Одил судлов:инсон ҳуқуқларини қўшимча кафолатловчи навбатдаги муҳим ҳужжат

22:11 26 Июль 2020 Сиёсат
1951 0

«Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!»

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият. Уларнинг амалда таъминланиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиниши ҳамда бузилган ҳуқуқларининг тикланиши бевосита суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатли ва холис қарор қабул қилиши билан баҳоланади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Юртимизда ушбу соҳани ривожлантириш йўлида барча чоралар кўрилиб, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, ҳақиқий одил судловни амалга ошириш ва пировардида инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ижобий натижаларга эришиляпти.

Ютуқлар ўзимизники, албатта. Бугун эришилган ютуқларни эмас, тизимдаги муаммоларни таҳлил қилиб, уларнинг ечимини излаш ҳақида ўйлайдиган замонда яшаяпмиз. Чунки вақт бизни кутиб ўтирмайди.

Дўппини бошдан олиб, чуқурроқ мулоҳаза юритадиган бўлсак, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳануз бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётгани, суд қарорларини қайта кўришдаги бир-бирини такрорловчи амалиётлар, тортишув принципининг етарлича таъминланмаётгани, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши талаб даражасида эмаслиги, прокурорларнинг суддаги иштирокида баъзи ваколатларнинг сақланиб қолгани яққол кўзга ташланади. Буларнинг барчаси суд тўғрисидаги қонунчиликни замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни, янгича ёндашувлар асосида иш юритишни талаб этмоқда.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузига эътибор қаратадиган бўлсак, унинг ўрни тегишли халқаро рейтингларда пастлигича қолмоқда. Қонун устуворлиги индекси бўйича — 92 ўрин, шундан «Фуқаролик одил судлов» индикатори — 72, «Жиноий одил судлов» индикатори — 66 ўринда эканлиги суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш лозимлигининг яна бир исботидир.

Президентимизнинг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони юқорида тилга олинган муаммоларни ҳал этишга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Мазкур Фармон билан судларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига бир қатор ўзгартиришлар киритилди, хорижий мамлакатлар тажрибасида ўзини оқлаган янги институтлар жорий этилиши белгиланди, судларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш, улар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда суд аппарати ходимларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташкилий ўзгаришлар суд фаолиятидан халқимизни рози қилишга қаратилган

Хўш, Фармоннинг қабул қилиниши натижасида оддий фуқаро, халқнинг ҳаётида қандай ўзгариш юз беради? Фуқароларга қандай енгилликлар яратилади, одил судлов таъминланадими, судларнинг чинакам мустақиллигига эришиладими?

Мазкур саволларга тўлақонли жавоб бериш мақсадида Фармон билан белгиланган қатор ўзгаришларни таҳлилий кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Хусусан, ҳужжатни учта асосий ўзаро боғлиқ бўлган жиҳатлар билан изоҳлаш мумкин. Аввало, бу судлар фаолиятининг очиқлиги, унинг ошкоралиги ва шаффофлигини кучайтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг адолатли, холис бўлиши ҳамда пировардида судларга нисбатан ишончни ошириш орқали халқнинг, фуқароларнинг суддан рози бўлишига эришиш ҳисобланади.

Биринчидан, суд тизимининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини замон талаблари ва халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Хусусан, бугунги кунда вилоятларда фуқаролик, иқтисодий, жиноят ишлари бўйича судларнинг тузилмавий жиҳатидан алоҳида-алоҳида фаолият юритиши амалиётда муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Судларнинг тарқоқ бўлганлиги фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишига, суд ишлари бўйича ягона амалиётнинг шаклланмаслигига сабаб бўлмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан ўз эътирозларини билдирган.

Бундан ташқари, судлар аппаратларидаги ёрдамчи ходимларга ҳақ тўлаш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун бюджет маблағларини ортиқча сарфланишига олиб келмоқда, шунингдек, ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши илғор хорижий амалиётга тўла мувофиқ, деб бўлмайди.

Масалан, Францийа, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларус ва бошқа давлатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади. Шундай экан, бугунги куннинг талаби суд тизимини оптималлаштириш орқали судларнинг фуқаролар учун очиқлигини таъминлашдир.

Қабул қилинган фармон асосида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад ягона суд амалиётини шакллантириш ва шу орқали фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсонгарчиликларига чек қўйиш ҳисобланади.

Иккинчидан, бугунги кунда маъмурий судлар фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган.

Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан 2019 йилдан шу кунга қадар 2 мингдан ортиқ ҳоким қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган. Шуни айтиш лозимки, амалдаги маъмурий судлар фаолиятида қатор ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Масалан, туман миқёсида маъмурий судлар, шу туман ҳудудидаги маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликлар мавжуд.

Оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш ваколати ҳам юклатилган. Бу ишлар табиатига кўра жиноят ишларига яқин бўлиб, иш ҳажмининг асосий қисмини айнан шундай ишлар ташкил қилаётганлиги маъмурий судларни ташкил этишдан кўзланган мақсадга эришишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Эътибор беринг, жорий йил 6 ойида 183 минг, 2019 йилда 412 минг маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилган бўлиб, оммавий ҳуқуқий низолар эса умумий ишларнинг атиги 4 фоизини ташкил этяпти.

Шундан келиб чиқиб, Фармон билан 2021 йил 1 январидан Ўзбекистонда маъмурий одил судлов тизими ташкил этилади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади, мавжуд маъмурий судлар мақбуллаштирилиб, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларнинг жиноят судларига олиб берилиши маъмурий судларнинг иш ҳажмини камайтириш орқали давлат органларининг хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Учинчидан, жиноят процессуал қонунчилигида мутлақо янги институт, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш жорий этилмоқда. Бунинг зарурати нимада, деган саволга жавоб беришдан олдин рақамларга эътибор бериш ўринли.

Мисол учун, 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг сарсон бўлиши, муддатларнинг асоссиз равишда чўзилиши натижада фуқароларнинг судларга нисбатан ишончсизлигини ортишига сабаб бўлмоқда.

Жиноят судларида дастлабки эшитув босқичини жорий этиш дастлабки тергов органлари томонидан йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, ишни суд жараёнига қабул қилишда томонларнинг тенг иштирокини таъминлаш орқали уларнинг важларини янада мустаҳкамлаш ва асослаш имкониятини яратади. Дастлабки эшитув институти нафақат англо-саксон (АҚШ, Буюк Британия ва ҳ.қ.) балки, романо-герман суд тизимида (Германия, Францийа ва ҳ.к), шу жумладан, МДҲ мамлакатларида (Россия, Қозоғистон ва ҳ.к.) ҳам жорий этилган.

Суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлашда тўсиқ бўлиб турган ҳолатлардан бири – бу суд қарорлари устидан шикоят келтириш ҳуқуқини берувчи назорат инстанциясининг мавжудлигидир. Бу инстанциянинг мавжудлиги БМТнинг махсус маърузачиси Д. Гарция-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилотининг вакиллари ва бошқа экспертлар томонидан танқид остига олган. Ушбу институт совет тузумидан қолган бўлиб, аксарият МДҲ давлатларида бекор қилинган (Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, бундан ташқари, Германия, АҚШ, Францийа, Латвия ва бошқаларда ҳам).

Шунга кўра, Фармон билан суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи 2021 йил 1 январидан бекор қилинади. Бу эса судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олишга қаратилган муҳим қадамдир.

«Бир инстация — бир суд» тамойили татбиқ қилинади

Ҳозирги кунда вилоят судлари 3 та (биринчи, апелляция ва кассация) инстанцияда ишларни кўриб чиқади. 2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинган.

Эндиликда бир суднинг ўзида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар, шу суднинг ўзида кейинги инстанция сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилади ва суд қарорлари устидан шикоят беришнинг янги тартиби жорий этилмоқда.

Биринчи, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш.

Иккинчи, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш.

Натижада ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилишига олиб келади.

Суд мустақиллигини таъминлаш чоралари кучайтирилади

Мамлакатимизда судларнинг мустақиллиги, тергов ва прокуратура органлари ва бошқа таъсирлардан холилиги уларнинг ҳокимиятнинг алоҳида бўғини сифатида мавқеини оширишга хизмат қилади.

Афсуски, ҳозирда суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилувчи қуйидаги салбий омиллар сақланиб қоляпти.

Биринчидан, қонунчиликда прокурор судда айбловдан воз кечган тақдирда судья қандай қарор қабул қилиши кераклиги белгиланмаган.

Иккинчидан, прокурор иштироки шарт бўлмаган фуқаролар ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар кўрилишида танлов асосида қатнашиб, тарафлар ёки судга босим ўтказиши мумкинлиги истисно этилмайди.

Учинчидан, прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиниши тарафларнинг тенглиги тамойили бузилишига ва турли суиистеъмолликларга олиб келиши мумкин. Шунга биноан, прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартибини илғор халқаро стандартларга мослаштириш зарурати мавжуд.

Айнан шунинг учун Фармон асосида прокурорнинг қатор ваколатларига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан:

— давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

— прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

— қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш тартиби жорий этилади.

Булар эса жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Мустақил суд ҳокимияти ҳақида сўз юритар эканмиз, бу борада судлар ва судьяларнинг моддий-маиший таъминоти муҳим ўрин тутишини қайд этиш лозим. Бу борада ҳам айрим муаммоли ҳолатлар мавжуд.

Масалан, ҳозирги пайтда судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти бюджетдан ташқари Суд ҳокимияти органлари фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бундай тартиб, судьялар томонидан ишларни мустақил ва холис кўриб чиқилишига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, халқаро стандартларга жавоб бермайди.

Фармон билан суд тизими судьялари ва ходимларининг моддий таъминотини молиялаштиришни тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилиши тартиби жорий этилиши ҳамда уларнинг иш ҳақлари миқдорларини оширилиши назарда тутилган.

Инвестор ҳуқуқларининг ишончли кафолати яратилади

Юртимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бугунги кундаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, сармоя киритаётган инвестор, биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради.

Шундай экан, бугунги кунда инвесторнинг ҳуқуқлари ҳам тўлиқ кафолатланган, дея олмаймиз. Масалан, 2019 йилнинг ўзида иқтисодий судлар томонидан чет эл инвесторлари билан боғлиқ 3 мингга яқин, рақобатга оид 30 дан ортиқ ишлар кўрилган. Бу инвесторларнинг ҳуқуқларини суд ҳимоясининг самарали тизими яратилишини тақозо этмоқда.

Қабул қилинган ҳужжат асосида қонунчиликда янги судлов тизими — Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш белгиланди. Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати белгиланди.

Инвестициявий таркибнинг ташкил этилиши инвесторлар низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида ойлаб сарсон бўлишларининг олдини олади ва уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди. Шу билан инвесторларнинг одил судловга ишончини кучайтириш орқали республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ортишига хизмат қилади. Хорижий мамлакатлар мисолида бу амалиёт қўшни давлат — Қозоғистон Олий судида ташкил этилган инвестициявий таркибини фаолиятида ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Шундай экан, хусусий мулк ҳуқуқи қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши таъминланади.

Энди яна бир масалага эътибор қаратиш лозим. Фармоннинг қабул қилиниши миллий ҳуқуқ мактаби, ҳуқуқшунослар, илмий жамоа, амалиётчилар ва суд-тергов органи ходимлар учун катта масъулият юклайди. Унинг моҳиятини тушуниш ва тўғри татбиқ этиш, ижросини амалда таъминлаш учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, суд корпуси вакиллари учун алоҳида семинар-тренинглар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Мазкур курсларда суд-тергов органлари малакасини ошириш билан бирга, янги тартиб-таомилларни қўллаш кўникмасини шакллантиришга эришилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон орқали суд тизимида кўплаб ижобий ўзгаришлар юз беради — туман маъмурий судлари ўрнига туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади, вилоятларнинг барча судлари умумюрисдикция судлари бўлиб бирлашади, дастлабки эшитув институти жорий этилади, прокурорларнинг айрим ваколатлари олиб ташланади, судлар мустақиллиги кафолатлари кучайтирилади, уларнинг моддий таъминланганлик даражаси ортади. Буларнинг барчаси пировардида Ўзбекистонда одил судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини қўшимча кафолатлаш, судлар фаолиятидан халқимизни рози қилиш мақсадларига хизмат қилади.

Раҳимжон ҲАКИМОВ,
Тошкент давлат юридик университети ректори,
юридик фанлар доктори.

 

P/s. Фармон ижроси доирасида:

  • Ўзбекистонда маъмурий одил судлов тизими ташкил этилади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилади;
  • суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи 2021 йил 1 январидан бекор қилинади;
  • «Бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилади;
  • Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилади;
  • Жиноят процессида дастлабки эшитув институти татбиқ қилинади;
  • прокурорларнинг айрим ваколатлари чиқариб ташланади;
  • судларнинг ахборот-коммуникация фаолияти такомиллаштирилади, уларнинг моддий таъминланганлик даражаси ортади.

Натижада Ўзбекистонда одил судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини қўшимча кафолатлаш ва судлар фаолиятидан халқимизни рози қилиш мақсадларига эришилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?