16 фарзандни туғиб, улғайтирган қаҳрамон она

18:44 27 Сентябр 2022 Жамият
274 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона туманининг Миндон қишлоғида яшовчи Жўраевлар оиласига ҳамманинг ҳаваси келади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Гап шундаки, шу кунларда қутлуғ 75 ёшни қаршилаётган оила бекаси Мамлакатхон Жўраева 16 фарзандни туғиб, бекаму кўст қилиб улғайтирди.

— Раҳматли турмуш ўртоғим Аҳронқул ака билан 32 йил бирга умргузаронлик қилдим. Афсус, 8 та фарзандимизни уйли-жойли қилганимизда, 54 ёшида бевақт ҳаётдан кўз юмди, — дейди Мамлакат ая. — Ўзим ҳам ота, ҳам она бўлиб, яна 8 нафар болаларимни ҳаётда ўз ўрниларини топишида кўмаклашдим.

Мамлакатхон аянинг бирда қувонч, бирда кўз ёши билан эслашича, турмуш ўртоғидан айрилган йили тўнғич ўғли Аҳмаджон ҳам 30 ёшида фожиали вафот этди. Ўшанда кенжа фарзанди бор-йўғи 6 ёшда эди. Болалари ота меҳрига тўймай улғайишди.

Аҳронқул ота узоқ йиллар Миндон қишлоғидаги катта кинотеатрни бошқарган. Қишлоқ нақд жаннатнинг ўзи, ҳатто кинотеатр атрофларида ҳам ҳамма мевали дарахтлардан экилганди. Оила аъзолари баҳорда шу кинотеатр биноси хоналарида ҳам ипак қурти боқишарди. Шу сабабли болалари ёшлигидан меҳнатга, китоб ўқишга меҳрли бўлиб тарбияланди.

— Бизга барчанинг ҳаваси келади, — дейди Манзура опа. — Боиси оилавий йиғилсак, бир уй одам бўламиз. Кўпчиликда ҳам ўзига яраша файз, барака бўлади.

Оилада 9 нафар қизларнинг барчамиз ўқиб, жамиятда ўз ўрниимизни топишимизда ота-онамизнинг хизмати беқиёс. Айниқса, онамнинг улкан сабр-бардоши, матонатини жасоратга тенглаш мумкин.

Онахон ҳозирда 6 нафар келиннинг меҳрибон қайнонаси, 40 нафар набиранинг бувижониси ҳамда 18 нафар чеваранинг энаси. Пиру бадавлат оиланинг бахтига асло кўз тегмасин!

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?