Жон Николсон: Афғонистон ҳукумати “Толибон” билан яширинча музокаралар олиб бораяпти

15:05 01 Июнь 2018 Дунё
1064 0
Фото: ariananews.af

Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида фаол ҳарбий қарама-қаршилик давом этаётганига қарамасдан, ҳукумат ва “толибон”лар вакиллари вазиятни тартибга солиш бўйича яширинча учрашувлар ўтказмоқда.

Бу ҳақда НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий кучлари қўмондони, генерал Жон Николсон маълум қилди.

У Қобул ва ҳукуматга қарши ҳаракат ўртасидаги мулоқот армия ва полицияга ҳужумлар уюштириш сони қисқаргани фонида ўз мевасини бераётганини қайд этган.

“Толибон”нинг ўрта ва юқори бўғиндаги раҳбарлари гарчи дипломатик фаолият яширинча рўй бераётган бўлса-да, афғон ҳукумати билан ўзаро алоқа олиб бораяпти”, деди генерал.

Жон Николсоннинг айтишича, охирги беш йилда февраль-апрель ойлари оралиғида жангарилар ҳужумлари кўрсаткичи 30 фоиз камайган. Гарчанд “толибон”лар баҳорги ҳужумни бошлаган пайтда зўравонликлар сони ошган бўлса-да, ўтган йил ёздагига нисбатан хуружлар 10-12 фоиз камлигича турибди.

Николсон Афғонистоннинг 20 та музофотини қамраб олган фуқаролар тинчлик ҳаракати бу борада ижобий белги эканлигини таъкидлади.

“Илгари бундай ҳолат бу ерда бўлмаган”, деди америкалик ҳарбий. У Колумбияда икки йил олдин бўлгани каби афғон можаросига ҳам тинч йўл билан ечим топилишига умид билдирди.

Маълумот учун, Колумбияда марказий ҳукумат билан FARC коммунист қўзғолончилар ўртасида 1948 йилда бошланган қарама-қаршиликлар 2016 йилгача давом этганди. Шундан сўнг томонлар тинчлик сулҳини тузиб, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган. Айни пайтда қўзғолончилар давлат тизимига интеграциялашув жараёнини бошдан кечираяпти.

Эслатиб ўтамиз, 30 май куни америкалик ҳарбийлар Афғонистон жанубида HIMARIS ракета-артиллерия тизими ҳужуми натижасида “Толибон” ҳаракатининг 50 нафар қўмондони йўқ қилингани ҳақида маълумот беришганди. НАТОнинг Афғонистондаги контингенти матбуот котиби Мартин О’Донелл бу каби йўқотишлар бутун мамлакатдаги “толибон”лар руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб ўтди.

Ўз навбатида, “Толибон” ҳаракати мамлакатда жорий йил 20 октябрга белгиланган парламент ва музофот кенгашларига сайловларни барбод қилиш учун уринаяпти. Жумладан, ҳужумлар ва таҳдидлар туфайли сайловчиларни рўйхатга олиш бўйича 4491 та марказдан фақатгина 3260 таси ишламоқда. Халқаро жамоатчилик ва мамлакат ҳукумати фикрича 2015 йилдан бери кечиктириб келинаётган парламент сайловлари Афғонистонни демократлаштириш ва барқарорлаштириш йўлидаги қадамдир. “Толибон”лар эса “ташқи кучлар” назорати билан ташкил этиладиган мазкур жараёнлар қонуний ва холис эмас, деб ҳисобламоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар