Жиззах вилоятида чой ва чой маҳсулотлари етиштирилиши мумкин

15:25 05 Сентябр 2018 Жамият
343 0

Жиззахда якунланган Халқаро инвестицион форумда Ўзбекистоннинг қатор ишлаб чиқариш компаниялари хорижий компаниялар билан шартномалар имзолади. Бу ҳақда Давлат инвестиция қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, “Ўзчармсаноат“ уюшмаси форум доирасида 5 та инвестицион битим имзолади. Уюшма Туркиянинг “Mader Deri San. Ve Tic.“ компанияси билан тайёр чармни қайта ишлаш, сумка, чарм ва бошқа материаллардан аксессуарлар ишлаб чиқариш, жунни қайта ишлаш бўйича “NPP “Paxtamash КВ“ ОАЖ билан, доривор препаратларни ишлаб чиқариш бўйича Ҳиндистоннинг “Infinity Group“ компанияси билан келиш олди.

Айни чоғда юртимиз вилоятларида газобетон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича 3 та чет эл компанияси (Ҳиндистоннинг “Agio Group“, Туркиянинг “Ercanlar Matbaacilik Ambalaj Sanayi ve Ticaret Limited Şirketi” ва Германиянинг “Wehrhahn GMBH“) билан сармоявий битим имзоланди.

“Ўзкимёсаноат“ АК ва Кореянинг “LG International“ компанияси ўртасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат маҳсулотларини қадоқлашда фойдаланиладиган полипропилен плёнкаларни ишлаб чиқариш, атторлик ва маиший кимё товарлари, тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Ижтимоий ҳимоя ва Жиззах шаҳри ҳамда Жиззах вилояти маҳаллий аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “VAMs GmbH“ компанияси ўртасида форумнинг шўъба мажлиси давомида аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдам кўрсатиш соҳасида инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича битим имзоланди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Beijing Jiufang Grang Move Transportation Equipment Co.Ltd“ билан инфратузилма лойиҳалари соҳасида битим ҳамда Германия-Хитой уюшмаси (ДСКД) билан санъат ва дизайн соҳасида маданий алмашинув бўйича битим имзоланди.

Шунингдек, Жиззах шаҳри ҳокимлиги ва Хитой компанияси ҳамда ДСКД ўртасида транспорт хизмати ва меҳмонхона қурилиши соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишув ҳужжати имзоланди.

Жиззах вилоятининг туман ҳокимликлари ва Хитойнинг “Heangshui Decheng Machinery and Equipment Co. Ltd” компанияси ўртасида ғишт ва цемент заводлари, базальт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, мева-сабзавотлар етиштириш бўйича иссиқхоналар ва парранда фабрикаларини яратишга йўналтирилган 6 та инвестицион битимлар имзоланди.

“Зомин-фарм“ ЭИЗ ва хитой ҳамда Жанубий Корея компаниялари билан 2 та битим имзоланган. Хитойнинг “Heangshui Decheng Machinery and Equipment Co. Ltd” компанияси билан тўлиқ циклли кимё-фармацевтика фабрикаси қурилишини амалга ошириш бўйича келишув имзоланган.

Жанубий Корея компанияси билан рентген ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича корхонани йўлга қўйиш битими имзоланган.

Жиззах вилоятининг Рашидов ва Янгиобод туманлари ҳокимликлари Корея Республикасининг “Special trading group corp“ компаниялари билан иссиқхона тизимлари ишлаб чиқарувчи корхонани йўлга қўйишга қаратилган инвестицион битим ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Форум доирасида ташкиллаштирилган “B2G“ “B2B“ шаклидаги музокаралар давомида қуйидаги келишувларга эришилган:

- Чехиянинг “BIZNES CZ“ S.R.O компанияси билан цемент ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича келишув имзоланган.

- Беларуснинг “Белалек Групп“ компанияси ва “Zomin Pharm“ ОАЖ билан вирусларга қарши янги дори препаратларини ишлаб чиқиш марказини ташкил этиш бўйича Бош битим имзоланган.

- Исроилнинг “VP Agriculture Projects LTD“ компанияси Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида ташкил этилиши кўзда тутилган замонавий иссиқхона мажмуаси доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашади.

- Жиззах вилоятининг Рашидов туманида Тожикистоннинг “Проммонтаж“ компанияси билан ҳамкорликда бетон ва асфальт ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзоланган.

- Туркиянинг S.S. Bademli Fidancilik Tarimsal Kalkinma Kooperatifi қишлоқ хўжалиги кооперативи ва Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳокимияти ўртасида вирусдан холи бўлган мевалар ва узум кўчатлари етиштириш бўйича ниҳолхона ташкил этиш бўйича меморандум имзоланган.

- Хитойнинг чой ишлаб чиқариш бўйича илмий-ишлаб чиқариш маркази билан чой ва чой маҳсулотларини етиштиришни ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Жиззах вилояти ҳокими форумдаги ўз чиқишида давомида 2018-2019 йилларда Жиззах вилоятида чет эл инвестициялари иштирокида умумий миқдори 1 миллиард АҚШ долларига тенг 25 та регионал ва 14 та соҳаларга оид лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар