ДСҚ солиқ тизими ходимлари даромадлари ва активларини мажбурий декларациялашни таклиф этмоқда

20:40 05 Май 2021 Иқтисодиёт
1351 0

Давлат солиқ қўмитаси солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳар йили даромадлари ва эгалигида бўлган активлар тўғрисида декларация тақдим этиш бўйича мажбурий талабни белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Лойиҳада давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари 2020 йилда олган даромадлари ва эгалигида бўлган активлари тўғрисида 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳамда келгуси йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелга қадар декларация тақдим этиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунига давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари зиммасига декларация топшириш талабини юклаш ва ушбу талабга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади.

Эндиликда давлат солиқ хизмати органининг ҳар бир ходими кўчар ва кўчмас мулклари, бошқа активлари, шунингдек ҳисобот йилида олган даромадлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда декларация тақдим этиши шарт бўлади.

Декларацияларни қайта ишлаш натижасида олинган ахборотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, жамоатчилик учун очиқ ҳолда махсус ochiq.soliq uz веб-сайтига жойлаштириш таклиф этилмоқда.

Масалан, кўчмас мулк бўйича объектнинг тури, умумий майдони ва объектнинг жойлашуви тўғрисидаги маълумотлар мажбурий равишда кўрсатилиши шарт. Автомобиллар ҳақидаги маълумотларда автомашина русуми, модели ва ишлаб чиқарилган йили акс эттирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?