Зомин “Миллий халқ ўйинлари” халқаро фестивалига мезбонлик қилади

23:36 12 Март 2020 Жамият
211 0

Архив сурат

Зомин тумани халқаро фестивалга мезбонлик қилиши мумкин. Ҳукуматнинг бу борадаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2021 йилдан бошлаб Жиззах вилояти Зомин туманида “Миллий халқ ўйинлари” халқаро фестивали ўтказилиши кутилмоқда. Ушбу фестивални анъанавий тарзда ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ташкил этиш режалаштирилган.

Фестивални ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича масъул этиб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги белгиланди.

Қайд этилишича, Ташқи ишлар вазирлиги Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг талабномалари асосида хорижий давлатлардан ташриф буюрувчи фестивал иштирокчиларининг кириш визаларини чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларида, зарур ҳолларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштиради.

Шунингдек, фестивал совриндорлари диплом, сертификат ва махсус ҳайкалчалар билан тақдирланиши белгиланган.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири О. Назарбеков, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д. Набиев ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Э. Салиев ҳамда Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти зиммасига юкланган.

Қарор лойиҳасига жорий ойнинг 27 санасига қадар ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?