Жиззахда гўштнинг нархи нега ошмоқда?

10:43 18 Сентябр 2019 Жамият
236 0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон бир йилда ўртача 55 килограмм гўшт истеъмол қилиши керак. Агар оилада тўрт-беш нафар одам яшашини ҳисобга олсак, унда 220-275 килограмм гўшт зарур бўлади.

Албатта, оиланинг моддий имкониятлари етарли бўлсагина, бунча гўштни сотиб олиши мумкин. Болажон халқмиз. Аксарият оилаларимизда беш ва ундан ортиқ одам истиқомат қилади. Табиийки мазкур хонадонларда гўшт истеъмоли миқдори яна ошади. Бу оила бюджетига ҳам катта таъсир кўрсатади.

Сўнгги вақтларда бозор расталари ва дўконларда гўшт нархининг кескин ошиб бораётганидан кўплаб фуқароларимиз ташвишга тушишмоқда. Бундан бир-бир ярим ой муқаддам унинг нархи 40 минг сўм бўлган бўлса, айни пайтда ҳар килоси 50-52 минг сўмдан сотилмоқда. Хўш, бунга сабаб нима? Нега гўшт қимматлашиб бораётир?

Бўрдоқи семиртиришнинг мавсуми бор

— Ҳар йили ёз ойларида бозор-ларда гўшт нархининг ошиши табиий жараён, — дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг чорвачилик ва пиллачилик озуқа базасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Нурпўлат Тўрабоев. — Айнан бу вақтда нарх-навонинг кўтарилишида гўшт етиштириш омиллари муҳим сабаб ҳисобланади. Асосий манбалар бўрдо-қичилик мажмуалари ва аҳоли боқувидаги қорамолдир.

Бўрдоқи семиртиришнинг мавсуми бор. Қишлоқларда яшаётган аҳоли ёзда деҳқончилик билан машғул бўлади. Уларнинг молни бўрдоқига боқишга вақти бўлмайди. Шунингдек, эрта баҳордан аҳоли қорамолларини далага ҳайдаб, уларни очиқ майдонларда тайёр хашак билан боқишни афзал кўради. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Далада арқондаги мол юз кунда гўштга тайёр бўлса, уй шароитида оғилхонада бойлаб боқилган мол унинг ярмида, кўпи билан эллик кунда семиради. Бу табиий жараён ўз-ўзидан сотувда гўштнинг камайишига олиб келади.

Куз охирларида аҳоли молларини даладан қайтариб, уйда боқиш орқали тирикчилик қилади. Бу эса бозорларда семиз, сифатли гўштнинг кўпайишига олиб келади.

Айни кунларда Жиззах шаҳар марказий деҳқон бозори (Кўкбозор)да лаҳм гўштнинг килоси 62 минг сўм, харидорлар кўпроқ савдо қиладиган "суякли" гўштлар 50-52 минг сўмдан сотилаяпти. Тўғри, қишлоқ билан шаҳар ўртасида гўштнинг нархида озроқ тафовут бўлади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздай, қишлоқдагилар эрта баҳордан кеч кузгача томорқаларида экинтикин билан овора бўлишади. Лекин улар рўзғорларига етарли миқдорда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қишга захирага сақлаб қўйишади. Шунингдек, ҳовлиларида товуқ, ғоз, курка каби хонаки паррандаларни боқиб, гўштини хоҳлаган пайтдаистеъмол қилишлари мумкин.

Шу сабабдан бозордаги гўштга эҳтиёж-лари кам. Шаҳарда эса аксарият аҳолининг парранда боқиш, томорқада сабзавотларни етиштириб, захира қилиш имконияти йўқлиги учун кўпроқ маҳсулотлар бозордан харид қилиниб олинади. Қишлоқдаги оила бозордан бир ойда бир килограм гўшт харид қилса, шаҳарликлар тўрт-беш килограмм гўшт сотиб олади.

— Маош, нафақалар ошгани сайин озиқ-овқатларнинг ҳам нархи бирданига кўтарилиши ҳеч кимга сир бўлмай қолди, — дея ўз фикрини билдиради Жиззах шаҳрида яшовчи нафақахўр Барно Каримо-ва. — Айниқса, пенсия пулини қўлга олмасимиздан бозор ва дўконларда нарх-наво аллақачон ошган бўлади. Ўғлим қурилишда ишлайди. Ўзим нафақадаман. Оилада 7 жонмиз, 4 нафар неварам бор. Иккимизнинг маош ва нафақамиз еб-ичишимизга базўр етади. Шу боис ҳам доимо рўзғоримизда гўшт бўлавермайди. Шундай пайтда невараларимга ачиниб кетаман. Ҳозир бироз нимжон, камқувват бўлиб улғайишмоқда. Балки бу уларнинг гўштни кам миқдорда истеъмол қилишидандир.

Бир килограмм гўшт катта оилага икки ёки уч маротаба овқат қилишга етарли бўлади. Ойда бир марта гўшт сотиб ололмайдиган хонадонлар ҳам йўқ эмас. Гўшт нархи нисбатан арзон қилиб қўйилса, фарзандларимиз ҳам соғлом вояга етарди.

Мол боқиш осон эмас

Илгари нафақат қишлоқларда, шаҳарларда ҳам хонадон эгалари қорамол, қўй боқиб, чорва билан шуғулланишган. Шунинг учун ҳам гўшт сероб, нархи ҳам баланд бўлмагандир. Кўпчилик оилаларда гўшт муаммо эмасди. Имкон қадар, қозон "қайнаб" турган. Зоминда Пшағарлик қассоб Раҳмон бобо Ботировнинг кунига 1,5 тонналаб гўшт сотганини ҳали-ҳамон эслашади.

Бўрдоқичиликда озуқанинг ўрни ғоятда катта. Мутахассисларнинг айтишича, бир килограмм гўшт нархининг қарийб 65 фоизини ем харажатлари ташкил этаркан. Бироқ кейинги йилларда шрот, омухта ем маҳсулотларининг нархлари кун сайин ошиб бормоқда. Ҳаттоки ўтган йили хашакнинг ҳам нархи "осмонга" чиқиб кетди. Агар мав-жуд чорва молларининг асосий қисми аҳоли ва деҳқон хўжаликлари тасарруфидаэканлигини инобатга олсак, битта бўрдоқи боқиш хонадон бюджетидан анча-мунча харажат талаб қилиши ойдинлашади.

Ғаллаороллик тадбиркор Бахтиёр Умматовнинг фикрига кўра, бир ёшга тўлган озғин буқани бўрдоқига боқиш учун камида 3 ойлик меҳнат талаб этилади. Бунда ҳар куни унга ўртача 9 килограмм ем, яъни 3 кило шрот, 2 кило кепак, 3 кило шелуха ва 1 кило майдаланган маккажўхори ёки буғдой аралашмаси бериларкан. Бундан ташқари, кунига қўшимча 7-8 килограмм атрофида дағал-хашак бериб бориш керак. Ҳозирги кунда бозорда бир боғ прессланган беда 12-15 минг, сомон 6-8 минг, омухта емнинг килоси 2700-2800 сўм экани ҳисобга олинса, қорамол боқишнинг харажатлари қанчага тушишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Албатта, бу нархлар айрим жойда бир-биридан фарқ қилиши мумкин.

Гўштнинг нархи емхашак баҳоси билан боғлиқ эканлиги маълум, аммо масаланинг яна бир томони бор. Мамлакатимизда ҳар йили миллион тонналаб пахта ва ғалла етиштирилади. Аммо чорва озуқаси ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиб бериш муаммолигича қолаётир. Бунинг сабаби нимада?

Вилоятдаги ем маҳсулотлари етказиб берувчи корхоналарнинг фаолиятлари ўрганилганда, улар ем-озуқага бўлган талабнинг бор-йўғи 15-20 фоизинигина қондириши ойдинлашди.

Бу ҳам тегишли жадвал асосида белгиланган истеъмолчиларга сотилар экан. Аҳолининг қарийб 80-85 фоизи емни олиб-сотарлар қўлидан олишга мажбур. Бир пайтлари халқимизни арзон ем маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ташкил қилинган омухта ем ташкилотлари "изсиз" йўқолди.

Хуллас, гўшт нархининг ошишига кўплаб омиллар таъсир қилмоқда. Мазкур масалаларнинг ечимини топмасдан нарх-навони маъмурий йўл билан чеклаш амалиёти самара бермаслигини эса ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Шу ўринда яна бир мулоҳазамиз бор. Халқимизни гўштга бўлган эҳтиёжини қондиришда фақат чорва гўштига таяниб қолинмаслиги керак. Ер ва сув ресурслари, яйловлар чекланган шароитда қорамолчилик нисбатан катта харажат талаб этишидан кўз юмиб бўлмайди. Шунинг учун соҳада ноанъанавий йўналишларни ривожлантириш орқали маҳсулотлар турини кўпайтириш, таннархини арзонлаштириш мумкин. Бунда куркачилик, қуёнчилик, ўрдак ва ғозчилик, балиқчилик каби тармоқлар ва бошқа қўшимча имкониятлардан фойдаланиб озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, гўштнинг нархи аҳолига мақбул даражада бўлишига эришиш даркор.

Эчкига жон қайғуси...

Гўштнархининг қандай бўлишидан қатъий назар, қассоблар ҳеч қачон зиёнига ишламаслиги аниқ. Ҳамиша қўл ҳақини зиёди билан олиб келган. Айниқса, бўрдоқи моллар кўпайган пайтлари уларнинг пичоқлари яна мой устида бўлади. Хўш, битта бўрдоқини сўйиш учун қассоб қанча ҳақ олади?

Мол эгасининг қайта-қайта илтимос қилишлари ва ялинишларидан сўнг қассоб ниҳоят бир кунни белгилайди. Сўйишгамас, бўрдоқининг ҳолатини бориб кўриб келишга. Ахир боқувдаги мол ориқми, семизми, қатъий назар қассобнинг дидига тўғри келиши шарт. У узоқ кутишлардан сўнг мол сўйишга келади. Тери, гўштнинг жигар, думғаза (3-4 килограмм атрофида) қисмлари қассобнинг ҳақи (яна ким билсин) бўлади. Шунингдек, аввал келишилганидек гўштни бозордагидан 2-3 минг сўм арзонига олади. Ажабланарлиси, гўшт қимматлиги боис туриб қолармиш, вазни йўқолармиш... Хуллас, бошқа майда харажатлар (транспорт, тарози) ҳаммаси молнинг эгаси ҳисобидан бўлади. Қассоб инсофли бўлса, 2-3 ҳафтадан сўнг эгаси ундан гўшт пулини олиши мумкин. Бунгача баъзи "азамат"лар бу маблағни яна бир-икки марта бозорда айлантиришга ҳам улгуради. Энди қассобнинг ҳақи қанча бўлишини ўзингиз ҳисоб-китоб қилишингиз мумкин.

Гўшт нархининг ошишида қассобларнинг ҳам озми-кўпми ҳиссаси бор. Хуллас, халқимизнинг "Эч-кига жон қайғуси, қассобга мой..." деган нақли бекорга айтилмаган.

Чорва ривожига нималар тўсиқ?

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, вилоятимизда барча тоифадаги хўжаликлар бўйича 873 минг 133 бош йирик шохли қорамол,2 миллион 110 минг 941 бош қўй ва эчкилар парваришланмоқда. Бу статистик рақам. Унда мавжуд чорванинг асосий қисми шахсий ёрдамчи хўжаликлар ҳисобида эканлиги айрим саволларни туғдиради. Зеро, аҳоли ихтиёридаги чорва бош сонини ҳеч ким бирмабир санаб чиққан эмас.

Воҳамизда чорвачиликни ривожлантириш салоҳияти юқори. Бунинг учун етарли шарт-шароит, аҳолида эса керакли кўникма ва тажриба бор. Гап имкониятлардан тўғри фойдаланиш, соҳага юқори даражада хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш, ем ва озуқа таъминоти барқарорлиги, таннархининг арзонлигига эришишда, холос.

Биз "ҳайбаракаллачилик", "алдаш" қусурларидан ҳалигача қутулолмаяпмиз. Тепадан кимдир "гўшт нархини тушириш керак" деса, дарров қассобларнинг ёқасидан оламиз. Улар ҳам вазиятдан қутулиш баҳонасида ноилож қолгач, ёлғондакам бўлсада, "гўшт нархи..... сўм" деб ёзиб қўяди. Бироқ харидорга бу нархдан 20-30 фоиз қимматига сотаверади. Оқибатда сотувчи ва харидор ўртасида норозилик кайфияти пайдо бўлиб, ортиқча гап-сўз кўпаяди. Аслида бозор иқтисодиётида нарх-наво талаб ва таклиф асосида шаклланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, гўшт нархининг узлуксиз юқорилаб бораётганига асосий сабаб, озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги, реализация қилишда "воситачи"ларнинг кўплиги, озуқа етиштириш учун ер майдонларининг кам ажратилганлиги, жойларда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш корхоналарининг етарлича ривожланмаганлиги, чорванинг асосий қис-ми қўлида бўлган аҳолига бўрдоқичилик учун шароит яратилмаганидир. Ушбу муаммоларга барҳам бермас эканмиз, чорвачиликда ижобий натижага эришиб ҳам, гўштнинг нархини пасайтириб ҳам бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 мартдаги "Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ҳамда шу йил 28 мартдаги "Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ана шу муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Ушбу ҳужжатларда чорвачилик билан шуғулланувчи аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ем-хашак етиштириш учун экин майдонларини доимий ёки узоқ муддатга ижарага бериш, имтиёзли кредитлар ажратиш, наслчилик ишларини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳага илмий ёндашувни кенг жорий этиш ва бошқа қатор чора-тадбирларнинг амалга оширилиши белгиланган.

Айни пайтда вилоятимизда қабул қилинган дастур асосида 2019-2020 йилларда 24 та бўрдоқичилик мажмуалари қуриш ишлари белгиланган. Шундан 7 таси жорий йилда ишга туширилиши керак. Ҳозир 250-300 бошга мўлжалланган бундай мажмуалар Пахтакор, Зарбдор ва Янгиобод туманларида қурилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш ҳисобига беда майдонларини кенгайтириш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси гўшт нархининг арзонлашишига хизмат қилади.

Абдушукур ЛАПАСОВ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019