалиётга муҳтож бўлган беморлар Ҳиндистон, Россия, Туркияга борар эди.

Ўтган бир йилда В. Воҳидов номидаги Республика хирургия илмий амалий тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси билан боғлиқ мингдан ортиқ юқори технологик амалиётлар ўтказилди. Жигар трансплантациясининг сони эса олтмишга яқинлашиб қолди.

Ҳозирда ушбу амалиётлар фақат В. Воҳидов номли Республика хирургия илмий амалий марказида эмас, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам муваффақиятли бажарилмоқда.

— Малакали мутахассисларимиз сирдарёлик шифокорлар билан ҳамкорликда ўтган ва жорий йил давомида Гулистон тиббиёт кластери ҳамда Оқолтин туман тиббиёт бирлашмасининг умумий жарроҳлик бўлимида 8 нафар фуқарода юқори технологик буйрак трансплантация амалиётини ўтказди, — дейди В. Воҳидов номидаги Республика хирургия илмий амалий маркази раҳбари, профессор Саидмурод Исмоилов. – Шу йил сўнггига қадар Сирдарёда яна 20 га яқин айни турдаги амалиётни ўтказиш режалаштирилган. 2024 йилдан бошлаб эса бу турдаги амалиётларни сирдарёлик мутахассисларнинг ўзлари мустақил равишда бажаришга киришадилар.

Бу борада доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, яқинда марказ раҳбари Саидмурод Исмоилов иштирокида Гулистон тиббиёт кластерида сурункали буйрак етишмовчилиги, жигар циррози, субкомпенсация босқичи билан касалланиб, буйрак, жигар трансплантацияси амалиётини бошдан ўтказган бемор ва донорлар учун икки кунлик тиббий кўрик ташкил этилди.

                                                      Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер