«Қўрқоқлик ҳаракати ва вазиятнинг хавфли ривожланиши» — халқаро ҳамжамият Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишини кескин қораламоқда
ФОТО: aljazeera.com
Аввал хабар берганимиздек, бугун ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Эрон пойтахти Теҳронда ўлдирилди. Ҳания сешанба куни президент Масъуд Пезешкиённинг инаугурацияси маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди. Унинг қўриқчиларига кўра, Ҳания жойлашган бинога зарба берилган.
Гуруҳ ўз баёнотида ушбу ҳаракат учун Исроилни айблади ва бу ҳужумни сионистлар босқини, деб билишини қайд этди.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳам Ҳаниянинг ўлдирилгани ва у билан бир нафар тан соқчи ҳалок бўлганини маълум қилди. Аммо қўшимча тафсилотлар очиқланмаган, ҳолат ўрганилаётгани билдирилган.
Ҳания 2019 йилда Ғазо секторини тарк этганди ва айни пайтда Қатарда яшаб келаётганди. Аммо унинг ўлими ғазоликлар учун қайғули ҳисобланади. Чунки у ўт очишни тўхтатишга олиб келувчи келишувларда муҳим рол ўйнар эди. Ҳаниянинг ўзи ҳам қочқинлар лагерида ўсган. 1948 йилда Фаластин ҳудудидан кўчирилган оилаларнинг авлодларидан бири ҳисобланади.
Таҳлилчилар етакчининг ўлдирилиши можаронинг янада кескинлашишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Бунинг устига кеча Ливанда содир бўлган воқеа ҳам вазиятни кескинлаштиради.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос суиқасдни кескин қоралаб, «қўрқоқлик ҳаракати ва вазиятнинг хавфли ривожланиши» дея изоҳлаган. Президент, шунингдек, фаластинликларни бирлашишга, Исроил ишғолига қарши сабрли ҳамда собит бўлишга чақирди.
Ўз навбатида, ҲАМАС вакилига кўра, ҲАМАС бу шахслар эмас институтдир. Ҳаракат қурбонликларга қарамасдан бу йўлда давом этади.
«Биз воқеадан жуда хавотирдамиз ва қатъиян қаршимиз, суиқасдни қоралаймиз», деди ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Жиан. Унинг қўшимча қилишича, Ғазо имкон қадар тезроқ кенг қамровли ва доимий ўт очишни тўхтатишга эришиши керак.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богдановга кўра, бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган сиёсий қотиллик ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келади.
Яман Ҳусийлар Олий Инқилобий Қўмитаси ушбу ҳаракатни кескин қоралади.
«Исмоил Ҳанияни нишонга олиш жирканч террорчилик жинояти ҳамда қонунлар ва идеал қадриятларни қўпол равишда бузишдир», дейди унинг раҳбари Муҳаммад Али ал-Ҳутий.
«Нетаньяҳу ҳукумати тинчликка эришиш нияти йўқлигини яна бир бор кўрсатади. Халқаро ҳамжамият Исроилни тўхтатиш учун чора кўрмаса, минтақа янада йирик можароларга дуч келади», дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
«Бу дунёни ифлосликдан тозалашнинг тўғри йўлидир. Энди хаёлий тинчлик ёки таслим бўлиш келишувлари йўқ. Бошқа раҳм-шафқат йўқ. Ҳаниянинг ўлими дунёни бироз яхшилайди», деган Исроил Мерос вазири Амихай Элияху.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Мактабларда янги ўқув йили бошланди — Фоторепортаж
- Солиқ инспекцияси ходими 2 синф ўқувчиларидан нимани хоҳлайди (видео)?
- Талабалар диққатига: ижара пулининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича онлайн ариза бериш бошланди
- «Мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!»: Давлат солиқ хизмати ва Болалар омбудсмани Қашқадарёдаги ҳолатга муносабат билдирди
- Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги узоқ йилдан бери ёпиқ турган назорат-ўтказиш пункти очилади
- Инновацион ишланмалар ва илғор технологиялар намойиши
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг