2022 йилдан Самарқанд туманидаги ғалла майдонлари ўрнига сабзавот маҳсулотлари экилади

08:58 28 Апрель 2021 Жамият
248 0

Самарқанд туманида 290,6 гектар иссиқхона хўжаликлари мавжуд бўлиб, 27 гектари Жанубий Корея, 4 гектари Хитой, 2 гектари Туркия услубидаги ва қолгани маҳаллий услубдаги иссиқхоналарни ташкил этади.

«Ихтиёр қурилиш сервис» МЧЖга қарашли 2 гектарли иссиқхона 2017 йилда Корея технологияси асосида барпо этилган бўлиб, 2018 йилдан иш бошлаган. Унда 33 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади.

Иссиқхонада деярли барча ишлар техника асосида бошқарилади. Ернинг намлигига қараб кўчатлар автоматик тарзда томчилатиб суғорилади. Помидорлар гидропоника усулида етиштириляпти.

— Помидор кўчатларини октябрь ойида экканмиз, — деди «Ихтиёр қурилиш сервис» МЧЖ агрономи, туркиялик Аран Кая. — Ўзбекистон қуёшли ўлка бўлгани билан ерлари шўр, алмашлаб экиш ишлари яхши эмаслиги туфайли унумдорлик кам. Шу сабабли биз иссиқхонадан йилига 200-250 тонна помидор оляпмиз. Туркияда эса бундан кўп ҳосил олинади. Бу ерга уч йиллик шартнома асосида келганман.

«Грин Агро Тред» МЧЖга қарашли 3 гектарлик иссиқхона эса Туркия технологияси асосида барпо этилган.

— Иссиқхонамиз 2020 йилда ишга тушди, — деди жамият директори Соли Раҳимов. — Помидор уруғларини Туркиядан келтириб экяпмиз. Ўтган йили 5 тонна ҳосил олдик. Бу йил кузда қуёшли кунлар кам бўлгани сабабли ҳосилимиз ўтган йилгидан камроқ бўляпти.

Иссиқхонада етиштирилаётган помидорлар чет элга ва маҳаллий бозорларга чиқарилади.

— Бизнинг олдимизда жуда катта режалар турибди. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда 2022 йилдан Самарқанд туманидаги ғалла майдонлари ўрнига сабзавот маҳсулотлари экиш топшириғи берилди , — деди туман ҳокими Носир Мавлонов. — Шунингдек, туманда маҳсулот етказиб бериш хизмати билан шуғулланадиган компания ташкил этилади. Туманда 2 минг гектардан ортиқ ерга сабзавот экилади ва маҳсулот биринчи навбатда Россия бозорига экспорт қилинади.

Маълумот учун шуни айтиш керакки, туманда жорий йилда 57 та экспортёр корхона томонидан 14328 АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?