2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойи давомида 720 та оғир, 207 та ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилмаган

16:20 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
495 0

Хабар бериб борилаётганидек, бугун, 20 ноябрь куни парламент юқори палатасининг тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлисда сенаторлар томонидан «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди ва маъқулланди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарҳод Боқиев ўз маърузасида сўнги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда халқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил органга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилганига тўхталди.

– Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шароитларни бартараф этиш, шунингдек, содир этилган жиноятларни «изи совимасдан» фош этишда фойдаланиладиган илмий-техник усул ва воситаларни модернизация қилишни талаб қилмоқда, – деди Сенат аъзоси Ф.Боқиев. – Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, мазкур «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунни қабул қилишнинг нечоғли аҳамиятли эканлигини англашимиз мумкин.

2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойи давомида 720 та оғир, 207 та ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилмаган. Шундан 35 таси қотиллик,

18 таси оғир тан жароҳати етказиш, 5 таси номусга тегиш, 11 таси босқинчилик жиноятларини ташкил этади. Бундан ташқари, биргина 2020 йилнинг 9 ойида 367 та бедарак йўқолган фуқаролар топилмаган ва 224 та номаълум мурдалар шахси аниқланмаган.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли хил усуллардан фойдаланилмоқда. Фош этилмаган жиноятлар эса ўз навбатида жиноятчиларга жазоланмаслик ҳиссини кучайтириб, келгуси жиноий фаолиятини давом эттиришга имкон бермоқда. Бунинг оқибатида эса жамиятда жиноий фаолиятга кўниккан шахслар жиноят изларини яширишга уринмоқда.

Маълумот учун, бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида оғир жиноят учун 8311 нафар ва ўта оғир жиноят учун 15 765 нафар, жинсий эркинликка қарши қаратилган жиноятлар учун 1777 нафар судланган шахслар мавжуд. Қолаверса, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилиниб, жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан лекин судланганлик ҳолати тугатилмаган шахслардан ҳам мажбурий равишда Геном бўйича давлат рўйхатига олинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?