Зоминда ёш ижодкорларнинг анъанавий анжумани бошланди

16:04 04 Июль 2019 Маданият
222 0

Фото: «Халқ сўзи»

Анъанага кўра, ҳар йили ўтказиладиган Зомин семинари иштирокчилари дастлаб Жиззах шаҳрида диққатга сазовор жойларни кўздан кечиришди ва атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов, эл суйган ижодкорлар Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйишди. Уларга аталган музейда бўлишиб, адибларнинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг анжуманнинг доимий манзили — сўлим Зомин туманидаги пурвиқор тоғлар қўйнидаги Ўриклисойга жўнаб кетишди.

Жорий йилги анжуманда юртимизнинг турли ҳудудларидан 200 нафарга яқин ёш шоир ва ёзувчилар, мамлакатимизнинг таниқли қалам аҳли иштирок этмоқда.

Бу йилги семинар Президентимиз томонидан адабиёт ва ижод аҳлига, ёш истеъдодларга ғамхўрлик, китоб ҳамда китобхонлик тарғиботига эътибор ифодаси, қабул қилинган қарорларнинг ижроси сифатида катта тайёргарлик билан бошланди.

Ватанимизнинг энг сўлим, илҳомбахш гўшаси — Ўриклисойда ёшлар ва улар билан юзма-юз учрашиб, сабоқ беришга келган устоз ижодкорларни вилоят ҳамда Зомин тумани жамоатчилиги, адабиёт ихлосмандлари вакиллари самимий меҳмондўстлик билан кутиб олишди.

Фото: «Халқ сўзи»

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Жиззах вилояти хокими Эргаш Солиев ва бошқалар маънавиятни юксалтиришнинг асосий омили сифатида юртимизда адабиётни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, ёш иқтидорларни кашф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бундан йигирма бир йил муқаддам ўша пайтда Жиззах вилояти ҳокими сифатида фаолият юритган Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган Зомин семинари бугун ҳам ёш истеъдод соҳибларига беқиёс рағбат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ижодкорлар уйлари, пойтахтимизда кўркам Адиблар хиёбони барпо этилгани ижод аҳлига эътиборнинг яна бир намунасидир. Адабиётимизнинг атоқли вакиллари номидаги ижод мактаблари ёшларнинг қаламларини чархлаш, уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб вояга етказишга хизмат қиляпти.

Уч кун давом этадиган семинар доирасида республикамизнинг таниқли шоирлари иштирокида давра суҳбатлари, мушоиралар, адабий жанрлар бўйича шўъбаларда машғулотлар, маҳорат дарслари, табиат қўйнига саёҳатлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Толиб ЭРГАШЕВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019