16 январдан Шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг айрим талаблари мажбурий характерга ўтказилди

20:06 25 Январь 2023 Жамият
556 0

Фото: Архив сурат

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълум қилди.

2023 йилнинг 1 январидан бошлаб янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган барча шу жумладан, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари, спорт иншоотлари, локал иситиш иссиқлик тизимига уланадиган кўп хонадонли уй-жойлар, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» массивлари, барча савдо-кўнгилочар марказларини лойиҳалаштириш ва ишга туширишда иссиқ сув истеъмоли ҳажмининг камида 25 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш сув иситиш қурилмалари орқали қопланиши талаб этилади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилмаган объектлар бўйича лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмайди ва қурилиш ишларини бошлашга рухсат берилмайди.

Эндиликда барча турдаги жамоат бинолари ва 3 қаватдан юқори бўлган турар-жой бинолари вестибюллари, йўлаклари, зиналари, лифт олди майдончалари ва бино атрофини ёритишда ҳаракат сезувчи қурилмаларни қўллаш зарурлиги белгиланган.

Бу ёритишга сарфланадиган электр энергиясини 30-50 фоизгача камайтиради.

Шунингдек, хонадаги радиаторларга:

— ҳароратни бошқарувчи термостатлар ўрнатилиши;

— радиаторда тўпланиб қолган ҳавони чиқариб юборувчи вентиллар бўлиши талаб этилади.

Бундан ташқари, кўп хонадонли уйларнинг ташқаридан кириш эшиклари ички томонидан иссиқлик изоляцияланган бўлишини ҳамда герметик-берк ёпилишини таъминлаш керак.

Ушбу уйларнинг кириш йўлакларидаги эшикларига ўзи ёпилувчи механизмлар, яъни доводчиклар ҳамда берк ёпилишини таъминловчи герметик воситаларни ўрнатиш орқали бинодаги иссиқлик манбаини сақлаб қолишга эришиш мумкин.

Шунингдек, кириш йўлакларидаги деразаларни энергия самарадорларига алмаштириш ҳам эътибордан четда қолдирилмайди.

Шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг «Қурилиш иссиқлик техникаси» талабларига мувофиқ, бино деворларида иссиқлик изоляцион материалларни унинг ташқарисидан жойлаштириш керак.

Бунда, самарали иссиқлик изоляцион материалларидан, масалан, базальт плиталаридан, фойдаланиш талаб этилади.

Хоналарнинг пол қисмида иссиқлик ва товуш изоляциясини таъминлашда юк таъсирида сиқилмайдиган, стандарт талабларига мос келадиган, қаттиқ изоляцион материаллар, масалан, экструзияланган кўпик полистирол ишлатилиши керак.

Биноларга ташқаридан киришда узунлиги 1,2 метрдан кам бўлмаган, ногиронлар уйларида эса узунлиги 1,6 метр, эни 2,2 метрдан кам бўлмаган тамбурлар қилишга йўл қўйилади.

Шу билан бирга биноларда:

— қуввати бошқариладиган, шу жумладан автоматик равишда, иситиш, шамоллатиш ва кондициялаштириш тизимларини қўллаш;

— энергия самарадорлиги юқори бўлган иситиш-шамоллатиш ва совитиш ускуналарини қўллаш;

— кодициялаштириш учун табиий совуқлик манбаларидан фойдаланиш;

— ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарадор иккиламчи ва қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланиш норматив талабларда келтириб ўтилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер