Депутатлар “Менинг фикрим” орқали келиб тушган таклифни илк марта кўриб чиқди

19:10 30 Июль 2018 Жамият
4720 0
Фото: Скриншот/ "Халқ сўзи"

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Mening fikrim” веб-портали орқали келиб тушган жамоавий мурожаатни биринчи марта кўриб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, порталда жорий йилнинг июнь ойида фуқаро Н.Макаренко томонидан “Қишлоқ ва шаҳар ҳудудларида дарахтларни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ этиш тўғрисида”ги электрон жамоавий мурожаати жойлаштирилган бўлиб, у Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан тасдиқланган Низом талаблари асосида 10 минг овоз тўплагандан сўнг, кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритилди.

Мазкур мурожаатда қишлоқ ва шаҳарларда дарахтларни ноқонуний кесишнинг олдини олиш, кесишга рухсатномалар бериш тартибини такомиллаштириш, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жавобгарликни кучайтириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, агротехник тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ таклифлар билдирилган.

Маълумотларга қараганда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослашган инспекцияси томонидан биргина Тошкент шаҳри бўйича 2018 йил олти ойи давомида 95 нафар шахсга нисбатан дарахтларни ноқонуний кесганлик учун 17 миллион сўмдан ортиқ жарималар солинган, 62 та ҳолат юзасидан 10 миллион сўмдан зиёд жарималар ундирилган, 86ҳолат бўйича 930 миллион сўмдан кўпроқ ўсимлик дунёсига етказилган зарар аниқланган.

Мазкур жамоавий мурожаат белгиланган тартибда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик, идоралар вакиллари ҳамда экспертларни жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилди.

“Mening fikrim” веб-порталида кўтарилган ушбу масала илк бор мамлакатимиз парламенти — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2018 йил 27 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлиси кун тартибига ҳам киритилиб, депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди.

Жамоавий мурожаатни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси унда кўтарилган масалаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тегишли қарор қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар қаторида фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрини билдириши учун Интернет тармоғида “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-портал ташкил этиш, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш, бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашларида албатта кўриб чиқиш тартибини жорий этиш таклифи билдирилган эди.

Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2018 йил 2 апрелдаги қўшма қарори билан “Менинг фикрим” веб-портали ишга туширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер