2021 йилда саёҳатлар учун энг хавфли ва энг хавфсиз мамлакатлар рейтинги эълон қилинди. Унда Ўзбекистон ҳам бор...

22:33 03 Декабрь 2020 Дунё
418 0

Тиббиёт ва хавфсизлик бўйича “International SOS” халқаро экспертлар гуруҳи 2021 йилда саёҳатлар учун энг хавфсиз ва энг хавфли давлатларнинг интерактив харитасини тузишди.

“Daily Mail” нашри хабарига кўра, мутахассислар ўзлари бажарган иш 2021 йилда одамларга саёҳат қилишни режалаштиришда асқотади дея умид қилишмоқда.

Рейтингга кўра, 2021 йилда ташриф буюриш учун энг хавфли беш ҳудудга Ливия, Сурия, Афғонистон, Ироқ ва Марказий Африка Республикаси киритилган.

Гренландия, Швейцария, Словения, Норвегия, Финляндия ва Дания, шунингдек, Кабо-Верде, Ангилья, Теркс ва Кайкос каби орол мамлакатлар энг хавфсиз масканлар қаторидан жой олган.

Ўзбекистон эса ушбу харитада хавф даражаси паст бўлган давлатлар орасидан ўрин эгаллаган.

Таъкидлаш жоиз, ҳар йил тузилувчи ушбу харитада сайёҳлар қайси давлатда сиёсий зўравонликлар, ижтимоий ғалаёнлар, зўравонлик ва жиноятчилик хавфи ҳамда жорий йилда долзарб бўлган пандемия таъсирига дуч келишлари мумкинлигини кўрсатилган.

“International SOS” дунё бўйлаб саёҳатчилар учун турли хатарларни кўрсатадиган харитани яратиш билан бир қаторда, CОVID-19дан энг юқори ва энг кам хавфга эга бўлган мамлакатлар харитасини ҳам ишлаб чиқишган.

Унга кўра, коронавирус таъсирини энг кам ҳис қилган давлатлар Янги Зеландия, Танзания ва Никарагуа бўлган.

Пандемия таъсири "жуда оғир" деб баҳоланган ягона мамлакат сифатида Грузия қайд этилган. Қозоғистон, Польша, АҚШ ва Бразилия коронавирус "ўртача" таъсир қилган ҳудуд сифатида таъкидланган.

Ўзбекистон бу харитада коронавирус хавфи паст даражадаги давлатлар қаторига киритилган.

Маълумот ўрнида, ушбу харитани тузишда соғлик ва хавфсизликка хавф солувчи асосий омиллар, коронавирус билан боғлиқ фаоллик, сафарларга киритилган маҳаллий чекловлар ва коронавирус оқибатларини юмшатиш бўйича чоралар самарадорлиги эътиборга олинган.

Мутахассислар томонидан тузилган яна бир харитада эса 2021 йилда дунё давлатларида тиббий муаммолар ёки касалликлар вужудга келишининг эҳтимолий хавфи кўрсатилган.

Унга кўра, саломатлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келиш хавфи юқори бўлган давлатларга Венесуэла, Шимолий Корея, Ливия, Жанубий Судан ва Яман киритилган. Канада, АҚШ, Янги Зеландия, Австралия, Жанубий Корея ва Япония бу борада энг хавфсиз давлатлар деб топилган.

Россия, Хитой ва Ҳиндистон саломатлик билан боғлиқ муаммоларининг "ўзгарувчан" хавфига эга мамлакатлар сифатида кўрсатилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ушбу харитада ўртача хавфга эга давлат сифатида эътироф этилган.

“International SOS”, шунингдек, “Ipros Mori” томонидан 99 мамлакатнинг 1400 дан зиёд хатарлар бўйича мутахассислари ўртасида ўтказилган “Business Resilience Trends” сўрови натижаларини ҳам эълон қилган.

Маълум бўлишича, ишбилармон саёҳатчиларнинг 79 фоизи 2020 йилда соғлиқ ва хавфсизлик хавфлари кўпайган деб ҳисоблашмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?