Жомбой туманида 40 нафар ўқитувчида коронавирус аниқланди

11:25 12 Сентябр 2020 Жамият
341 0

11 сентябрь куни халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди. Бу ҳақда Жомбой тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминлаш, дезинфекция ишларини ташкил этиш, янги ўқув мавсумига тайёргарлик ҳолатини муҳокама қилиш ва таълим муассасалари фаолиятини тиклаш масалалари кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда тумандаги 56 та умумтаълим мактабида 32 349 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилида 3 568 нафар бола 1-синфга қабул қилинган.

Сессия ишида депутатларга ахборот берган Жомбой туман халқ таълими бўлими мудири З.Юсупова янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида 48 та мактаб жамоасидан 1 934 нафар ўқитувчи тиббий текширувлардан ўтказилгани, текширув натижасида 40 нафар педагогда коронавирус аниқланганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра вирус юқтирган ходимлар таълим жараёнига жалб этилмайди, улар онлайн тарзда иш фаолиятини давом эттириши мумкин. Яна 28 та мактаб ўқитувчиларидан олинган тест натижалари кутилмоқда.

Шунингдек, тумандаги мактабларда оралиқ масофани сақлаш, ўқувчиларни зарур тиббий воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилган. Ҳар бир муассасада алоҳида тиббиёт хонаси ташкил этилган. Уларда тиббиёт бирлашмасидан бириктирилган ҳамширалар фаолият юритади.

Сессияда сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сонининг ортишидан келиб чиқиб, янги ўқув йилини тумандаги иккита – 34 ва 38-умумтаълим мактабларида 14 сентябрдан эмас, балки 16 сентябрдан тажриба-синов сифатида бошлаш таклиф қилинди.

COVID-19 коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолати аниқланмаган 12 та мактабда дарсларни 21 сентябрдан тегишли кетма-кетликда бошлаш мавзуси кун тартибига қўйилди. Қолган мактаблар фаолиятини тиклаш вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилиниши тавсия этилди.

Сессияда мактабгача таълим бўлими мудири берган ахборот депутатлар томонидан қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Туман Мактабгача таълим бўлими мудири Д.Облоқулова ҳудуддаги болалар боғчалари фаолиятини 14 сентябрдан тиклашни таклиф қилди.

Депутатлар томонидан ахборотда айнан қайси МТМлар мавсумга тайёр эканига ойдинлик киритилмагани танқид қилинди. Шунингдек, бу борада ўтказилган сўровномага кўра, ота-оналарнинг 44,7 фоизи розилик билдириши қарор қабул қилиш учун камлик қилиши айтилди.

Сессияда мактабларда янги ўқув йилини 16 сентябрдан босқичма-босқич тарзда бошлаш таклифи маъқулланди. Туман МТТ мудирининг ахбороти депутатлар томонидан рад этилди ва кейинги сессияларда қайта кўриб чиқилиши белгиланди. Жомбойда боғчаларнинг очилишига ҳозирча рухсат берилмади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?