«2023 йил – ШҲТ мамлакатларида туризмни ривожлантириш йили» тадбирлари дастури тасдиқланди

02:25 26 Март 2023 Сиёсат
615 0

ШҲТга аъзо давлатлар туризм маъмуриятлари раҳбарларининг Варанасидаги навбатдаги йиғилишида «2023 йил – ШҲТ мамлакатларида туризмни ривожлантириш йили» тадбирлари дастури тасдиқланди.

Маълумот учун, мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида илгари сурилган 2023 йилни «ШҲТ давлатларида туризмни ривожлантириш йили» деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

ШҲТга аъзо давлатлар туризм маъмуриятлари раҳбарлари ушбу дастурни бир овоздан маъқулладилар.

Таъкидлаш лозимки, туризм йили дастури 2023 йилда ШҲТ давлатларида ўтказиладиган турли туристик, маданий, гастрономик ва бошқа тадбирларни ўз ичига олади. Учрашувда биринчи навбатда, дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган ШҲТнинг ички туризм салоҳиятини очишга қаратилган ушбу тадбирларда туризм соҳасининг ўзаро иштирокини қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 17–18 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги делегацияси Ҳиндистоннинг Варанаси шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар туризм маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувида иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?