ЖССТ ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида икки йилга мўлжалланган ҳамкорлик келишуви имзоланди (Видео)

12:43 11 Февраль 2020 Жамият
836 0

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Ўтган йил сентябрь ойида Даниянинг Копенгаген шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессиясида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директорилигига сайланган ва жорий йил февралдан ўз вазифасига киришган Ханс Клюге биринчи хорижга расмий ташрифини мамлакатимиздан бошлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган брифингда Ханс Клюге Ўзбекистон юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашда Марказий Осиёнинг етакчи давлатларидан бири экани, ушбу йўналишда давлат сиёсати даражасида муҳим қадамларни ташланаётганига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, у Ўзбекистонда аввал ҳам бўлганини, жумладан, 20 йил аввал Қорақалпоғистон Республикасида сил касаллигига қарши кураш йўналишида фаолият олиб борганини қайд этиб ўтди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган нуфузли муассасаси бўлиб, унинг таркибига 194 та аъзо давлатлар киради. Ташкилотнинг асосий вазифаси дунё аҳолисининг соғлиқни сақлаш муаммоларини ҳал қилишдан иборат. ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган олтита минтақавий идоралардан биридир. Ушбу буюрга 53 та мамлакат, жумладан Ўзбекистон ҳам аъзо бўлиб, Атлантикадан Тинч океанигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олади. Соғлиқни сақлашнинг турли йўналишларида илмий ва техник мутахассислар жамоасидан иборат бюронинг бош штаби Копенгагенда жойлашган. Унинг 29 та мамлакатда 4 та филиали ва идоралари фаолият юритиб келади.

Ўзбекистонда ЖССТнинг ваколатхонаси мавжуд бўлиб, соғлиқни сақлаш тизимига яхлит ёндашув асосида барқарор соғлиқни сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш унинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шунингдек, умумий етакчиликни таъминлаш, маҳаллий даражада техник алоқаларни ўрнатиш, стандартларни белгилаш ва шартномалар тузиш, инқироз даврида соғлиқни сақлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш каби вазифаларни ҳам қамраб олади.
 

Тадбирда, шунингдек, ЖССТ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлашнинг кўплаб муҳим масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб келинаётгани таъкидланди. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси яратишда ЖССТ экспертларининг улкан ёрдамини алоҳида таъкидлаш лозим. Халқаро экспертларнинг кўмаги туфайли соғлиқни сақлашни молиялаштиришни яхшилаш, мажбурий тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, саломатлик учун зарарли бўлган одатларга қарши кураш каби қатор вазифалар бўйича самарали чоралар кўрилмоқда.

— ЖССТ ва Ўзбекистон ҳамкорликда умумий соғлиқни сақлаш қамровига эришиш, яъни ҳар бир фуқаронинг зарур тиббий хизматлардан фойдаланишини таъминлашга бўлган интилишлари бирлаштирилишига эътибор юқори. — дейди Х.Клюге. — Бунда, албатта, мамлакатга кучли соғлиқни сақлаш тизими ва бирламчи тиббий ёрдам муҳим ўрин тутади. Ушбу ҳужжат ўзаро маслаҳатлашувлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мустаҳкам ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади.

Жорий йил 24 январда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномасида ҳам Соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида тўхталиб, жумладан, тизимни молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида мажбурий тиббий суғуртага оид қонунларни қабул қилиш ва уни амалга ошириш бўйича барча ташкилий чораларни ишлаб чиқилиб, ушбу тизим жорий йилда Сирдарё вилоятида тажриба сифатида бошланиши айтиб ўтилган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге ташрифи муносабати билан ўтказилган матбуот брифингида Сирдарё вилоятида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари кўмагида тиббий хизматларнинг янги моделлари бўйича қўшма пилот лойиҳаси бошланганлиги таъкидлаб ўтилди. Лойиҳа аллақачон яхши натижалар кўрсатаётгани ва босқичма-босқич бутун мамлакат бўйлаб жорий этиш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, ЖССТ ва Ўзбекистон ҳамкорликда умумий соғлиқни сақлаш қамровига эришиш, яъни ҳар бир фуқаронинг зарур тиббий хизматлардан фойдаланишини таъминлашга бўлган интилишлари бирлаштирилгани юқори баҳоланди. Бунинг учун, албатта, мамлакатга кучли соғлиқни сақлаш тизими ва бирламчи тиббий ёрдам муҳим ўрин тутади. Сирдарё вилоятидаги татбиқ этилаётган юқоридаги лойиҳа мазкур мақсадга эришиш мумкинлигини кўрсатди. Бундан ташқари, тиббиётнинг бирламчи бўғинда кадрлар масалаларини ҳал қилишга ҳам катта эътибор берилаётгани эътироф этилиб, бусиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш мумкин эмаслиги айтиб ўтилди.

Пресс-брифинг доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган икки йиллик ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ушбу ҳужжат ўзаро маслаҳатлашувлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мустаҳкам ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади.

Меҳмоннинг бир қатор тиббиёт муассасалари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолияти билан ҳам танишиши режалаштирилган.
 

Юлдуз ЎРМОНОВА, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?