Жорий йилда Ўзбекистоннинг нечта халқаро ташаббуси рўёбга чиқди?

17:35 25 Декабрь 2018 Сиёсат
496 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматовнинг таъкидлашича, Президентимизнинг йирик халқаро ташаббусларини илгари суриш ва амалга ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. 2018 йилда Ўзбекистоннинг 10 та муҳим халқаро ташаббуслари тўлиқ амалга оширилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Улар орасида, 15 мартда Остонада Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи Маслаҳатлашув учрашувларининг ўтказилишини, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” (22 июнь) ва БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” (12 декабрь) резолюцияларининг қабул қилинишини алоҳида таъкидлаш мумкин. Ушбу форматдаги иккинчи учрашув 2019 йилнинг апрелида Тошкентда бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ва давлат раҳбари илгари сурган Афғонистон можаросини ҳал этиш ва уни минтақавий иқтисодий лойиҳаларга жалб қилиш бўйича таклифлари кенг миқёсда халқаро эътирофга сазовор бўлди.

6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда 70 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирокида биринчи Мақом санъати халқаро форуми бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларининг фикрича, ушбу форум жаҳон маданиятининг мулкига айланган ноёб ўзбек миллий мақомини сақлаш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Циндаода (9 июнь) бўлиб ўтган навбатдаги саммитида Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури қабул қилинди. Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши Ўзбекистон Республикаси вакили – В.Норовни ШҲТнинг Бош котиби этиб сайлади.

27 ноябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган юқори даражадаги тадбир бўлиб ўтди.

Фонднинг асосий вазифаси Ўзбекистон, БМТ ва халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, техник-молиявий ресурсларни сафарбар этиш, минтақага инновацион технологияларни жалб қилиш орқали Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат.

2018 йилнинг ноябрида Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллигига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Форум жаҳон ҳамжамияти томонидан инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини юксалтиришга, манфаатлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ижтимоий аҳамиятга молик глобал воқеа сифатида эътироф этилди.

11 декабрда Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти “Диний эркинликни тизимли, давомий ва жиддий равишда бузишда иштирок этувчи мамлакатлар рўйхати”дан Ўзбекистонни чиқарганлигини эълон қилди. Бу қарор мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилишининг муҳим далилидир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019