1 июнь — Ўзбекистон халқ шоири, атоқли адиб Анвар Обиджон ижодиёти куни

16:56 31 Май 2021 Маданият
717 0

Ўзбек болалар адабиётининг ёрқин намояндаси, Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон ўзининг серқирра ижодий фаолияти давомида катталар ва болалар учун салмоқли асарлар яратган. Хилма-хил жанрларда қиссалар, шеърлар, достонлар, ҳикоялар, пьесалар ёзган.

Айниқса, болалар адабиётини янги босқичга кўтарган туркум асарлари адабиётшунослар, олимлар ва адабий танқидчилар томонидан бир неча бор таҳлил қилиниб, ижобий эътироф этилган. Шоир асарлари бир неча бошқа тилларга ҳам таржима қилиниб, жаҳон адабиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бир-бирини такрорламайдиган қатор китоблари омма орасида севиб мутолаа қилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон вафотидан кейин, адиб номини абадийлаштириш мақсадида Олтиариқ туман Ахборот-кутубхона марказига қарашли «Халқ кутубхонаси»га Анвар Обиджон номи берилди. Файзиобод қишлоғида Анвар Обиджон номидаги янги хусусий мактаб иш бошлади. Полосон қишлоғида «Анвар Обиджон гузари» қад ростлади.

Кеча Олтиариқ туман марказий ўйингоҳида шоир ижодига бағишлаб ўтказилган «Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал» шиори остидаги тадбирда туман ҳокими Холмирза Ниёзов шоир туғилиб ўсган кўчага Анвар Обиджон номини бериш тўғрисидаги таклифни илгари сурди.

Шунингдек, туман ҳокими «1 июнь — Ўзбекистон Халқ шоири, атоқли адиб Анвар Обиджон ижодиёти куни» деб эълон қилди. Бу ҳам туманда шоир ижодини янада оммалаштириш ва муносиб издошларининг камол топишига хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?