Журналист қандай қилиб роботдан устун бўла олади?

10:51 31 Май 2018 Жамият
1131 0

Бугунги шиддатли давр ахборот соҳаси олдига ҳам янги “хатар”ларни қўймоқда. Хўш, уларга қандай қарши турмоқ керак?

Буни яқинда ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ўргатишади.

...Бундан тўрт йил илгари март ойида АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳри аҳолисини унчалик кучли бўлмаган ер силкиниши уйғотиб юборди.

Бир неча дақиқа ўтар-ўтмас, “Los Angeles Times” нашрининг сайтида шундай хабар пайдо бўлди: “АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, душанба куни эрталаб Калифорния штатида, Уэствуддан беш миля масофада 4,7 магнитудали зилзила кузатилди. Зилзила Тинч океани вақти билан соат 6.25 да содир бўлди...” Ва яна бир неча шунга ўхшаш жумлалар. Бир қарашда, оддий хабарга ўхшайди. Бошқалардан фарқи ва янгилиги эса — уни робот ёзганлигида.

Муаллифнинг исми “Quill”, яъни мақола ёзишнинг технологик тизими. Унинг кўплаб “ҳамкасблари” турли қитъаларда учрайди. Мисол учун, Пекин университетида “Xiao Nan” дастурини ишлаб чиқишди. У бир сонияда Янги йил куни кўчаларда юз берган тирбандлик ҳақида хабар ёзиб берди. Жанубий Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлиги негизида яна шундай компьютер тизими ишлайдики, Англиядаги Премьер-лига ўйинлари тўғрисида янгиликлар ўша заҳотиёқ пайдо бўлади. Махсус дастурлар “Forbes” учун матнлар тузяпти, “Яндекс” ахборот агентлигида ҳам янгиликларни энди роботлар ёзади.

Хўш, бундай ҳолат яқин орада таҳририятлардаги компьютерлар бўшаб қолиши ва газета-журналлар саҳифаларини, сайтларнинг ахборот лентасини алгоритмлар тайёрлаган материаллар тўлдиришини англатадими? Бу саволга экспертлар “йўқ” дея жавоб беришмоқда.

Ахир микросхема ҳамда симлардан ясалган “журналистлар” жонли инсонлардан афзал бўлиши мумкинми? Фақат иш “қолип” усулида олиб борилган жойдагина “сунъий ақл” бир неча сониядаёқ бенуқсон ҳисоботни тайёрлаб берар балки. Аммо ўша матнга жон киргиза оладими? Ҳеч қачон. Чунки унинг ўзида йўқ-да.

Одамнинг “сунъий ақл”дан устунлиги шубҳасиз. Масалан, журналист ёзган матн тушунарли ва қизиқ. Роботлар ҳеч қачон интервью олишни ўрганмаса керак. Улар мавзуни ривожлантирадиган саволларни топа олмайди ёки кинояни тушунмайди-ку. Мутахассислар фикрича, ажойиб мақола ҳамда репортажни ёзиш учун юмор, киноя билан бирга, ижтимоий темперамент, ҳис-туйғулар ҳам талаб этилади.

Оксфордлик тадқиқотчилар қайси касбларда роботлар келажакда инсон ўрнини босиши бўйича рўйхат тузиб чиқишди. Рўйхатга кирган 366 та касб орасида журналистика 285-ўринни эгаллади. Демак, бу мусобақада ютқазиш хавфи 11 фоизни ташкил қилар экан. Ҳа, журналистлар келгусида ўз ишини йўқотиб қўймайди. Шунга қарамай, касбимизда катта ўзгаришлар рўй беряпти. Томошабин ва газетхоннинг эътиборини қозониш учун энди нафақат ўзаро, балки “сунъий ақл” билан ҳам рақобат қилишга тўғри келади.

Дипломли битирувчи эмас, мутахассис

Иқтидорли журналист фақат газета ёки сайт учун сифатли матн тузиб бера олиш қобилияти билан чекланмайди. У ўқувчисини ўз ортидан эргаштиришга, ҳар бир навбатдаги мақоласини кутишга мажбур қилишга қодир. Ана шундай маҳоратли, ўз касбининг устаси бўлган ходим ахборот сиёсатини тўғри англайди, шакллантиради ҳамда рўй берган воқеа-ҳодисанинг ўзидан ҳам муҳимроқ жиҳатларга, турлича фикр ва қарашларга аҳамият беради.

Шу каби юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж ҳар доим бўлган ва бўлади. Айни вақтгача бу жуда ўткир муаммо бўлиб келди. Амалдаги тизим журналист дипломи бўлган йигит-қизларни етиштирар, афсуски, уларни ушбу номга муносиб, дейиш қийин эди. Соҳа битирувчилари таҳририятларга ишга жойлашар, аммо уларда илмий база мавжудлигига қарамай, амалда мақола ўзи қандай ёзилади — буни фақат назарий жиҳатдан тасаввур этишарди, холос. Шундай қилиб, катта қийинчиликларга дуч келинарди. Ёзишни “нолдан бошлаб” ўрганишга мажбур эдилар. Негаки, тўрт йиллик таҳсил давомида уларга дарслик асосида машғулотларни ўтган назариётчиларнинг ўзлари ҳам оммавий ахборот воситасида деярли ишламаганлар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда илм-фан ҳамда ижод соҳаси вакилларини мураббийлик анъаналарини давом эттирган ҳолда, ёш авлодга тажриба, маҳорат сирларини ўргатишга чақирди. Кўпгина ташкилот ва муассасалар бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар. Бизнинг таҳририятда ҳам журналистик маҳорат мактаби ташкил қилинди. Амалиётчи муҳаррир ҳамда мухбирларимиз, соҳа мутахассислари олиб борган машғулотларда мавжуд камчиликлар кўзга яққол ташланди. Улардан энг каттаси, юқорида айтилганидек, амалиётдан йироқлик экани маълум бўлди. Бўлажак журналистларнинг кўпчилиги икки-уч йил ўқигандан кейингина таҳририятни энди биринчи марта кўриб турарди. Маҳорат мактабини таҳририят бўйлаб экскурсиядан, оддийгина нарсаларни, дейлик, газета қандай тайёрланишини кўрсатишдан бошлаш... Бундай ҳолатда роботлар устидан ғалабага йўл бўлсин...

Анъанага асосланган инновация

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилиши тўғрисида 24 май куни имзоланган Президент қарори юзасидан ҳамкасблар билан фикр алмашганимизда, унинг нақадар долзарблиги таъкидланди. Яқинда телекўрсатувлардан бирида “журналистни оёқлари боқади” деган ибора қулоққа чалинган эди. Ҳақиқатан ҳам, илгари айрим кишилар шундай тасаввурда эди. Энди бу ибора ўзгаради: журналистни кенг билим, зукколик ҳамда истеъдод боқишига шубҳа йўқ.

Янги очилган олий таълим муассасаси айнан ана шундай мутахассисларни етиштиради. Малакали журналистлар илғор технология ва услубиётдан фойдаланган, назарий ҳамда амалий фаолиятга жалб этилган ҳолда, хорижий тажриба асосида ўқитилади. Қарорда кўрсатилганидек, улар бир нечта хорижий тилларни эгаллашади.

Университет талабасига айланиш насиб қиладиган ёшлар учун ибрат бўлишга арзигулик аждодларимиз бор. Ўз исми билан Исҳоқхон Ибрат — миллий тикланиш даврининг машҳур арбоби бўлган. Қатор чет тилларни ўрганган, турли фанларда ютуққа эришган, дунёни кўрган ва илм зиёсини таратган. Шу мақсадда илк матбаачилардан бири сифатида Оренбург шаҳридан литографик машина харид қилиб, уни Қўқонгача поездда, сўнг Тўрақўрғонгача туяларга ортган ҳолда олиб келган ҳамда босмахона ташкил этган. У ерда китоб ва рисолалар, газеталар чоп қилинган. Маърифатпарвар бобомиз ўзидан бебаҳо мерос қолдирган. Қани эди, шу йўлни давом эттириш ҳар кимга ҳам насиб қилса.

“Қалбаки” янгиликларга истеъдодни қарши қўямиз

“Исҳоқия босмахонаси”да биринчи босма амалга ошганидан бери 110 йил ўтди. Айни кунларда — 2018 йили Ўзбекистонда газеталар сони бир неча юзтадан, телевидение ҳамда интернет фойдаланувчилари сони эса бир неча ўн миллион нафардан ошиб кетди. Кейинги пайтда миқдор ўзгаришларидан сифат ўзгаришларига ҳам ўтилди. Оммавий ахборот воситалари бугун тикланиш босқичида.

Журналистлар ўзини анча эркин ҳис қиляпти. Танқидий материалларнинг кўпайгани ҳам бундан далолат беради. Ахборот монополиясидан воз кечиш сезилди. Турли тадбирлар муносабати билан тузиладиган журналистлар гуруҳида таниқли ҳамкасбларимиз билан бирга, нодавлат ОАВ вакилларини ҳам кўряпмиз.

Сўз эркинлигига йўл очувчи ҳуқуқий тизим шаклланди ва ривожланмоқда. Фикрлар хилмахиллиги 1500 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари фаолиятида намоён бўлмоқда. Улар жамиятнинг турли қатламлари нуқтаи назарини акс эттирувчи майдонга айланди. Медиа-ташкилотлар учун тенг шароитлар яратилди. Ва ниҳоят, энди янги олий ўқув юртининг ташкил қилиниши билан журналистларни касбий жиҳатдан тайёрлаш имконияти ҳам кенгайди. Айтиш жоизки, ЮНЕСКОнинг тегишли тузилмаси томонидан ишлаб чиқилган ОАВ ривожининг мазкур кўрсаткичлари бўйича мамлакатимизга бериладиган баҳолар ёмон эмас.

Ижодий фаолият юритишга катта имкониятлар берилди. Бироқ келгусида ҳал этилиши керак бўлган ўта муҳим ва долзарб вазифалар ҳам кун тартибига чиқди. Уларни, албатта, янги университетда таҳсил оладиган ёшлар бажаришади.

Бу вазифаларнинг энг биринчиси — ёлғон, асоссиз янгиликлар медиа-маконга жиддий салбий таъсир кўрсатаётган бугунги шароитда ОАВга бўлган ишончни қайтариш. Мазкур муаммони муҳокама қилишга бағишланган алоҳида анжуманлар ўтказилмоқда. Масалан, яқинда ана шундай тадбирларнинг бирида япониялик медиа-мутахассислар таъкидлашича, “янги ОАВ” деб аталувчи тармоқларда ишончсиз маълумотлар кўпайиб кетганлиги сабабли кўпчилик ўқувчилар уларга шубҳа билан қарай бошлашди. Кунчиқар мамлакатда кейинги ўн йил ичида бундай нашрларнинг нуфузи пасайди. Агар илгари уларга аудиториянинг 60 фоизи ишонган бўлса, энди 50 фоиздан ҳам камайган. Аксинча, анъанавий ОАВга бўлган ишонч кўрсаткичи 70 фоиздан ортган.

Албатта, сўз медиа-субъектларнинг турига қараб қатъий ажратиш ҳақида бораётгани йўқ. Газета-журналлар ҳам “Ўргимчак тўри” ва ижтимоий тармоқлардан моҳирона фойдаланиб, ўз аудиториясини кенгайтириши мумкин. Анъанавий оммавий ахборот воситалари эса, мумтоз журналистика тавсия этганидек, фактларни синчиклаб текширган ҳолда тақдим қилиш орқали интернетда сифатли медиа-маҳсулот ҳажмини кўпайтиришга ҳисса қўша оладилар.

Тўпланган тажриба билан бир қаторда, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг битирувчилари келажакда замонавий истеъмолчининг дидига мос медиа-контентни ярата оладилар.

Ахборот уммони шу қадар улканки, унда чўкиш ҳеч гап эмас. Шу боис анъанавий ОАВ зиммасига нафақат биринчи бўлиб хабар бериш, балки ўқувчини ўйлантирадиган, рўй берган воқеанинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида мулоҳаза юритишга ундайдиган, том маънода журналистик материалларни тақдим этишдек масъулиятли вазифа юкланди.

Бир томондан, шунинг учун ҳам мутахассислар журналистикада автоматлаштириш жараёнига табиий ҳодиса, деб қарамоқдалар. Россиялик тадқиқотчилар фикрича, келгусида роботларга маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш вазифасини топшириш мумкин. Бу муҳаррирлар ҳамда мухбирлар учун яхши, чунки эксклюзив мақола ва репортажларни тайёрлашга вақтлари бемалол бўлади.

Албатта, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаш муҳим аҳамиятга эга. Янги университет талабалари, ишонамизки, бу соҳада чуқур билим олишади. Роботларни “қўлга олиб”, уларнинг “сунъий ақли” билан бир мушт бўлиб ишлашга мажбур эта олсак, ҳам оммавий ахборот воситалари, ҳам ахборот олувчилар учун фойдадан холи бўлмайди.

Р. АЛИШЕРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар