Фарғонада 2 миллиард сўмлик олтинни Қирғизистонга яширинча олиб ўтмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

09:56 11 Mart 2026 Jamiyat
332 0

Фарғона вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги олтин қуймаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 1996 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Damas» русумли автомобиль «Водил-авто» чегара божхона пости орқали қўшни Қирғизистон Республикасига ўтмоқчи бўлган. Транспорт воситаси кўздан кечирилганда, машинанинг кузов қисмига усталик билан яширилган 4 дона ностандарт шаклдаги олтин қуймалари топилди.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган олтинларнинг соф оғирлиги 1 кг 232 грамм, умумий қиймати 2 миллиард 182 миллион 466 минг сўм.

Эслатма: Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқаролардан бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда 1520 қисқа рақамига хабар беришни сўрайди. Маълумот берган шахсларнинг махфийлиги тўлиқ кафолатланади.

Tavsiya etamiz

Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?