1 октябрдан бошлаб барча ҳудудда IT-техникумлар фаолияти йўлга қўйилади

21:09 10 Сентябр 2021 Сиёсат
998 0

Иллюстратив фото

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида IT соҳасида кадрлар тайёрлаш, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактабларида таълим сифатини юксалтириш бўйича муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Йиғилишда қарор асосида бугунги кунда ҳар бир ҳудудда жами 100 та ихтисослаштирилган IT-мактаб фаолияти йўлга қўйилгани, келгуси икки йилда уларнинг сони 205 тага етказилиб, 30 мингдан зиёд ўқувчилар рақамли технологияларга чуқурлашган ҳолда ўқитилиши таъкидланди.

Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда ушбу мактабларнинг педагоглари таркиби, компьютер синфи ва ўқув дастури билан таъминланганини ўрганиб, ҳар бир мактаб кесимида режа тасдиқлаш топшириғи берилди.

Қайд этилганидек, жорий йил 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу таълим даргоҳларида дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги, телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчилар таҳсил олади. Ҳозирги кунга қадар Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 7 та техникум фаолиятини бошлашга тайёр.

Лекин Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғонада техникумлар биносини таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари бошланмаган.

Вилоят ҳокимларига 1 октябрга қадар техникумларда педагоглар таркиби ва моддий таъминот масалаларини ҳал қилиб, уларни тўлиқ ишга тушириш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?