Қозоғистонда парранда гриппи тарқалмоқда. Бу одамлар учун хавфлими?

13:13 17 Сентябр 2020 Дунё
457 0

Қозоғистоннинг Шимолий Қозоғистон вилоятида парранда гриппи тарқалиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмоқда. Мазкур давлат паррандачилар иттифоқи президенти Руслан Шариповнинг айтишича, ушбу касаллик инсон учун хавфли эмас. Бу ҳақда Спутник манбаси хабар берди.

"Бу H5N1 штамми, — дейди Р.Шарипов. — Инсон учун хавф йўқ, патогенлиги юқори даражада эмас, 40-50 градусда йўқ бўлади. Тўғри, биринчи марта мазкур вирус Хитойда тарқалганда, одамларга юқиши ҳолатлари бўлган, аммо ҳозир бундай хатар йўқ".

Мутахассиснинг айтишича, ушбу грипп ёввойи қушларнинг Қозоғистон кўлларига қўниб ўтиши оқибатида келиб чиқади, чунки сув ҳавзалари яқинидаги аҳоли боқадиган уй паррандаларига вирус юқади.

«Бу вақтинчалик ҳолат, — дейди у. — Совуқ тушиши билан қушлар учиб кетади. Бизга бу асосан Россиядан кириб келади. Хабарингиз бор, Челябинск, Омск ва Курган вилоятларида қуш гриппи тарқалганига икки-уч ой бўлди. Омск вилоятидаги Иртиш паррандачилик фабрикасида 1,5 млн.та тухум берадиган товуқлар йўқ қилинган. Биздаги барча парранда фабрикалари нормал ҳолатда ишлаяпти».

«Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гриппи тарқалишини тўхтатиш учун барча зарур чораларни кўряпти, вакцинация, дезинфекция, касал паррандаларни йўқ қилиш ишлари олиб борилмоқда», — деган Р.Шарипов.

Маълум бўлишича, шу кунларда Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи тарқалган ҳудудлар дезинфекция қилиняпти, нобуд бўлган ҳайвонлар таналари йўқ қилинмоқда, вакциналар етказиб берилаётир. Шунингдек, у ерлардан паррандачилик ва шунга турдош маҳсулотларни чиқариш тақиқланган.

Ўз навбатида мамлакат мазкур ҳолат бўйича Жаҳон ҳайвонлар соғлигини сақлаш ташкилотини хабардор этган.

Айни чоғда Россия билан чегарадош ҳудудлар учун қуш гриппига қарши қўлланиладиган 873 минг доза дори воситалари ажратилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?