2021 йил бюджетнома лойиҳаси: давлат қарзида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

16:18 14 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
557 0

Бозор иқтисодиёти ривожланиши билан ижтимоий жиҳатдан таъминланган жамиятнинг барпо этилиши давлат молиясининг сифатига бўлган талабларни сезиларли даражада оширади. Давлат молиясининг асосий таркибий қисми давлат бюджети ҳисобланади. Давлат бюджетининг асосий тамойилларидан бири эса ошкоралик принципидир.

Ошкоралик принципи очиқ матбуотда тасдиқланган бюджет ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар эълон қилинишини, бюджет ижроси жараёнида маълумотларнинг тўлиқ ва тўғри берилиши, давлат ҳокимияти қонунчилик органи ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорларига оид бошқа маълумотларни олиш имконини яратади. Шунингдек, бюджет лойиҳаси бўйича қарорларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартибларининг жамият ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлишини кўзда тутади.

2021 йилга мўлжалланган Бюджет сиёсатининг асосий йўналишларидан бири макроиқтисодий ва давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ҳисобланади. Парламентга Ҳукумат томонидан тақдим этилган 2021 йилга мўлжалланган Бюджетномада давлат қарзи барқарорлигини халқаро меъёрларга мувофиқ мўътадил даражада ушлаб туриш учун давлат қарзининг энг юқори чегарасини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоиздан ошмаслигини таъминлаш белгиланган.

Таъкидлаш жоиз, ушбу чеклов юқори чегара ҳисобланиб, албатта бу унга етади дегани эмас. Бунинг миқдори коронавирус пандемиясининг қанча муддатга чўзилиши ҳамда дунёдаги иқтисодий ҳолатнинг миллий иқтисодиётимизга таъсиридан келиб чиқади.

Давлат қарзининг ЯИМга нисбати бўйича дунё мамлакатларининг 2013, 2015 ва 2018 йиллар учун миқдорий таҳлили шуни кўрсатадики, умумий қарз юкининг барқарор ўсиши билан унинг фоизлар оралиғида тақсимланиши бир текисда эмас. Қарз юки 60 фоиздан юқори бўлган мамлакатлар сони сезиларли даражада ўсган. Агар 2013 йилда давлат қарзи даражаси ЯИМнинг 60 фоизидан ошадиган 48 мамлакат бўлган бўлса, 2015 йилда уларнинг сони 61 тага, 2018 йилда эса 67 тага етган.

Халқаро валюта жамғармасининг эконометрик моделлаштириш усули бўйича ҳисобланганда, давлат ташқи қарзи 70 ёки 80 фоиздан ошиб кетса, давлат учун унинг юки оғир бўлади. Яъни, бу вазият иқтисодий ривожланишга эмас, иқтисодий секинлашувга олиб келиши мумкин.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, давлат қарзи даражаси 80 дан 100 фоизгача бўлган мамлакатлар сони 2013 йилдаги 10 тадан 2018 йилда 27 тага етган. Шу билан бирга, ушбу даврда қарз юки 100 фоиздан юқори бўлган мамлакатлар сони 2013 ва 2015 йилларда 15-17 тадан 2018 йил охирига келиб 11 тагача камайди.

2018 йил охирига келиб дунё давлатларининг қарийб 64 фоизида давлат қарзи ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаганлигини кўриш мумкин. Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг давлат қарзига нисбати ўртача 80 фоизни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда давлат қарзи (ички ва ташқи қарз) ЯИМнинг 36 фоизини ташкил этмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида жалб қилинаётган давлат қарзи жаҳон иқтисодиётининг кейинги йиллар учун иқтисодий ўсиш суръатларидан келиб чиқсак, 40-42 фоизлар атрофида бўлиши кутилмоқда.

Жаҳонгир АБДУРАСУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?