2020 йилда қайд этилган қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган — Ички ишлар вазири

12:27 12 Март 2021 Жамият
580 0

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган. Тергов органлари қидирувида бўлган 2446 нафар шахс ушланган ва 436 нафар бедарак йўқолганлар топилган. Ички ишлар органлари ташаббуси билан 20 994 та жиноятлар аниқланган.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, ўтган 2020 йилда республика миқёсида 62 081 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 182,4 тадан тўғри келган.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2020 йилда қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси (143 таси, 35,2%), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 192 таси (20,5%) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 379 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти яъни 50,5 фоизи (7 264 таси) Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Энг ачинарлиси, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси айнан ўз вақтида ҳал этилмасдан қолган оилавий келишмовчиликлар боис содир этилган.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2020 йилда 5 774 нафар хотин-қизлар томонидан 5 520 та жиноят содир этилган.

Хусусан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 14 774 нафарига «ҳимоя ордери» берилган бўлса, шундан 317 та ҳолатда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида 2020 йилда республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (14 378 та ёки 23,2%) ёшлар, шундан 4052 таси иш билан банд бўлмаган ёшлар томонидан содир этилган.

Бундан ташқари, 9 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Республика бўйича умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган бўлсада, йўлларда ҳаракатланиш учун хавфсиз шароит етарли даражада ташкил қилинмаганлиги оқибатида 1962 нафар шахс вафот этган.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, бундан буён масъул вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда хотин-қизлар, вояга етмаганлар, ёшлар, айниқса, бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилади.

Содир этилган жиноятларни давлат идораларининг ўзида, шунингдек, «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш механизми жорий қилинади.

Чироқчи тумани ва Андижон шаҳрида ходимлар томонидан содир этилган қийноқ билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўймаслик, ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик мақсадида 485 та алоҳида махсус сўровхона ташкил этилган. Бундан буён олиб келинган фуқаро билан қатъий равишда мазкур хоналарда суҳбат ўтказилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, маҳаллалардаги криминоген вазиятдан келиб чиқиб, улар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилади.

Аҳоли осойишталигини таъминлаш ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизим жорий этилади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?