Жорж Буш ва Обаманинг тижоратлаштириш бўйича маслаҳатчиси Ўзбекистондаги грантлар тизими ҳақида фикр билдирди

11:03 15 Июль 2019 Иқтисодиёт
255 0

АҚШнинг Homeland Security Today (HSToday) ахборот агентлиги сайтида Том Челлуччининг “Федерал агентлик технологияларни тижоратлаштириш ҳақида халқаро ҳамжамиятдан нималарни ўрганиши мумкин?” деган мақоласи жойлаштирилди.

Томас Челлуччи янги технологиялар, тижоратлаштиришнинг давлат хавфсизлиги масаласига алоқадорлиги тўғрисида қатор мақолалар муаллифи бўлиб, у 36 йил давомида хусусий ва давлат секторларида раҳбар лавозимларида ишлаб келмоқда. У ўзининг тўртинчи юқори технологиялари компаниясини сотганидан сўнг, Президентлар Жорж У. Буш ва Обама даврида АҚШ ҳукуматининг Тижоратлаштириш бўйича биринчи раҳбари бўлиб фаолият юритган. У ҳозирда президент Трамп жамоасига ҳам зарур ҳолларда маслаҳатлар бериб туради. Томас Челлуччи юқори технологияларга асосланган тадбиркорлик ҳақидаги 25та китоб ва 211 та мақола муаллифидир. Физикавий кимё соҳасида илмий унвонларга эга, 21 та директорлар кенгаши аъзоси, халқаро университетларнинг профессори.

Биз тилга олган мақолада эса у “АҚШнинг биринчи тижоратлаштириш бўйича бошлиғи бўлганидан ғурурланишини аммо “тижоратлаштириш тафаккурини” яратиш ва уни қўллаб қувватлаш муҳим эканини, ўз навбатида жамиятга ўзгаришлар олиб киришнинг машаққатлари ҳақида сўз юритади. “Инновацион давлат-хусусий шериклик учун Ички хавфсизлик департаментини тажриба майдони қилиб олгач, тезкор талаблар учун маҳсулот ва хизматларни қисқа муддатларда ишлаб чиқариш мумкинлигини намойиш этдик, — деб ёзади Т. Челлуччи. ­— Давлат хизматидан бўшаб, хусусий тадбиркорликка қайтар эканман, дунё бўйлаб саёҳатим давомида келажакда мамлакатларнинг иқтисодий тараққиётига замин яратадиган тижоратлаштиришни рағбатлантирувчи инновацион дастурларнинг айримларини кузатишга муваффақ бўлдим. Қисқароқ қилиб айтганда, АҚШ ҳукумати айрим шундай дастурлардан сабоқ олишига арзийди. Албатта мен АҚш ҳукуматини тижоратлаштириш ишларида етакчи деб биламан, аммо бу тахминларимдан энди шубҳаланишга ҳаққим бор.”

Мақоланинг кейинги қисмида Т. Челлуччи маҳаллий доираларда амалга оширилаётган икки дастур ҳақида тўхталиб ўтишини, ва бу дастурлар нисбатан кам маблағлар сарфлаган ҳолда тижоратлаштириш дастурларини муваффақиятли амалга ошириш мумкинлигини таъкидлайди. Мана шу икки дастур тижоратлаштириш тафаккурини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, мазкур давлат ва ҳудуд учун иқтисодий жиҳатдан муҳимлиги билан аҳамиятлидир, деб давом эттиради муаллиф ва шу дастурларни намуна сифатида ўрганишга ўқувчиларни ундайди.

Технологиялар тараққиёти уч босқичдан иборат: кашфиёт, инновациялар ва тижоратлаштириш. Кашфиётлар жиҳатдан АҚШ ҳақиқатан ҳам етакчиликни қўлдан бой бермаётгандир, ахир АҚШ университетларида бутун дунёдан талабалар келиб ўқишади, бундан ташқари океан орти мамлакатининг патент олиш даражаси ҳам юқорилигича қолмоқда. Аксарият ҳолларда грант маблағлари ҳисобига инновациялар ­­— “яъни кашфиётнинг биринчи намойиши/қўлланиши” салмоғи ҳам ўта юқори. Бироқ АҚШ эндиги кунда тижоратлаштириш масаласида биринчилардан эмас. Хитой, Жанубий Корея, Вьетнам каби давлатларда технологияларнинг тижоратлаштирилиши аҳоли турмуш сифатининг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлди. Ўз навбатида АҚШ 10 йил мобайнида 117 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфлаган, уларнинг аксарияти тадқиқотларга йўцналтирилган, аммо тижоратлаштиришга эмас. Бошқа давлатлар эса аксинча ўз эътиборларини тижоратлаштиришга қаратганлар.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда дунёнинг бошқа чеккасидаги икки дастур ҳақида маълумот бермоқчиман. Буларда ҳукумат илмий ишланмаларни тижоратлаштириш дастурларини яратиш, назорат қилиш ва қўллаб қувватлаш мумкинлигини амалда намойиш қилдилар, дея муаллиф, Жаҳон банки кредити ёрдамида амалга оширишга эришилган Қозоғистоннинг FPIP дастури ҳақида сўз юритади.

Мақоланинг кейинги хатбошини эса сўзма-сўз келтирамиз:

“Шу кунларда катта эътиборга тушган дастурларнинг иккинчиси Ўзбекистон билан боғлиқ. Янги Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этган янги президент ва ҳукуматнинг ташаббуси билан 2035 йилгача мўлжалланган стратегик режа жадал равишда ишлаб чиқилмоқда. Тасаввуримизча, Ўзбекистон янги вазирлик орқали ўз режасини 2035 йилга қадар бажармоқчи ҳам. Янги вазирлик грант молиялаштиришининг янги механизмини яратгани ва унинг асосида стратегик аҳамиятга эга бўлган, ишлаб чиқаришга йўналтирилган маҳсулотларни яратиш учун танловларни мунтазам равишда эълон қилиб турибди (авваллари тадқиқот гуруҳларининг ўз истаклари ва ташаббуслари билан тақдим этадиган лойиҳаларига 3­—5 йиллик дастурга асосан грантлар бериларди). Бу илмий-тадқиқот гуруҳларига бир йилда бир нечта тадқиқот грантларида иштирок этиш имконини беради.Грантга бериладиган лойиҳалар эндиликда маҳсулотга йўналтирилганини учун мазкур лойиҳани тижоратлаштириш имконияти ошган, авваллари бўлганидек грант натижаси энди бир даста якунланмаган тадқиқотлар битилган қоғоз дастасидан иборат бўлмайди. Бундан ташқари, вазирлик илм-фан ва саноатни интеграцияси бўйича ҳам ишлар олиб бормоқда, бу албатта кўплаб мунозараларга ва кўплаб манфаатдор томонлар билан ҳамкорликда стратегик режалар тузишни талаб этади, аммо бу ҳаракатлар шунга арзийди”.

Мақоланинг сўнгида муаллиф илмий ишланмаларни тижоратлаштириш тадқиқотлар ва инновацияларнинг “оқибати” эмаслигини, балки у пухта режалаштирилган, мунтазам равишда мониторинги олиб бориладиган, аниқ дастурлар натижасида юзага келишини таъкидлайди. Гап бундай дастурларга сарфланаётган пулда эмас, балки у ёки мамлакатнинг иқтисодиётига сезиларли фойда келтирадиган дастурларнинг қандай бошқарилиши ва амалга оширилишига боғлиқ, дейди Томас Челлуччи.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019