2020 йил ва 2021 йилнинг I чораги якуни бўйича Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботлари муҳокама қилинди

13:36 28 Май 2021 Иқтисодиёт
456 0

2021 йил 28 май куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама қилинди.

Таъкидлангандек, карантин тадбирлари муносабати билан республикамиз иқтисодиёти ўсиши 2020 йил якуни билан 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизга секинлашиб, ЯИМ ҳажми 580,2 трлн сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг I чорагида ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга ўсган.

2020 йилда инфляция даражаси белгиланган 12,5-13,0 фоизли прогноз параметрларидан паст бўлиб, 11,1 фоизни, 2021 йилнинг I-чорагида 10,9 фоизни ташкил этган.

Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 трлн сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4 192 млрд сўмга ошириб бажарилган ёки 2019 йилга нисбатан эса 20,8 трлн сўмга ўсган.

2021 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромадлари белгиланган 31,9 трлн сўм прогнози амалда 33,9 трлн сўмга ёки 2,0 трлн сўмга (106 фоиз) ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн сўмга кўпайган.

Маҳаллий бюджетлар 2020 йил даромадлари 27 трлн 702,9 млрд сўмни ёки аниқлаштирилган прогнозга нисбатан 110,9 фоизни ташкил қилган.

2021 йилнинг I чорагида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 116 фоизга (1,1 трлн сўмга ортиқ) бажарилиб 7,9 трлн сўмни, харажатлар эса режага нисбатан 94,7 фоизга ижро этилиб, 10, 9 трлн сўмни ташкил этган.

Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари 100 фоизга таъминланиб, 144,1 трлн сўмни ёки ЯИМ га нисбатан 24,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг I чорагида 34,1 трлн сўм ёки ЯИМ га нисбатан 26,6 фоиз бўлган.

2020 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 74, 2 трлн сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида, 2021 йилнинг I чорагида эса 18,2 трлн сўм (умумий харажатларнинг 53,3 фоизи) маблағ сарфланган.

Маҳаллий бюджетларнинг харажатлари режага нисбатан 104,8 фоизга ижро этилиб, 47,2 трлн сўмни ташкил этган.

Шунингдек, ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан 2020 йил давомида 2726 та назорат тадбирларида жами 309,2 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, шундан 1238 та 223,4 млрд сўмлик текшириш ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг 34,3 млрд сўми тикланиши таъминланган ҳамда профилактика тадбирлари натижасида 165,8 млрд сўмлик ноқонуний тўловлар тўланиши олди олинган.

Сенат ялпи мажлиси давомида ҳисоботларни кўриб чиқишда асосий эътибор:

- 2020 йилги ва 2021 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромад ва харажатларининг ижроси, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳолати;

- солиқ ва божхона идоралари томонидан белгиланган давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳисобланган даромадлар, солиқларнинг ундирувчанлик даражаси, солиқ қарздорлиги, ортиқча тўловлар;

- маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланилиши;

- «Очиқ бюджет» портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати;

- бюджет маблағларидан фойдаланишда йўл қўйилаётган хато- камчиликлар, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар каби долзарб масалаларга ва уларнинг ечими қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 апрелдаги «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5072-сонли қарорига мувофиқ, барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга маблағларни йўналтириш ҳамда ушбу маблағларни бошқа мақсадларда сарфланишини олдини олиш мақсадида бюджетдан ташқари хисобрақам кўринишида (жами 205 та) «Фуқаролар ташаббуси бюджети» жамғармаси очилиши таъминланди.

Бундан ташқари, республика бюджети маблағлари ҳисобидан эксперимент ўтказилаётган 14 та туман ва шаҳарлар учун жами 92,7 млрд. сўм маблағлар тегишинча маҳаллий бюджетларга белгиланган тартибда ўтказиб берилиб, ушбу маблағлар «Фуқаролар ташаббуси бюджети» жамғармасига йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 22 апрелидаги «Маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида»ги ҚҚ-213-IV-сонли қарорига асосан «Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисида Намунавий Низом» тасдиқланган.

Ушбу намунавий Низом асосида барча туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ўзларининг туман (шаҳар) бўйича Низомни шакллантирган ҳолда тегишинча Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

Бугунги кунга келиб, жами 159 та туман ва шаҳарларда тегишинча Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан Намунавий низом асосида бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартибини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилдилар. Шунингдек, 46 та туман ва шаҳарларда мазкур Низомни тасдиқлаш бўйича қарор лойиҳаларини тегишинча Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига навбатдаги сессияда кўриб чиқиш учун киритилган.

Шунингдек, маҳаллий бюджетдан тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи ва қўшимча даромадларининг 30 фоизи миқдоридаги маблағлар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиш ва унинг мақсадли сарфланиши устидан Сенат томонидан доимий парламент назорати амалга оширилиши қайд этилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?