Жиззахда Халқаро инвестицион форум ўз ишини бошлади

18:32 29 Август 2018 Иқтисодиёт
463 0

Бугун Жиззахда Халқаро инвестицион форум ўз ишини бошлади. Ушбу тадбир Жиззах вилоятининг инвестицион салоҳиятини намоён этиш ҳамда ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмасини ташкил этиш мақсадида ўтказиляпти. Форум Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Анжуманда Буюк Британия, Германия, Греция, БАА, Исроил, АҚШ, Ҳиндистон, Испания, Латвия, Беларусь, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Россия, Туркия, Сингапур, Жанубий Корея, Япония сингари жами 28 мамлакатдан 300га яқин иштирокчилар қатнашмоқда. Шунингдек, унда мамлакатимиздаги чет эл дипломатик миссиялари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этяпти.

Форум доирасида халқаро ишбилармонлик доиралари вакиллари Жиззах вилоятининг ижтимоий- иқтисодий ривожланиш даражаси, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар билан таништирилади. Бу ҳам хорижлик, ҳам маҳаллий ишбилармон учун катта имкониятлар тақдим этиши шубҳасиз.

Зеро, бугунги кунда Жиззах вилоятида 2 та эркин иқтисодий зона мавжуд. Булар “Жиззах” ҳамда яқинда асос солинган “Зомин-фарм” эркин иқтисодий зоналаридир.

“Жиззах” ЭИЗ ҳудудида қурилиш материаллари, тўқимачилик, фармацевтика, машинасозлик ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Ҳусусан, бугунги кунда 16 та хорижий ташкилот бу ерда ўз маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. “Auto Pad Systems”, Juita Gulshana Invest”, “Smart vision” каби масъулияти чекланган жамиятлари шулар жумласидандир.

Жорий йилнинг май ойида “Жиззах” ЭИЗ худудида Хитой компанияси иштирокида ойна заводи қурилишининг биринчи босқичи якунига етказилди. Бу ишларга жами 28,9 миллион АҚШ доллари сарфланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 110 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Завод фаолиятининг тўлиқ йўлга қўйилиши 2019 йилга режалаштирилган. Шу тариқа Жиззах ойна заводи Ўрта Осиёда ушбу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхонага айланади.

“Зомин-фарм” ЭИЗ ҳудудида эса фармацевтика маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

Қайд этиш керак, Жиззах вилояти географик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган. Бу ернинг яна бир ўзига ҳос жиҳати шуки, тоғлар ва тоғ ёнбағирларида таркибида темир, олтингугурт, водород, радий, кремний кислотаси, карбон гази, ишқорли термо минераллар бўлган шифобахш сув манбаларининг борлигидир.

Вилоятда табиий ресурсларга бой 40 та йирик кон мавжуд. Жумладан, 1 та олтин, 2 та кумуш, 3 та рангли металл конлари бор. Ҳозирги кунда улардан республика ва вилоят иқтисодиёти учун фойдали бўлган хом ашё қазиб олинмоқда.

Ривожланаётган ҳудудлардан бири саналган Жиззах вилояти инвестицион лойиҳаларнинг энг асосий нуқталаридан бирига айланиши мумкин. Ҳудуднинг барча имкониятлари 2 кунлик форум доирасида тўлиқ намоён этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси иштирокида семинарлар ҳам ташкил этилади.

Инвестиция форуми қатнашчилари “B2G” ва “B2B” шаклларида ташкил этиладиган кооперация биржаларида иштирок этишади. Тадбир доирасида инвесторлар ўзларининг фаолиятларидан келиб чиққан холда хорижлик ҳамкорлар билан ташкил этилган вилоятдаги қўшма корхоналар ҳамда маҳаллий компанияларга ташриф буюриб, уларнинг қўшма лойиҳалари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Жиззахнинг маданий-тарихий, туристик ва рекреацион-туристик салоҳияти инвестицион форум доирасида хорижлик инвесторларга кўрсатиб берилиши режалаштирилган.

Тадбирнинг иккинчи куни, яъни эртага чет эллик меҳмонлар Жиззахнинг туристик масканлари, шу жумладан, ноёб қўриқхона ҳудуди ҳисобланган Зомин миллий хиёбонида бўлишади.

Халқаро инвестицион форум якунларига кўра қурилиш материаллари, тайёр чарм маҳсулотлари ва пойафзал ишлаб чиқариш, узумчилик ва мева-сабзовотни қайта ишлаш ҳамда дори воситалари соҳасида Жиззах вилояти ҳудудида бир қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорлик борасида келишувлар имзоланиши режалаштирилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар