«Тримол» ишлаб чиқарувчилари «ТУРМОЛ» ишлаб чиқарувчилар устидан шикоят қилди

15:54 07 Январь 2021 Жамият
1033 0

Ижтимоий тармоқларда барчага таниш бўлган «Тримол» дори воситасининг умумий кўриниши ва номидан фойдаланиб «Турмол» таблеткаларини ишлаб чиқараётган наманганлик «уддабурон тадбиркор» ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Интеллектуал мулк агентлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, «Тримол» дори воситасини ишлаб чиқараётган Ҳиндистоннинг “AJANTA PHARMA LIMITED” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан ўзларининг товар белгиси билан ўхшаш ҳамда истеъмолчини чалғишига сабаб бўлувчи товар белгисидан фойдаланиб қонунга хилоф равишда ишлаб чиқараётган "MERRYMED FARM" МЧЖга ҳуқуқий чора кўриш учун  агентликка мурожаат қилган.

Агентлик эса мурожаатга асосан ҳолат бўйича ишни ўрганиб, Маъмурий судга баённома киритди. Натижада "MERRYMED FARM" МЧЖга БҲМ 3 баравари миқдорида яъни 669.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

«Тадбиркор белгиланган жарима суммасини тўлаб яна ишини давом эттириши мумкин ёки товар белгисидан фойдаланиб аллақачон ўз фойдасини қилиб олганку деган ҳар хил эътирозлар бўлиши мумкин. Бу борада «Тримол» дори воситасини ишлаб чиқарган компания иккинчи тарафни етказилган моддий зарарни ундириш бўйича судга берса ва бунинг натижасида йирик миқдорда жарима ундирилса, ўшандагина бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мумкин.

Аслида қароқчи тадбиркорлик фаолиятининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш учун БҲМ 3 баравари миқдорида жарима жазоси бу ечим эмас. Бу борада аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда ўзганинг товар белгисидан ноқонуний фойдаланган тадбиркорларга нисбатан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Сабаби Интеллектуал мулк агентлигига ўз ҳуқуқлари бузилаётган тадбиркорлар мурожаат қилишмаса, Агентлик бу борада ҳеч қандай чора кўра олмайди. Чунки тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш агентлик ваколатига кирмайди», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?