«2023 йилда эса вазият бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин» — БМТ Бош котиби Украина ва Россия маҳсулотларини жаҳон бозорига қайтаришга чақирди

23:26 08 Июль 2022 Дунё
1819 0

Фото: AP

Украина озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, Россияда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат ва ўғитлар урушга қарамай, жаҳон бозорларига қайтарилиши керак.

Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котиби Антониу Гутерриш жума куни Индонезияда ташкил этилган G20 ташқи ишлар вазирларига мурожаатида айтиб ўтди.

«Биз Украина озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз орқали хавфсиз ва ишончли экспорт қилиш, шунингдек, Россия озиқ-овқат ва ўғитлари учун жаҳон бозорларига тўсиқсиз киришни таъминлаш йўлини қидирмоқдамиз. Бу борада барча томонлар, жумладан, ҳукуматларингиз билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз», деди БМТ раҳбари.

Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, G20нинг жорий йиғилиши дунё учун жуда оғир паллада ўтмоқда.

«Халқаро тартиб издан чиқиб кетмоқда. Бош котибнинг қайд этишича, иқлим инқирози қайта тикланмайдиган нуқтага яқинлашмоқда. «COVID-19» пандемияси миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди, очлик ва қашшоқлик кучаймоқда, йиллик ривожланиш ютуқлари йўқолди. Европанинг қоқ марказида БМТ Низомига зид равишда уруш бошланди», дейди у.

Бош котибнинг қўшимча қилишича, бой ва қудратли давлатлар томонидан яратилган адолатсиз глобал молиявий тизим ривожланаётган дунёни барбод қилмоқда. Қашшоқ мамлакатлар кредитлар учун ривожланган мамлакатларга қараганда анча юқори нарх тўлайди ва уларнинг иқтисодиёти ҳажми қисқаради. Вакциналарга тенг бўлмаган тақсимот туфайли «COVID-19» пандемияси узайиб, у азоб-уқубат ва кўплаб ўлимларга олиб келди.

Антониу Гутерриш вазиятдан чиқиш йўлини кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда кўради. «Бу кенг тарқалган озиқ-овқат танқислиги, иқлим муаммоси, кенг қамровли очлик ва қашшоқликдан қочишнинг ягона йўли», дейди Бош котиб.

У шошилинч кўп томонлама чора-тадбирларнинг учта йўналишини белгилаб берди: иқлимда фавқулодда вазият, озиқ-овқат, энергия ва молиявий инқироз ва пандемиядан нотекис тикланиш.

Антонио Гутерреш иқлим инқирозини асосий устувор йўналиш деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, бу биринчи рақамли фавқулодда вазият.

Жамоавий ўз жонига қасд қилиш

«Сиз глобал иссиқхона газлари эмиссиясининг 80 фоизига масъул бўлган дунёнинг етакчи иқтисодиёти вакилларисиз. Иқлим инқирозининг энг ёмон оқибатларини олдини олиш масъулияти асосан сизнинг елкангизда», дейди БМТ Бош котиби G 20 ташқи сиёсати раҳбарларига мурожаат қилиб.

Олимларнинг таъкидлашича, 2030 йилга бориб, глобал исишни 1,5 даражадан паст ушлаб туриш учун глобал чиқиндилар 2010 йилги даражадан 45 фоизга камайиши керак. Бироқ, мамлакатларнинг иқлим бўйича жорий мажбуриятлари 2030 йилга бориб атмосферага чиқинди газлар миқдорининг атиги 14 фоизга ошишига олиб келади.

«Бу жамоавий ўз жонига қасд қилиш. Бизга қайта тикланадиган энергия инқилоби керак. Қазиб олинадиган ёқилғига глобал қарамликни тугатиш биринчи рақамли устувор вазифадир», дейди Антонио Гутерреш.

БМТ раҳбари қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш учун иқтисодиёти ривожланаётган давлатлар атрофида молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш учун халқаро коалициялар тузишга чақирди.

«Бой давлатлар иқлим ўзгаришига қарши курашни молиялаштириш бўйича ўз мажбуриятларини бажариши керак. Бундан ташқари, мослашув ва эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш учун «радикал туртки» керак» дейди у.

Мослашувчанлик ва тушуниш

Антониу Гутерриш уч ўлчовли – озиқ-овқат, энергетика ва молиявий – инқироз ҳақида гапирар экан, Украинадаги вазият бошқа инқирозларни кучайтириши ва бутун дунёни ижтимоий ва иқтисодий таназзулга олиб келиши билан таҳдид солаётгани таъкидлади.

«Озиқ-овқат нархлари ҳар доимгидан юқори. Ўғитлар нархи икки баравардан ошди. Бу йил глобал очлик хавфи мавжуд. Келгуси йил бундан ҳам баттар бўлиши мумкин», дейди у.

БМТ раҳбарининг таъкидлашича, ўғитсиз, маккажўхори ва буғдой етишмаслиги барча асосий озиқ-овқат экинлари, жумладан, гуруч етишмаслигига олиб келиши ва бу миллиардлаб одамларга ҳалокатли таъсир кўрсатиши мумкин.

«Ўта юқори даражадаги энергия ресурслари нархлари аллақачон электр узилишлари ва ёқилғи танқислигига сабаб бўлмоқда. Биз глобал озиқ-овқат ва энергия бозорларида барқарорликни таъминлашимиз ва ривожланаётган иқтисодиётларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бунга эришиш учун жаҳон молия тизими ўз ихтиёридаги барча воситалардан мослашувчанлик ва тушуниш билан фойдаланиши керак», дейди Антонио Гутерреш.

Бизга янги глобал курс керак

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби коронавирус пандемиясининг таъсири ҳақида гапирар экан, кўплаб ривожланаётган мамлакатлар ҳалокатли иқтисодий йўқотишларга учраганини ва шу билан бирга тикланиш учун молиялаштириш имкониятига эга бўлмаётганини таъкидлади.

«Бизга ривожланаётган мамлакатларга Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сармоя киритиш имконини берадиган янги глобал курс керак», деди Антонио Гутерреш халқаро қарз архитектураси шошилинч ислоҳот талаб қилишига ишора қилиб.

БМТ раҳбари «COVID-19» вакциналар, дори-дармонлар ва тестларни ишлаб чиқаришга қодир давлатлар сонини кўпайтиришга чақирди.

«Бизнинг мураккаб ва ўзаро боғланган дунёмиз глобал муаммоларни ҳал қилишда кўп томонлама ёндашувни талаб қилади. Биз инсониятнинг долзарб муаммоларини биргаликда ҳал қилиш учун мавжуд институтларни бирлаштиришимиз керак», деди Антонио Гутерриш.

У ўз мурожаатида G20, БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши, халқаро молия институтлари ва Бош котиб идораси билан янада барқарор ва инклюзив глобал иқтисодиётни барпо этиш йўлида иш олиб бориш учун икки йилда бир марта саммитлар ўтказишни таклиф қилди.

БМТ раҳбари ўз мурожаати якунида кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш барча учун тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик сари ягона барқарор йўл эканини яна бир бор эслатди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер