“101-рейс” номли ўзбек киноси нима ҳақида бўлади?

14:30 29 Март 2018 Маданият
3382 0

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан жорий йилда қарийб ўттизга яқин фильмнинг яратиш ишлари бошлаб юборилган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.  

Жумладан, биринчи чоракда давлат буюртмасига асосан республикада 11 та бадиий ва шунча ҳужжатли ҳамда илмий-оммабоп картиналарни суратга олиш, бешта мультфильмни яратишга киришилган. Шунингдек, “Зумраша” болалар юмористик журналининг иккита тўплами бўйича ишлар бошланган.

Айни пайтда хусусий киностудиялардан 30 та бадиий, 25 та ҳужжатли ва 8 та мультфильм сценарийси тақдим этилган. Шу пайтгача бадиий кенгаш беш бор йиғилган.

Ўзбекистон кинематографистлари уюшмаси томонидан 19 та кинотасма кўриб чиқилиб, мамлакат кинотеатрларида уларнинг иккитасини намойиш этиш тавсия қилинмаган. Яна иккита фильмни яхшилаш бўйича амалий тавсиялар берилган.

Ўзбек кинематографиясида яна бир кутилаётган фильм Акром Шоҳназаровнинг “101-рейс” картинасидир. Мазкур ижод маҳсули реал воқеаларга асосланган бўлиб, унда 2001 йил 11 сентябрида АҚШда содир этилган террорчилик ҳаракати пайтида мазкур мамлакат ҳаво бўшлиғида бўлган ва бортида 180 кишини олиб кетаётган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига тегишли самолёт тарихи ҳақида ҳикоя қилинади. Яна бир тайёрланаётган лойиҳа эса “Барон - 2”дир. Бу 2016 йилда премьера қилинган ва катта шов-шув бўлган ўзбек жангари фильмининг давомидир. Ўшанда унда хорижлик актёрлар ҳам суратга тушганди.

Ёш мухлислар учун эса “Матизнинг саргузаштлари” анимацион киносининг олтита қисми тугалланди. У уч ва ундан катта ёшдаги болалар учун мўлжалланган.
Шунингдек, “Кенжа ботир” мультфильмининг иккинчи қисми суратга олинди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда ҳар сафар май ойи охирида бўлиб ўтадиган Халқаро Канн кинофестивалида Ўзбекистон фильмлари ҳам иштирок этади. Айни пайтда “Ўзбеккино” Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан шу бўйича тайёргарлик ишларини олиб бораяпти. 


 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер