​Жўшқин Гужарат: Ҳиндистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳамда фармацевтика соҳаларида инновацион ҳамкорликни кенгайтиради

21:48 20 Январь 2019 Жамият
449 0

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекиcтон ҳукумати делегацияси таркибида Ҳиндистоннинг Гандинагар шаҳрида бўлиб ўтган “Жўшқин Гужарат” 9-халқаро инвестиция саммитида иштирок этди.

Музокаралар натижасида инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари С. Ходжаев, Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов ҳамда Гужарат штатининг давлат корпорацияси Gujarat Agro Industries Corporation Ltd. раҳбари К. Рандхава агрокластер ташкил қилишга келишдилар. Ҳиндистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион технологиялари, илғор агротехник тадбирларини юртимизда жорий этиш, тажриба ўртоқлашиш мақсадида ҳамкорлик ришталари боғланди.

Агрокластер кишлоқ хўжалиги экинлари ва балиқчилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлаш, етказиб бериш, уларнинг маркетинги билан шуғулланишни амалга оширади. Агрокластер Андижон вилоятида 15 — 20 минг гектар ер майдонида тажриба тариқасида барпо қилиниб, кейинчалик республикамизнинг бошқа вилоятларига ҳам кенг татбиқ этилиши мўлжалланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Гужарат пахта, ерёнғоқ, тамаки ва шакарқамиш етиштириш бўйича Ҳиндистонда етакчилик қилади, шунингдек, штатда буғдой, турли дуккакли ўсимликлар, маккажўхори плантациялари мавжуд. Бундан ташқари, Гужарат сут ҳамда сариёғ, гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар ишлаб чиқаришда илғорлиги билан ажралиб туради.

19 январь куни эса инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ҳайдарободнинг Геном водийсида фаолият юритадиган “Bharat Biotech International” компанияси раҳбари Венкатраман Сиварамакришнан билан учрашди. Мулоқотда томонлар Ўзбекистонга вакциналар ишлаб чиқариш технологияларини трансфер қилиш ҳамда юртимизда юқори сифатли ва арзон вакциналарни ишлаб чиқариш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишдилар.

Ҳамкорликнинг биринчи босқичида компания ротовирусли диареянинг профилактикаси учун қўлланиладиган вакцинани ҳозирги пайтда Ўзбекистон харид қилаётган нархдан 50 фоиз арзонлаштириб етказиб беради. Сўнгра Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун хом ашё билан таъминлайди.

Кейинчалик эса тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш технологияси Ўзбекистонга тўлиқ трансфер қилинади. Бунда ўзбек — ҳинд давлат-хусусий шериклиги ташкил этилиб, Ўзбекистон корхона фаолияти учун зарур ер, кўчмас мулк, ускуналар билан қатнашса, ҳиндистонлик ҳамкорлар вакцина ишлаб чиқариш соҳасидаги энг сўнгги ноу-хаулар, замонавий технологияларни бепул тақдим қиладилар. Техник экспертиза, ходимларни ўқитиш ҳамда ишлаб чиқаришнинг бошланғич босқичини мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019