1 апрелдан ишлаб чиқарувчилар ўлчовли ёмбиларнинг нархини мустақил белгилайди

00:28 24 Февраль 2021 Ҳужжатлар
761 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси механик (зарб) ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этилади. Бунда заргарлик буюмларига лазер усуллари ёрдамида туширилган шахсий тамғанинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш ишлаб чиқарувчининг зиммасига юкланади;

б) заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси билан тамғалаш усули заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил белгиланади;

в) аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилади. Бунда, ёмбиларни сотиш нархи ҳисоб-китоб амалга оширилган санадаги Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархи ва Марказий банкнинг курсидан кам бўлмаган миқдорда ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил белгиланади;

г) қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади;

д) қуйидаги ҳолларда қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ бўлган операцияларни амалга оширувчи шахслар томонидан мижозни, унинг вакилини ва бенефициар мулкдорни текшириш (улардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, таъсис ҳужжатлари ва бошқа маълумотларни сўраб олиш) талаб этилмайди:

нақд пулда ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилганда операциянинг умумий суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваридан ошмаган тақдирда;

операциянинг умумий суммасидан қатъи назарўзаро ҳисоб-китоб нақд пулсиз ва жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?