Сўх тумани: иккинчи сектор – осойишта ҳудуд

17:45 22 Сентябр 2021 Жамият
344 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Халқ сўзи"

Фарғона вилоятининг анклав ҳудудида жойлашган Сўх тумани аҳли учун ҳамиша давлатимизнинг юксак эътибор ва ғамхўрлигини ҳис қилиб яшаш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада тумандаги тўртта сектор, хусусан, иккинчи сектор ташаббуси билан амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар каттаю кичик сўхликларга бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаш, эртанги кун истиқболига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги табиати сўлим, самимий ва меҳмондўст Сўхда катта тантана сифатида нишонланди. Байрам шукуҳи туманнинг пурвиқор тоғлари этагида жойлашган асрларни қаритган қадимий қишлоқларида яққол намоён бўлиб, ҳар бир оила, инсон қалбига олам-олам қувонч улашди.

Байрам арафасида халқимизга хос эзгу фазилатлар асосида иккинчи сектор ташаббуси билан меҳр-мурувват тадбирлари ҳам ташкил этилди. Бундай тадбирлар доирасида туманнинг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларига алоҳида меҳр кўрсатилди (фотолавҳа).

Сўх тумани прокурори, иккинчи сектор раҳбари Садирали Мирзокаримов ташаббуси билан 30 нафар болажонларнинг суннат тўйи ўтказилди. Замонавий мактабгача таълим ташкилотида уюштирилган байрам тадбирида тумандаги тўртта сектор раҳбарлари, туман фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, тўй болаларнинг оила аъзолари ва яқинлари иштирок этди. Маросимда сўзга чиққанлар томонидан тўртта сектор, бевосита иккинчи сектор томонидан олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳаётбахш ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Унутилмас таассуротлар билан ўтган тадбирда қадрдон куй-қўшиқлар жаранг сочиб, барчани шодон даврага чорлади. Эзгу анъанага кўра, болажонларнинг оналарига тўй сарполари ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Тўй болаларга эса кийим-кечаклар, велосипедлар совға қилинди.

Таъкидлаш ўринлики, жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида Сўх туман прокуратураси томонидан Президентнинг 2019 йил 8 январь кунги  “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Сўх тумани иккинчи сектори раҳбари томонидан ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда “маҳаллабай” иш ташкил этилиб, қолаверса, жойларда сайёр учрашувлар ўтказиш орқали аҳолини қийнаётган муаммолар бартараф этиляпти.

Шу йилнинг саккиз ойида амалга оширилган ишлар натижасида 1520 нафар мурожаатчи, 126 та юридик шахснинг муаммолари ҳал этилиб, 14 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди. Иккинчи секторда 4466 та хонадон мавжуд бўлиб, ҳисобот даврида 1480 та хонадонга уйма-уй кирилиб, аниқланган 270 та муаммонинг барчаси  ижобий ҳал этилишига эришилди.

Прокурор томонидан ўтказилган 32 та сайёр қабулларда 75 нафар фуқаронинг муаммолари эшитилди, 46 таси жойида ижобий ҳал этилди. Хусусан, 24 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 5 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди, 15 нафарга яқин фуқарога моддий ёрдам, ногиронлик арвачаси ва бепул  дори-дармон берилди. Ёшлар билан ўтказилган учрашувларда 40 дан ортиқ муаммо ва масалалар ижобий ҳал этилишига кўмаклашилди.

Айни жараёнда 12 нафар ёшлар ишга жойлаштирилиб, 20 нафарига тадбиркорлик учун кредит ажратилиши ҳамда 5 нафарига моддий ёрдам берилиши таъминланди. Бевосита хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш мақсадида ўтказилган юзма-юз мулоқотлар туфайли 30 нафарга яқин аёлларга турли масалаларда амалий ёрдам берилди.

Тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар туманда ушбу соҳа фаолияти жадал ривожланишига хизмат қилмоқда. Бу борадаги ишлар қамровини янада кенгайтириш мақсадида ўтган саккиз ойда 50 нафардан зиёд тадбиркорни қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топилди. Тушунтириш-тарғибот ишлари, ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши натижасида 36 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 115 та янги иш ўринлари яратилди.

Мурожаатларга асосан 1та сув минораси ҳамда сув насоси таъмирланиб, 250 та хонадонни ичимлик суви билан боғлиқ муаммолари бартараф этилди. 5 та кўчага  шағал  ётқизилиб, 4800 метрга яқин ички йўллар текисланди. Эскирган 125 та симёғочлар таянч бетон устунларга алмаштирилиб, 950 метрдан ортиқ янги электр тармоғи тортилди, 3 та таъмирталаб ТП ва ГРПлар таъмирланди.

Иккинчи сектор ҳудудида “Темир дафтар”га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш учун 912 та эҳтиёжманд оилада яшовчи 865 нафар меҳнатга лаёқатли инсонлар бандлиги таъминланди, 813,3 млн.сўмлик ёрдам кўрсатилди, натижада бугунги кун ҳолатига 840 та хонадон  “Темир дафтар”дан чиқарилди.  Сектор штаби ишчи гуруҳи томонидан “Ёшлар дафтари” киритилган 973 нафар навқирон авлоднинг 97 фоизи ушбу рўйхатдан чиқарилишига муваффақ бўлинди. “Ёшлар саноат зонаси” ташкил этиш орқали Ҳазрати Али маҳалласи ҳудудидаги қишлоқ ҳужалигида фойдаланмайдиган, 3 га ер майдонида 36 та тадбиркорлар томонидан 40 та 9,5 млрд. сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш бошланган бўлиб, 200 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Иккинчи сектор бўйича 520 нафар оила бекалари “Аёллар дафтари” га киритилиб, шу кунгача 150 нафари доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, 77 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёллар, 57 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёллар, 1 нафар қармоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларга 500 минг сўмдан  67 млн. 500 минг сўм нақд пул маблағи берилди.

Бундан ташқари, 29 нафар тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепул дори-дармонлар билан таъминланди. 95 нафар аёлларга ҳуқуқий ёрдам, 92 нафарига малакали ўқитувчилар жалб қилиниб психологик маслаҳат ва ёрдамлар кўрсатилган бўлса, 9 нафар уй-жойи таъмирлашга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлиги бўлганларнинг уйи таъмирланди.

Аҳолига уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этишга қаратилган аниқ мақсадли тадбирлар ҳам доимий эътиборда. Ҳсобот даврида табиий газ таъминоти қониқарсиз ҳудудлардаги 1282 та хонадонга суюлтирилган газ балони тарқатилди. Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида  6 та трансформатор жорий таъмирдан чиқарилди, 225 та бетон электр таянчи ўрнатилди, 126 та носоз ҳолатга келиб қолган кўча чироғи алмаштирилди, натижада 1850 та хонадоннинг электр энергияси билан боғлиқ муаммолари ҳал қилинди.

 

"Халқ сўзи"

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?