2021 йил Ўзбекистонда 54 минг оилалар уй-жой билан таъминланади

18:20 03 Март 2021 Сиёсат
564 0

Пойтахтимизда Президентимиз раислигида жорий йилда уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Жорий йилда 54 минг оилаларни уй-жой билан таъминлаш белгиланган.

Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй-жойлар қурилади.

Шундан: «Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Шаҳар қурилиш инвест» томонидан 12 мингта; янги тартиб бўйича Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26,5 мингта квартира; ҳар бир вилоятда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тадан, жами 6,5 мингта оилага кредит ажратилади.

Шунингдек, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилиши бошланган 8 мингта квартира жорий йилда фойдаланишга топширилади.

Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган 1 мингта оила, айниқса аёлларга «ижтимоий уй-жойлар» ижара асосида ажратилади.

Жами 54 минг уй-жойдан: Қорақалпоғистонда – 2 290 та, Андижонда – 4 665 та, Бухорода – 3 220 та, Жиззахда – 1 670 та, Қашқадарёда – 3 710 та, Навоийда – 1 836 та, Наманганда – 4 025 та, Самарқандда – 4 479 та, Сурхондарёда – 3 989 та, Сирдарёда – 1 414 та, Тошкент вилоятида – 4 046 та, Фарғонада – 4 530 та, Хоразмда – 3 016 та ва Тошкент шаҳрида – 7 556 та уй-жой топширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?