Жиззах вилояти: Тақдирларни ўзгартирган ташаббус

10:29 13 Февраль 2019 Жамият
531 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”.

Мирзачўлда қилинган ишлар яхши тажриба, намуна бўлди. Энди Жиззах вилоятининг ҳар бир тумани марказини шу тарзда обод қилиш, зарур қурилиш-таъмирлаш ишларини шу йилнинг ўзида якунлаш керак.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Жиззах табиий ландшафти жиҳатидан мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан алоҳида ажралиб туради. Пурвиқор Зомину Нурота тоғлари, бепоён дашту чўллар ва катта майдонни эгаллаган Айдар — Арнасой кўллар тизими... Буларнинг барчаси вилоятдаги жуғрофий ранг-барангликни таъминлаган. Жиззахликларни унумдор ер, қазилма бойликлар, иқлим шароити жиҳатидан ҳам табиат сийлаган. Хўш, шунча имконият бўла туриб, нима учун вилоятнинг салоҳияти яқин-яқинларгача кўнгилдагидек юзага чиқмаган?!

— Биласизми, ўтган асрнинг 60 — 70-йилларида чўлларни ўзлаштиришга, пахта яккаҳокимлигига зўр берилди, — дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов. — Кечагидек ёдимда, ўша даврларда бутун бошли қишлоқлар чўлларга кўчирилди. Фақат мўл ҳосил етиштириш, катта даромад олишга ҳаракат қилинди. Лекин, афсуски, одамлар тақдири билан ҳеч ким қизиқмади. Собиқ иттифоқ даврини қўя турайлик, яқин ўтмишда ҳам Жиззах эътибордан четда қолиб кетди. Амал-тақал қилиб ишлаб турган саноат корхоналари ҳам турли муаммолар гирдобида инқирозга юз тутди. Оқибатда отамерос деҳқончилик ва чорвачилик аҳолининг асосий тирикчилик манбаи бўлиб қолаверди. Бу нотўғри сиёсат, таассуфки, аҳоли турмушига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Кучли ижтимоий-иқтисодий муаммолар юзага қалқиб чиқа бошлади.

Ёзда чанг-тўзон, қишда лой кўчалар, палапартиш қуриб ташланган пастқам ва кўримсиз уйлар, йўлларнинг абгор ҳолати ҳудуднинг қолоқликка юз тутганини яққол ифодаларди…

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”.

Анорбой оғанинг куюнчаклик билан айтган гапларини тинглаб, дастлаб Манасда, кейин бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган “Обод қишлоқ” дастури айнан Жиззахдан бошлангани ҳам бежиз эмаслигига яна бир карра амин бўлдик. Ахир ушбу вилоят аҳолиси ҳам яхши яшашга, орзулари рўёбини кўришга ҳақли-да!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Одамларимиз ислоҳотлар самарасини узоқ келажакда эмас, бугун ўз ҳаётлари мисолида ҳис қилишлари, сезишлари керак” деган халқчил сиёсати айни шу жиҳатдан ҳам юртдошларимизни руҳлантириб юборди, қалбларига чўғ солди, дунёга бошқа кўз билан қарашга ўргатди, тасаввурларини кенгайтирди. Мазкур тамойилнинг дастлабки меваларини Жиззахдаги тарихий ўзгаришлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Номи шаҳарча эди-ю, аммо…

— Шу ернинг фарзанди сифатида яхши биламанки, Жиззахнинг аҳволи оғир, Мирзачўл туманиники эса ундан-да мураккаб эди, — дейди Мирзачўл тумани ҳокими Комил Холмуродов. — Давлатимиз раҳбарининг ислоҳотларни мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларидан бошлаганида ҳам катта маъно бор.

Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида Мирзачўл ўзлаштирилиб, туманимизга асос солинган. Ўшанда ўн минглаб оилалар чўлга кўчирилиб, вақтинча яшашлари учун оддий ёғочдан бараклар қурилган. Улар кейинчалик бузиб ташланиши ва янги тураржойлар бунёд этилиши режалаштирилган экан.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”.

Аммо, мана, орадан эллик йил ўтибди ҳамки, Мирзачўлда ҳеч бир ўзгариш амалга оширилмади. Бу ерда яшаётган инсонлар тақдири эса умуман эътибордан четда қолиб кетди. Одамлар ҳамон баракларда яшаб келаётганди, шунга мажбур эди. Ҳар ким қурби етганича қўшимча бинолар — кимдир ошхона, тандирхона, яна кимдир молхона тиклаб олган бўлса-да, пастқам ва палапартиш қуриб ташланган иморатлар, нураган уйлар дилни хуфтон қиларди. Табиийки, бу баракларда инфратузилма ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Гарчи, туман маркази — Гагарин шаҳарчаси деб аталса-да, бу ерда баъзи қишлоқлардаги шароит ҳам йўқ, боз устига, аҳолининг деярли 90 фоизи ишсиз эди.

Кейинги бир йил давомида Гагарин, агар таъбир жоиз бўлса, мирзачўлликларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмайдиган оламшумул ўзгариш ва янгиланишларга юз тутди. Бараклар бутунлай бузиб ташланиб, қисқа муддатда замонавий типдаги уйлар бунёд этилди. Уларга 370 оила кўчиб кирди. Марказий кўчалар билан бирга, маҳалланинг барча ички йўлларига асфальт ётқизилди. Тўртта кўп қаватли тураржой биноси қад ростлади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”.

Энг қувонарлиси, бирин-кетин иш бошлаётган катта-кичик корхоналар туманимизнинг жадал саноатлашувига туртки берибгина қолмай, бандлик даражасининг ошиши, одамларимиз турмуши фаровонлашувида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

“Тушимизга ҳам кирмаган воқеа бўлди”

Гагарин шаҳрининг марказий кўчасидамиз. Олти қаторли кенг йўл атрофига экилган манзарали дарахт кўчатлари ва анвойи гуллар қишнинг совуқ кунларида ҳам ҳудудга ўзгача фусункорлик бағишлаб турибди. Қад ростлаган муҳташам иморатлар меъморий қиёфаси бири иккинчисини такрорламайди. Уларнинг ҳар бири замонавий ёндашув асосида қурилган.

Давлат хизматлари маркази, мусиқа ҳамда санъат мактаби, Хотира ва ёдгорлик мажмуаси, турли банклар ҳамда супермаркетлар, кўп қаватли тураржойлар, Қозоқ миллий драма театри, стадион каби бир қатор иншоотларнинг кўркам кўриниши чўл бағридаги шаҳар қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди.

— Илгари уйимизга меҳмон чақиришга, очиғи, уялардик, — дейди Ғалаба маҳалласи, Баракат кўчасида яшовчи Мақсуд Мисиров. — Тасаввур қилинг, вояга етган уч фарзандим билан бир хонали барак уйда яшардик. Ошхонамиз тўртта ёғоч устундан тикланиб, устига тунука ёпилган ўчоқ-тандирдан иборат эди. Бошқа вилоятлардан қариндошлар, ёру биродарлар келиб қолса, ўзимизни қўярга жой тополмай, хижолат чеккан пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Ишлайман десанг, иш, шароитни яхшилайман десанг, имконият бўлмаса. Ўз ёғимизга ўзимиз қоврилиб, қисматимиз шу экан-да, деб юраверардик...

Йўқ, пешонамизга ундай ёзилмаган экан! Яқинда замонавий, барча қулайликка эга янги уйга кўчиб кирдик. Энди хонадонимизга келган меҳмонлар ҳавас қилишмоқда.

Бир оила тўла-тўкис, бахтли ҳаёт кечириши учун нимаики лозим бўлса, уйимизда барчаси муҳайё. Иссиқ ва совуқ сув бор. Газ ҳамда канализация тармоғига уланган. Фарзандларимнинг ҳар бирига алоҳида хона… Сизга айтайми, баъзан уйда ҳеч ким йўқлигида хоналарни айланиб чиқаман. Деворларига, шифтига қараб-қараб қўяман. Шукр, дейман қайта-қайта. Ишониш қийин-да.

Ҳаётимиздаги яна бир унутилмас воқеа — яқинда Президентимизнинг хонадонимизга ташриф буюрганлари бўлди. Бизни янги уй билан табрикладилар. Самимий сўзларини айтдилар. Бу биз учун жуда катта бахт. Агар, илгари шунақанги кунлар келиши хаёлингиздан ўтганмиди, деб сўрасангиз, асло, ҳатто тушимизга ҳам кирмаганди…

Айни пайтда турмуш ўртоғим ва қизим маҳалламизда фаолият бошлаган “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”да ишлашяпти. Улар ҳам беҳад хурсанд. Энди катта тўйлар қилмоқчимиз. Келинглар, меҳмон бўлиб кетасизлар!

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”.

Аччиқ қисмат қаршисида синмаган матонат

Мирзачўл тумани маркази бўйлаб кезарканмиз, йўл бўйидаги икки қаватли муҳташам тураржой эътиборимизни тортди.

— Мазкур бино шу пайтгача қаровсизликдан хароб аҳволга келиб қолганди, — дейди бизга ҳамроҳлик қилган туман ҳокимлиги мутасаддиларидан бири Холмўмин Ўроқбоев. — Бу ерда кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилиб, ҳудудимиздаги турли миллатга мансуб, ногиронлиги бўлган ва якка-ёлғиз 21 нафар нуронийга бепул берилди.

Хонадонлардан бирининг эшигини тақиллатдик. Эшикни очган отахон бизни ичкарига таклиф қилди.

— Яқинда 81 ёшни қаршиладим, — дейди Турдиали ота Хўжамбердиев. — Тақдир экан, бир ўғлим армиядан қайтмади. Яна бири автоҳалокатга учраб, вафот этди. Фарзанд доғини кўтаролмай кампирим ҳам мени ташлаб кетди… Қариндошларимнинг ўз оилалари, рўзғорлари бор. Қариган чоғимда уларга ортиқча юк бўлмайин, деб турли эгасиз, ташландиқ кулбаларда яшаб юрдим. Ёшинг бир жойга етганида хор қилмасин экан! Лекин Юртбошимизга минг раҳмат, қариганимда мени ёлғизлатиб қўймади...

Хонадонга аста назар ташлаймиз. Янги гиламлар тўшалган. Меҳмонхона диван, кресло, стол-стуллар билан жиҳозланган. Уй тўрида янги телевизор. Дарпардалар рангин матолардан тикилган. Ошхонада янги газ плитаси. Ваннадаги энг сўнгги русумдаги кир ювиш машинасини кўриб, ҳайратимиз чандон ортади.

У ердан чиқиб, яна бир хонадонга кирдик. Гулмуродова Жумагул дея ўзини таништирган аёл бизни қарши олди. Қирғиз миллатига мансуб опахоннинг ҳам қисмати оғир экан. Бир қизи, бир ўғлида туғма ногиронлиги бор. Юролмайди, туролмайди...

— Ўн олти йилдан буён ногиронлиги бўлган икки болам билан ижарама-ижара юриб, сарсон-саргардонликда кун кечирдик, — дейди кўзига ёш олиб Жумагул опа. — Биз кўрмаган қийинчилик қолмади. Хўжайиним ҳам биздан юз ўгирди. Уч нафар фарзандим билан кўчада қолгандик. Фарзандларим тез-тез касал бўлишади. Улардан ортиб, ишлай олмасам. Бошимни қай деворга уришни билмаган кунларим ҳам бўлди...

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”.

Жумагул опанинг сўзларини жимгина тинглашга ҳаракат қиламиз. Ўн олти йил-а! Унинг матонату жасоратини, садоқатини таърифлашнинг, тасвирлашнинг имкони йўқ.

Аччиқ қисматига қарши сабр-тоқат билан курашаётган бу аёлни ҳам Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самараси четлаб ўтмаганидан кўнглимиз таскин топди.

Бу ерда яна рус, татар, украин, қозоқ миллатига мансуб кишиларни ҳам учратдик...

Мирзачўл қолоқ ҳудуддан илғор саноат марказига айланади

Бир туман аграр соҳадан, хусусан, пахта ва ғалла ҳосилидан бир неча миллиард сўм даромад кўради. Уни экишдан тортиб, йиғиб-териб олгунча ҳудуднинг деярли бутун бир аҳолиси жалб этилади. Камига ўзга вилоятлардан ҳашарчилар чақирилади. Бунинг даҳмазасини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг. Йил бўйи меҳнат қиласан, даладан бери келмайсан, лекин косанг оқармайди.

Аслида эса бундан олинган даромад 400 — 500 киши меҳнат қиладиган кичик саноат корхонаси даромадидан кўп бўлмайди. Буни таққослаш ёки таҳлил қилиш учун малакали иқтисодчи ёки эксперт бўлиш шарт эмас. Шу боис ҳам бугун Президентимиз пахтачиликни кластер усулида йўлга қўйишга, қишлоқларга саноатни олиб киришга, янги-янги иш ўринлари яратишга устувор мақсад сифатида қарамоқда.

Қишлоқларни-ку қўя туринг, шу пайтга қадар Мирзачўл туманида бирорта ҳам айтарли саноат корхонаси йўқ эди. Ҳатто, бир пайтлар қурилган пахтани қайта ишлаш заводи ҳам турли баҳонаю сабаблар билан қўшни туманларга кўчириб кетилганди. Мирзачўлликлар пахтадан, ғалладан қанчалик мўл ҳосил етиштирмасин, Давлат бюджетига қарам бўлиб қолаверарди. Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг маълум қилишича, ҳудуд 85 фоизгача давлатдан дотация олиб келган.

Сўнгги бир йилда туманда “Мирзачўлтекс”, “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”, “Мирзачўл мелиоратор”, “Мирзачўл чорва комплекси” каби саноат корхоналари иш бошлади. Уларнинг ҳар бирида 100 нафардан 300 нафаргача аҳоли доимий даромад манбаига эга бўлди.

— Корхонамизнинг лойиҳа қиймати 28 миллион 300 минг АҚШ долларига тенг, — дейди “Мирзачўлтекс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулазиз Аҳмадалиев. — Калава ип, жинси мато ва ундан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Тўлиқ қувватга эришгач, Мирзачўл пахтасини қайта ишлаб, йилига 2600 тонна калава ип, 9 миллион 504 минг погонометр жинси мато ҳамда 600 минг дона кийим-кечак тайёрлаш имкониятига эга бўламиз. Ички бозордан ташқари, хорижга 1,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни мўлжаллаб турибмиз.

Айни пайтда Мирзачўлда 12 та тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланди. Бўш турган 10 та объект инвестиция киритиш шарти билан тадбиркорларга “ноль” харид қийматида берилмоқда.

Булар барчаси сўнгги йилнинг нари-берисида амалга оширилган ишлар. Тез орада Мирзачўл қолоқ ҳудуддан илғор саноат марказига айланади. Аҳоли даромади ортиб, бугунидан рози бўлиб яшайди. Эртанги кунга ишончи эса янада мустаҳкамланиб бораверади.

“Ҳали мақтанарли иш қилганимиз йўқ”

Кейинги сафаримиз Форишга бўлди. Бу манзилга йўл олар эканмиз, паға-паға қор ёға бошлади. Ўйдим-чуқур йўллар, туман марказидаги тирбандлик бир оз асабимизни бузганини ҳисобга олмаса, маҳаллий ҳокимият биносини тезда топиб бордик. Қабулхонада ҳокимни қизғин иш устида учратдик. Йигирма-ўттиз чоғли одамга зарур вазифаларни батафсил тушунтираётган экан. Уларнинг гап-сўзларидан билдикки, аксарият тадбиркорлар ўз муаммоларига ечим излаб шу ерга келишган экан.

— Ҳали матбуотда ёритадиган бирор мақтанарли иш қилганимиз йўқ, — дейди Фориш тумани ҳокими Абдивали Мустанов. — Мана, агар идорамизга келгунча эътибор берган бўлсангиз, туман маркази — Боғдонни шаҳарча деб бўлмайди. Қишлоққа ўхшайди. Йўллари таъмирталаб, тор. Боз устига, марказда жойлашган бозор тирбандликни юзага келтирмоқда.

Туманимиз ер майдони жиҳатидан Фарғона вилоятига тенг. Вилоятимизнинг 51 фоиз ҳудуди эса Фориш ҳиссасига тўғри келади. Бироқ сув тақчиллиги боис аҳоли, асосан, лалмикорлик ва чорвачилик билан шуғулланади. Сўнгги йилларнинг қурғоқчил келиши, гапнинг рости, одамларимизни қийнаб қўйди.

Президентимиз ташрифи доирасида туманимизда жуда катта янгиланиш ва ўзгаришларга тамал тоши қўйилди. Жумладан, Фориш маркази бутунлай қайтадан барпо этилади. Кўримсиз, гуваладан кўтарилган уйлар бузиб ташланиб, икки-уч қаватли замонавий бинолар қад ростлайди. Уларнинг биринчи қаватида турли савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошлайди. Тикувчилик цехлари ташкил қилинади. Шу орқали ҳам кўплаб иш ўринлари яратилади. Айни пайтда бу борадаги юмушларга жадал киришганмиз.

Йўллар кенгайтирилиб, унинг икки томонида пиёдалар учун алоҳида йўлкалар қурилади. Замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилади. Бундан ташқари, кенг кўламли кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Боғдонга кираверишда 9 гектарлик замонавий истироҳат боғи барпо этилади. Бу ерда турли кўнгилочар аттракционлар, мусиқали фавворалар қурилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”.

Яна бир йирик лойиҳа — Караман сув омборининг қурилишидир. Ушбу йирик гидроиншоот ишга туширилиши натижасида 50 минг гектардан ортиқ экин майдонларини кафолатли суғориш имконияти пайдо бўлади. Қолаверса, 10 минг гектар майдонда токзорлар барпо этмоқчимиз. Ушбу лойиҳанинг ҳам барча молиявий манбалари топилган.

Форишнинг бугунги қиёфасини ўзгартириб, салоҳиятини оширадиган яна кўплаб лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва кўрсатмалари асосида рўёбга чиқарилаётган бундай янгиланишлар форишликларнинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборишига ишончим комил.

Темирдан саккиз баравар енгил, уч марта мустаҳкам

Одатда, ҳамкасбларимиз мақолаларини бошлаётганларида бирор ноёб лойиҳага нисбатан “Марказий Осиёда ягона”, “МДҲда ягона” каби таърифларни келтиришади. Чўл ва тоғлардан иборат Форишда ҳам ана шундай эътирофга мос корхоналар қурилаётганига тан бермай иложингиз йўқ.

— Тошни эритиб, ундан темир ўрнини босувчи базальт толаси ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик, — дейди “Мега инвест индастриал” қўшма корхонаси раҳбари Ёрқин Тиловов. — Бундан миллион-миллион йиллар олдин Фориш тоғларида вулқонлар отилиб чиқиши натижасида пайдо бўлган тошлар, яъни базальтни 1,5 минг даража иссиқликда эритиб, сунъий лава ҳолатига келтирамиз. Ундан соч толаси қалинлигидан 5-6 баробар ингичка тола оламиз. Уларни кўз билан илғаш қийин. 222 та шундай тола бирлаштирилиб, ип ҳолатига келтирилади. Уларни яна бирлаштириб, арматура тайёрланади. Темирга нисбатан уч марта мустаҳкам бўлиши билан бирга, 8 марта енгил, эгилувчан. Дейлик, базальтдан олинган икки юз метрлик арматура, бор-йўғи, 6 килограммни ташкил қилади. Бундан ташқари, ундан плиталар тайёрлашда ҳам кенг фойдаланилади. Пировардида биноларнинг зилзилабардошлиги бир неча маротаба ортади.

Ушбу инновацион лойиҳа Европа, Россия ва Ўзбекистонда илк бор амалиётга жорий қилинди. Базальтдан тайёрланган темир умуман чиримайди, яъни коррозияга учрамайди. Ўзидан ток ўтказмайди. Шунингдек, ушбу маҳсулот самолётсозлик, кемасозлик, автомобилсозлик каби қатор соҳаларда кенг қўлланилмоқда. Қисқаси, бу технология кўплаб соҳалар ривожида инқилоб ясади, десак, муболаға бўлмайди.

Гапимнинг исботи сифатида сизга яна далил келтирай. Одатда, автомобилга ўрнатилган метан газ баллонига 200 — 250 босим остида газ қуйиш мумкин. Агар баллон базальтдан олинган хом ашёдан тайёрланса, у 800 босимгача газни сиғдира олади.

Яна бир ҳайратланарли жиҳати, мазкур корхонада кунига 1,2 тоннагача тош эритиларкан. Бунинг учун сарфланган газ ҳажми қиймати 80 минг сўмга тенг экан.

— Ўтган бир йил давомида ички бозорга 30 миллиард сўмлик маҳсулот сотдик, — дейди мазкур МЧЖ ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Хайрулла Рўзибоев. — Эндиликда хориждан ҳам катта ҳажмда буюртмалар оляпмиз. Тўлиқ қувватга эришганимиздан сўнг йилига 3,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконига эга бўламиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”.

Корхонани айланар эканмиз, бошқарув пультида ўтирган йигитни суҳбатга тортамиз.

— Асли шу ерликман, — дейди Маъруф Маликов. — Жиззах политехника институтини тамомлаганман. Мен билан меҳнат қилаётганларнинг аксарияти форишлик ёшлар. Қишлоғимизга яқин жойда шундай ноёб корхона қурилади, деб ҳеч ҳам ўйламаган эдим. Ойлик маошларимиз ҳам яхши. Ота-онам ўзга юртларда эмас, шу ерда ишлаётганимдан жуда хурсанд.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида ҳудудни комплекс ривожлантириш мақсадида яқин истиқболда 2 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар жалб қилиниб, Жиззах вилояти “саноат хаби”га айлантирилишини билдирди. Бу 1 миллион 300 мингдан ортиқ жиззахликлар ҳаётида янги давр бошланишидан дарак беради.

Давлатимиз раҳбари Мирзачўл тажрибасини, умуман, Жиззах вилоятида амалга оширилаётган “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини мамлакатимизнинг барча ҳудудида ҳам кенг татбиқ этиш борасида мутасаддилар олдига масъулиятли, шу билан бирга, ижросини кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифа қўйди. Жиззахда бошланиб, юртимиз шаҳару қишлоқлари, энг олис овулларида кенг қулоч ёзаётган эзгу ташаббус халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириб, ҳудудлар қиёфасининг бутунлай замонавийлик касб этишида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Юнус БЎРОНОВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019