Жиззахда мактаб ўқувчиси дарс вақтида тўсатдан вафот этди

12:19 17 Сентябр 2020 Жамият
568 0

Иллюстратив фото

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 9-«В» синф ўқувчиси Шаҳноза Саъдуллаева жорий ўқув йилининг дастлабки куни дарс вақтида тўсатдан вафот этди.

— Учинчи соат дарси бошланган вақтида кечикиб бўлса-да янги ўқув йили бошлангани билан барча табриклаб чиқдик, уларнинг ўқишларига омад тиладик ва ўтган ўқув йилида информатика дарсида ўтилган мавзуларни эсда сақлаш учун такрорладик ва янги мавзуни бошладик, —дейди шу мактабнинг информатика ўқитувчиси Дилдора Худойбердиева. — Ўтилаётган дарс вақтида марҳум ўқувчимиз актив қатнашмади, бироқ мавзуга доир топшириқларни дафтарига қайд қилиб борди. Дарс тугашига 15 дақиқалар қолганда ўқувчимизнинг боши бир томонга озроқ қийшайганини кўриб қолдим ва ёнига югуриб борсам, ҳушини йўқотган экан. Ўқувчиларни синфдан чақириб, ҳамширага югуртирдим ва бирга дарс ўтаётган шерик ўқитувчи билан Шаҳнозага бирламчи ёрдам беришга шошилдик.

— Шу куни мактабга биринчи бор келган 1-синф ўқувчиларини эмлаш ва ўқишнинг дастлабки куни бўлгани учун биз ҳам шу ерда эдик, — дейди «Ҳаваслик» қишлоқ врачлик пункти шифокори Шаҳбоз Усмонов. – Ўқувчи қизни кўришим билан бирламчи ҳаётлик белгилари бўлмаса-да, унга ўпка-юрак реанимациясини амалга оширдим. 15 дақиқалик уринишларимга қарамай беморда ҳаётлик белгилари тикланмади. Дастлаб биринчи ёрдам сифатида ўқитувчилар Шаҳнозага ташқи юрак массажи ва сунъий нафас беришган ва ҳаётга қайтаришга уринишган.

Мактаб директори ўринбосари Дилноза Ҳатамованинг сўзларига кўра, ўша куни мактабга келган ўқувчи соғлом бўлган, мактабга киришда тана ҳароратини ўлчатган, дезинфекция воситаларидан фойдаланиб дарсга кириб кетган.

Айни вақтда мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда.

Толибжон ЭРГАШEВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?