2021 йилда Самарқанд вилоятида 30 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилган

14:03 21 Июнь 2021 Иқтисодиёт
304 0

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида жами 448 та балиқчилик хўжаликлари фаолият юритмоқда. Шундан 443 та хўжалик 1957 гектар сунъий сув ҳавзаларида ва 5 та ижарачи корхоналар 7987 гектар табиий сув ҳавзаларида иш олиб боради.

2020 йилда вилоятда 20 минг тонна балиқ етиштирилди. Шунингдек, ўтган йил давомида умумий қиймати 45,4 миллиард сўм бўлган 29 та янги балиқчилик лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, 66 гектар майдонда қуввати 305 тонна бўлган экстенсив сув ҳавзалари барпо этилди, 14,2 гектар майдонда қуввати 1430 тоннага тенг интенсив сув ҳавзалари барпо этилди. Шунингдек, қуввати 100 тонна бўлган 1 дона ёпиқ сув айланма тизими мосламаси ишга туширилди.

2021 йилда Самарқанд вилоятида балиқ етиштириш ҳажмини 30 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда.

Каттақўрғон туманининг Кўкча қишлоғи ҳудудида жойлашган «Каттақўрғон жайҳуни» фермер хўжалиги 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, 40 гектар сунъий, 1300 гектар табиий сув ҳавзасида балиқ етиштириб келмоқда. Бу ерда асосан, сазан, оқ амур, оқ ва қора дўнгпешона, карас ҳамда усач балиқлари боқилади.

— Балиқчилик кластер хўжалигимизда қуввати 50 миллион дона бўлган балиқ личинкаларини ишлаб чиқарувчи инкубация цехини ишга туширдик, — дейди хўжалик раҳбари Собир Йўлдошев. - 25 гектар майдонда балиқ чавоқлари етиштирилувчи репродуктор ҳавза, 50 тонна қувватли балиқни қайта ишловчи филе цехи, 200 тонна қувватли балиқ ва балиқ маҳсулотлари сақланадиган музлаткич ҳамда 500 тонна қувватда балиқ озуқасини ишлаб чиқарувчи корхонамиз мавжуд.

Мазкур балиқчилик хўжалигида мавсумий 18, доимий 8 нафар ишчи ишлайди. Хўжалик томонидан 2020 йилда 1,8 тонна балиқ етиштирилди. Хўжаликни ривожлантириш учун 151 миллион сўм субсидия ажратилди.

Паст Дарғом туманида жойлашган «Пўлат балиқ» МЧЖ 2012 йилда ташкил топган. Жамият 14 гектар сунъий ҳавзада ярим интенсив ва интенсив (ёпиқ сув айланма тизими) усулда сазан, Африка лаққаси, оқ амур, оқ дўнгпешона ҳамда тиляпия балиқларини етиштириб келмоқда.

Ушбу кластерда ҳозирда қуввати 30 миллион дона бўлган балиқ личинкаларини ишлаб чиқарувчи инкубация цехи, балиқ чавоқларини етиштирувчи 5 гектар репродуктор ҳавза, 50 тонна қувватли балиқни ярим тайёр ҳолда қайта ишловчи цех ҳамда 350 тонна қувватда балиқ емини ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд.

Хўжалик томонидан 2020 йилда 110 тонна балиқ етиштирилган ҳамда 67 миллион сўм субсидия олинган. Шунингдек, бу ерда 12 та доимий 6 та мавсумий ишчи ўрни яратилган.

Абдулазиз Йўлдошев,
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?