109 ёшли Шаҳрибону момо: Бизни йўқлаганлар омон бўлсин!

10:51 04 Октябр 2022 Жамият
365 0

Фото: Халқ сўзи

Ҳаётимиз кексалар билан янада файзли. Айниқса, ёши юздан ошган табаррук бобо ва момоларимизнинг сафимизда қўр тўкиб ўтиришлари катта давлат. Мамлакатимизда кечаги кундан бошланган «Кексалар ҳафталиги» доирасидаги меҳр-муҳаббат ва оқибатга йўғрилган тадбирлар маъно-мазмунида ҳам ёши улуғларга эҳтиром мужассамлашган. Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида ҳафталик аср билан тенгдош ҳамқишлоқларни йўқлашдан бошланди. Деҳқонобод маҳалласида умргузаронлик қилаётган Шаҳрибону момо 109 ёшни қаршилаган. Умри меҳнат ва фарзандлар тарбияси билан ўтган бу инсоннинг ҳаёт йўли мингларга ибрат. Унинг хонадонига совға-саломлар билан кириб келган маҳалла фаоллари ва ёшлар ташрифидан боши осмонга етган момо қўлини дуога очди.

— Юртимиздан тинчлик, хонадонлардан хотиржамлик аримасин. Бизни йўқлаганларнинг эса бошлари омон бўлсин!

Туманнинг Наврўз маҳалласида яшовчи 102 ёшли Бузаҳро момо Бўтаева, баҳриободлик Мукаррамхон Абураҳимовалар ҳолидан ҳам хабар олиниб, «Нуроний» жамғармасининг туҳфалари ва 900 минг сўмдан пул мукофотлари топширилди. Умуман олганда вилоят бўйича асрни ортда қолдирган 52 нафар фуқаро муносиб тарзда йўқланди.

— Ҳафталик доирасида биргина маҳалла тизими орқали юз мингдан зиёд кексалар ва меҳнат фахрийларидан хабар олиш кўзда тутилган, — дейди Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси масъул ходими Абдурашид Болтабоев. — Бундан ташқари меҳнат жамоалари, олий ўқув юртлари ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан 200 мингга яқин фахрийлар меҳр-мурувватдан баҳраманд бўлади. Жойларда ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлар, ёлғиз яшовчи қарияларнинг тураржойларини таъмирлаш, муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш орқали кўнгилларга шодлик олиб кирилади. Кекса авлод вакиллари ўртасида спорт мусобақалари, узоқ йил умргузаронлик қилиб келаётган оилалар ўртасида «Қўша қариш саодати», набираларнинг «Бобомнинг айтишича»мавзусидаги иншолар танловига ҳам старт берилди.

Маълумот учун, кеча ҳафталикнинг биринчи кунида Наманган вилояти бўйича уч мингга яқин кексалар хонадонига ташриф буюрилиб, уларга иззат-икром кўрсатилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер