Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 256,8 млн долларга етди

11:20 16 Август 2018 Иқтисодиёт
343 0
Фото: senat.uz

2018 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 256,8 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоевнинг АҚШ Жанубий ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили ёрдамчиси М. Линскотт раҳбарлигидаги АҚШ Савдо вакили офиси делегацияси аъзолари билан учрашуви вақтида маълум қилинди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи“ мухбири Қобил Хидиров.

Учрашувда икки томонлама муносабатлар тобора жадаллашиб бораётгани қайд этилди. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида АҚШга тарихий ташрифи билан икки томонлама муносабатлар янги босқичга чиқди. Ташриф чоғида “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган Қўшма баёнот қабул қилинган эди. Ҳозирги вақтда умумий ҳажми қарийб 5 миллиард долларлик келишувларни бажариш бўйича икки томонлама “йўл хариталари” амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги савдо муносабатларида имкон қадар қулайлик бериш тартиби амал қиляпти. 2018 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 256,8 миллион долларни ташкил этди.

Томонлар АҚШнинг Ўзбекистонга савдо имтиёзларини тақдим этиши тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасида Ўзбекистон муайян муваффақиятларга эришганини эътироф этдилар. Учрашувда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласида АҚШ мамлакатимизни қўллаб-қувватлашга тайёр экани билдирилди.

Тадбирда жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим иштирокчи-мамлакатлари анжуманини (TIFA) ўтказиш масалалари муҳокама этилди. Минтақадаги савдо-инвестиция муҳитини яхшилаш имкониятлари ушбу анжуманнинг бош мавзуси бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси қўшма қўмитасининг мажлисини ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар