Зулматдан нур сари. Ёхуд нега давлат идоралари уларни ишга олмаяпти?

13:39 13 Август 2020 Жамият
737 0

Бугун юртимизда ҳар бир инсон эъзозда, эътиборда, деб бонг урамиз. Соғу ногироннинг жамиятда бирдай ўз ўрнига эга бўлиш имконияти бор, деймиз. Чиндан ҳам шундайми? Ушбу материални тайёрлаш доирасида сўровнома ўтказар эканмиз, айрим одамларнинг «нега бу мавзуда мақола ёзяпсизлар, ногиронлар кунига ҳали бор-ку», деган оғриқли ҳайратомуз фикрларига ҳам дуч келдик... Наҳот имконияти чекланган инсонлар ҳақида фақат байрамлардагина эсласак?!

Ногирон юртдошларимизга шодиёна кунлари чиройли байрам дастурхони, турли кўнгилочар дастурлар, совғалару ҳадялар ташкиллаштирамизу, аммо уларнинг ички оламига назар ташлашга шошилмаймиз. Бу борада бир эмас, бир нечта топшириқлар амалга оширилмай қолиб кетмоқда! Келинг, мавзу доирасида йиғилган фикр-мулоҳазаларни биргаликда кўриб чиқамиз.

«Давлат идоралари бизни ишга олмайди...»

Мақола юзасидан аввало, Республика кўзи ожизлар жамиятига мурожаат қилдик. Биз билан боғланган Жамият ходими тизимда ижроси таъминланмай қолиб кетаётган қонун ва қарорлар талай эканлигини айтиб ўтди. Бу борада ҳатто блогерларгача мурожаат қилгани, аммо натижа бўлмаганини маълум қилди. Шундан сўнг ижроси «оқсаётган» муҳим ҳужжатлардан бирини бизга тақдим этди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг (2017 йил 1 декабрдаги ПФ-5270-сон https://lex.uz/docs/346192) ижроси уч йилдирки суст кечмоқда. Тўрт бўлим, 51 банддан иборат ушбу муҳим ҳужжатда бир қатор масалалар белгиланган. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация самарадорлигини ошириш, таълим олиш, уларнинг махсус касбий тайёргарлиги ва қайта тайёргарлиги тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлаштирилишини таъминлаш каби масалалар, уларнинг ижросига масъул идора ва ташкилотлар белгиланган. Хўш, топшириқлар қай даражада амалга ошди?

Аббос РАҲМАТОВ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти:

– Европа ёки уммонорти давлатларидаги имконияти чекланган одамлар, айниқса, кўзи ожизлар ҳаётини кўп кузатганман, улар хоҳлаган касбида бемалол ишлай оладилар. Ҳуқуқшуносликми, иқтисодми, қайси соҳа бўлса ҳам. Бизда эса шу соҳалар бўйича олий таълим даргоҳини битирган бўлсангиз ҳам ишга олмайди. Жаҳонда кўзлари ожиз ёки бошқа хил ногиронлиги бўлишига қарамай шуҳрат қозонган кучли сиёсатчилар, ҳарбийлар ва бошқа соҳа вакиллари кўп кузатилган ва ҳозир ҳам мавжуд. Қани эди бизларга ҳам имкон берилсаю, ўзимизни кўрсата олсак... Афсус, давлат идоралари бизни ишга олмайди...

Ногиронлиги бор инсонларнинг давлат ташкилотларига ишончи йўқ. Нега?

Сўровнома доирасида шундай фикрларга ҳам дуч келдик. Яъни одамлар маълум вақтда бир тиббий кўрикдан ўтказилади ва ногиронлик гуруҳи қайта белгиланади. Аммо шундай инсонлар борки, уларнинг ногиронлигини сиртдан билиш қийин эмас. Шунга қарамай, ортиқча оворагарчилик билан кўрикдан ўтишга мажбур. Сабаби университетга ҳужжат топшириш, стипендия, нафақа олиш каби бир қатор ҳолларда ногиронлик тўғрисида «справка» сўралади. Гарчи ҳолат кундай равшан бўлса-да. Бундай вазиятлар уларни давлат ташкилотларидан узоқлашишига сабаб бўлмайдими?

Азизбек ТОШМИРЗАЕВ (Андижон):

— Ёшим ўн тўққизда. Бугунгача ўнта кимётерапия, тўртта оғир операцияни бошдан ўтказдим. Аввал икки кўзим, сўнг оёғимдан ажралдим. Кейин эса ўпка саратони деб ташхис қўйдилар... уни-да енгдим. Шунга қарамай ҳеч бир ташкилотга ёрдам сўраб бормаганман. Нега деганда, югур-югурию ортиқча қоғозбозликлари менга ёқмайди. Бундан ташқари ҳам, сабабларим бор. Умуман олганда, уларнинг ҳеч бирини тизимли ишлайди деб билмайман.

«Университетлардаги ногиронлар билан ишлаш бўлимлари фақат ногиронлар куни арафасидагина кўриниш беради...»

Шу ўринда яна бир кичик савол туғилади, таълим даргоҳларидаги имконияти чекланган ёшлар билан ишловчи бўлимлар мавжуд. Ушбу бўлим ходимларининг вазифаси ўзи нимадан иборат? Фақатгина байрамларда табриклашданми? Нега уларнинг фаолияти кўзга кўринмайди?

Хайрулло РУҲИТДИНОВ, Тошкент вилояти, Паркент тумани 5-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

– Аввало шуни таъкидлаш жоиз, олий таълим тизимида кўзи ожиз талабалар учун имтиёзлар йўқ эмас, бор. Масалан, қўшимча стипендия мавжуд. Ҳозир аввалгидан тушдикуя, аммо барибир қўшимча стипендия сақлаб қолинди. Яна ётоқхона олишда ҳам имтиёз бор. Буларни эътироф этмасликнинг иложи йўқ, албатта. Аммо шуни ҳам алоҳида айтиш керак, тизимда кўзи ожиз талабаларни ўқитиш учун махсус дастурлар йўқлиги бизни кўп қийнайди. Қолаверса, ҳар бир чет эл университетларида, ҳатто рейтинги паст бўлганларидаям ногиронлар билан ишлаш бўлимлари бор ва фаол. Бизда ҳам йўқ эмас. Аммо улар фақат ногиронлар куни арафасидагина кўриниш беради, бошқа пайт эса жим...

Сўровнома ўтказиш мобайнида шуниси маълум бўлдики, ҳеч бир ерда Брайл алифбосида ҳужжат чоп этувчи компьютер хизматлари мавжуд эмас. Университетларда бир донадан Брайл алифбоси бўйича ҳужжат чоп этувчи махсус принтерлар ўрнатилса ва бир мутахассис бириктирилса, талабаларнинг бошқалар билан баробар изланишига катта имкон яратилган бўлар эди. Албатта, 5 —10 талаба учун буни йўлга қўйиш эришдай туюлар, аммо ногиронлар билан ишловчи бўлим бу ҳақда ўйлаб кўрса ва бўлим қошида бу ишни йўлга қўйиш имконини излаб кўриши мумкин-ку, шундай эмасми?

Шаҳзод ҲАСАНОВ, мустақил дастурловчи:

— Мен Тошкент ахборот технологиялари университетида ўқиганим боис битирув малакавий ишимни кўзи ожиз инсонлар учун фойдаланишга бирмунча қийин бўлган айрим дастурларни ўрганишга бағишлаган эдим. Натижада OSM, Dot walker, Nearby explorer online каби йўл кўрсатувчи дастурлардан қулай фойдаланишнинг ўзбекча йўриқномасини ишлаб чиқдим ва амалиётга татбиқ этдим. Шунингдек, ItHelp.uz телеграмм канали ҳамда гуруҳини очганман ва унда мунтазам равишда кўзи ожизлар учун мўлжалланган турли хилдаги дастурларнинг фойдаланиш тартибини ўргатиб, йўриқнома тузиб, каналда улашиб бораман. Билишимча, кўриш имконияти суст бўлган инсонларга ёрдам берувчи фаол дастурий канал ҳозирча фақат шу.

Гуруҳим аъзолари асосан, талабалар. Уларни кузата туриб шунга амин бўлганманки, университетларда ногиронлар билан ишлаш бўлимларида Брайл алифбоси бўйича техник хизмат кўрсатишни бемалол йўлга қўйса бўлади. Бундай компьютер ва принтер кўп маблағ талаб этмайди назаримда. Уни юритувчи мутахассисни ҳам ўша таълим даргоҳида таҳсил олувчи кўриш имконияти чекланган талабалар ичидан топиш мумкин. Бу бошқа кўзи ожиз ёшларни-да ўша университетда ўқишга иштиёқини оширади.

Хориж мамлакатларидаги имкониятларни орзу қилиб...

Инсон, аввало, ўз фаолиятини назорат қилса, ўзига юклатилган вазифага сидқидилдан ёндашса, унга занжирдай боғланган бошқа ишлар ҳам ўз-ўзидан тизимлашади. Аммо, афсуски, бугунги жамиятни тизимли ишлаяпти дея олмаймиз. Хориж мамлакатларидаги имкониятларни мақтаймизу ўзимизда ҳаётга татбиқ этгани уринмаймиз ҳам деярли. Нега аксарият имконияти чекланган инсонлар давлат идораларига мурожаат қилишга хафсалалари йўқ, бу ишончсизликданми ёки бошқа сабаб?.. Саволлар кўп, жавоблар эса...

Шокир ПАНЖИЕВ, Қашқадарё вилояти 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси инглиз тили ўқитувчиси:

 Бир неча йил аввал Малайзия давлатининг “Index Braille Technology Sys” онлайн курсида таҳсил олдим. Бир ярим йил мобайнида тренеримиз Анна Лаудан имконияти чекланганлар учун техник хизмат кўрсатишнинг барча турларини ўргандим. Машғулотлар сўнгида муваффаққиятли ва фаол иштирок этганим боис менга Брайл альфавитида ҳужжатлар чоп этувчи махсус принтер юборилди. Эндиликда мен ушбу жиҳоз орқали расмий нашрларимизнинг кўзи ожиз инсонлар ўқиши учун мўлжалланган вариантини яратишни режалаштирганман. Кейинчалик махсус босмахона ҳам ташкил этмоқчиман. Буни амалга ошириш учун, албатта, маблағ лозим. Маблағ топишга эса вақт керак, ҳомий керак.

Бунгача “Dictionary in Braille”, синов тариқасида Тошкентдаги кўзи ожизлар мактабининг бирига 5-6-7 синф ўқувчилари учун мўлжалланган “Light up” китобларини ҳаммуаллифликда тайёрлаганман. Эндиликда ушбу китобни бутун республикага тарқатиш устида ишлаяпмиз. Яна кўп лойиҳалар режада бор, аммо ҳаммаси бориб пулга тақалади, афсуски. Кўзи ожизлар жамияти эса моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ожиз, сабаби тизим ўзини ўзи молиялаштирувчи нодавлат-нотижорат ташкилот ҳисобланади. Муаммоларимизни кимга очиқ айтишни ҳам билмаймиз... шу сабаб бошқа ташкилотларга мурожаат қилишдан кўра мустақил фаолият юритишга интилишни афзал кўрамиз. Балки келажакда биз ҳам хориж мамлакатлардаги имкониятларга эга бўлармиз...

Сўровнома жараёнида Брайл алифбосидаги адабиётларнинг, хусусан, диний китобларнинг етишмаслиги, АОКАнинг тўхтаб қолган «Кўнгил кўзи» лойиҳаси, шунингдек, йирик тадбиркорликни йўлга қўйишда, кредит олишда имконияти чекланган инсонларга имтиёзларнинг камлиги тўғрисида ҳам фикрлар келиб тушди. Пандемия чекингач, бу ишларга алоҳида эътибор қаратилишига умид қиламиз.

«Халқ сўзи» бу мавзуга яна қайтади.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?