Жиззахда “Обод қишлоқ” дастури асосида 565 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда

18:33 27 Ноябрь 2018 Жамият
532 0

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрида Бош Қомусимиз қабул қилинган куннинг 26 йиллиги муносабати ҳамда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ишларнинг сарҳисобига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан минглаб инсонлар, қўшни республикалардан меҳмонлар иштирок этишди.

Вилоятда жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида шаҳар ва туманлардаги жами 35 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 565 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобига 10452 та якка тартибдаги аҳоли уйлари ва кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, 176,6 километр ичимлик суви тармоқларини қуриш, 305 километр электр тармоқларини янгидан тортиш, 250 километр ички йўлларни таъмирлаш, 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.

Фаол ижтимоий сиёсатни амалга оширишни давом эттириш мақсадида яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож қишлоқ оилалари учун 656 та арзон уй-жойларни қуриш ишлари бошланиб, яшаш учун барча қулайликларга эга бўлган хонадонлар босқичма-босқич ўз эгаларига топширилмоқда.

Жорий йилда вилоятда жами 4718 та ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 600 тага кўп уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилиши таъминланади. Мазкур уй-жойларнинг 1568 таси намунавий лойиҳадаги уй-жойлар ва 3150 таси аҳоли томонидан якка тартибдаги қурилаётган уй-жойлардир.

Гагарин шаҳридаги эски барак типида қурилган уйларда яшовчи 380 та оила учун арзон баҳоли намунавий типдаги барча қулайликларга эга бўлган уй-жойларга кўчиб киришди. Шу куни шаҳарнинг Ғалаба маҳалласида 36 та, Боғбон маҳалласида 10 та оилага янги қуриб битказилган янги намунавий лойиҳадаги кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг калитлари топширилди.

Маълумки, мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда,бу тоифадаги шахсларни имтиёзли уй-жой билан таъминлаш, ўз имконияти даражасида меҳнат қилишига шароит яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ғалаба маҳалласида айнан шу мақсадда икки қаватли замонавий уй қуриб битказилиши бу эзгу мақсаддаги ишнинг амалий ифодаси бўлди. Бу уйнинг 19 хонадонига алоҳида ғамхўрликка муҳтож фуқаролар кўчиб кирди.

- Мирзачўл чўлини ўзлаштириш вақтида бошқа тенгдошларим қатори мен ҳам биринчилардан бўлиб ўз ихтиёрим билан шу туманга келиб қолганман, - дейди Олтмишбой Одилов. – Йиллар ўтди, меҳнат қилишдан чарчадим. Ўзимни ўйлаб уй-жой қурмадим, пахта экдим, далада меҳнат қилдим. Бу меҳнатим ўз ҳолига ташлаб қўйилмади. Давлатимиз томонидан уй-жойим йўқлиги, ёлғизлигим инобатга олиниб янги уйга кўчиб кирдим, бундан жуда ҳам мамнунман.

Шу куни Гагарин шаҳридаги янги қурилган муҳташам “Садаф” тўй ва тантаналар мажмуасида кам таъминланган оила фарзандларидан 9 нафарининг суннат тўйлари ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т. Худойберганов иштирок этди.

Толибжон ЭРГАШЕВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019