Жиззах вилояти брендининг Концепцияси ишлаб чиқилди

16:37 12 Февраль 2019 Жамият
565 0

Маълумки, 2019 йил 1 мартдан Жиззахда вилояти фаолиятининг барча жабҳасини яхшилаш бўйича йирик инвестицияларни жалб қилишга йўналтирилган кенг кўламли ишларни амалга ошириш режалаштирилган “Илғор ҳудуд” инновацион ривожланиш дастури ҳаётга татбиқ этилади.

Жиззах вилоятини ўзгартириш ишларини амалга ошириш доирасида вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётини тубдан ўзгартиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ва инвестиция лойиҳаларининг дастурларидан ташқари, Жиззах вилоятини дунёга таништириш ҳамда унинг беқиёслигини кўрсатиш бўйича масалалар ечими топилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисидаги” ПФ-5609-сонли Фармонига мувофиқ, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Жиззах вилоятидаги “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини тизимли ҳамда самарали тайёрлаш ва амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади.

Шу мақсадда Агентлик ҳамда Artógraph дизайн студияси томонидан ҳудуднинг Айдентика концепцияси ишлаб чиқилди. У ҳали бир неча ой давомида ривожлантириб борилади. Студия “Халқ сўзи ONLINE“га унинг асосий ғоясини тақдим этди. Қуйида концепция билан танишиб чиқишингиз мумкин

Лойиҳа бренди устида иш бошлашдан аввал Жиззах вилоятининг гўзал жойлари, тоғ чўққилари ва чўл ҳудудларининг жазирамаси ўртасидаги фарқ, сомсанинг ажойиб таъми ва вилоят аҳолисининг хушфеъллиги билан батафсил танишиб чиқилди.

Бренд концепциясининг (моҳиятининг) нимадан иборат эканлиги ҳақида Artógraph студияси директори Искандер Хаитбаев сўзлаб беради.

Искандер Хаитбаев: “Artógraph студиясининг энг асосий устувор мақсадларидан бири ҳудуднинг чуқур семантик маънони ўзида акс эттирадиган ва шу билан бирга, унинг мослашувчанлигини сақлаб қоладиган белгисини яратиш иборат эди. Жиззах вилоятининг янги логотипи ўзида уч асосий элементни бирлаштирган. Булар: жойнинг универсал қабул қилинган белгисига айланган, Jizzax ҳудуд ва шаҳар номи бошланувчи J ҳарфи билан ифодаланувчи, ичида доимий равишда ўзгариб турувчи, Жиззах вилоятининг ичига назар солиш имконини берувчи эшик жойлашган пин элементи.

Белгининг асосий фойдаланилувчи майдони J ҳарфи бўлиб, у муайян шакл ёки қандайдир имижни ўз ичига олган рангли шаффоф бўлиши мумкин. Қолган майдон турли ҳажмдаги иккиламчи матнларни жойлаштириш учун ишлатилиши мумкин.

Ушбу тасвирда J ҳарфининг шаффофлигидан гўёки мозийда чўл бўлган ерда осмонўпар биноларни акс эттирувчи келажакка ойна сифатида фойдаланилган. Бу жадал ўзгараётган минтақадаги бетакрор имкониятларга инвесторларни жалб этиш бўйича кампанияни амалга оширишда ажойиб имиж бўлиши мумкин.

Бу эса, мазкур шаффоф белгининг қай йўсинда сайёҳларни машҳур жаҳон сайёҳлик марказлари ва ҳаттоки бошқа сайёраларга монанд Жиззах вилоятининг ақл бовар қилмайдиган гўзал манзаралари билан танишишга чорловчи реклама кампаниясида ишлатилганига мисол.

Потенциал инвесторларга мўлжалланган маркетинг коммуникацияси

Жиззах вилояти белгиси ва айдентикаси ишбилармонлик ва маиший ҳаётнинг барча жабҳасига ёйилувчи минтақанинг ажралмас қисмига айланиши лозим. Кейинги ўринларда тадбирлар эълонлари, тарқатма материаллар, автобус бекатлари ва эсдалик маҳсулотларида логотипни мослаштиришга намуналар берилган.

Сити-формат эълони намунаси

 

Санъат фестивали эълони намунаси
Санъат фестивали тарқатма материаллари намунаси

 

Чет давлатдаги ёш сайёҳ-изланувчиларга мўлжалланган реклама баннери намунаси

 

Жиззахнинг бетакрор сомсаси қадоғини безатишга намуна

 

Жиззах меҳмонлари ва аҳолиси учун минтақа айдентикасини акс эттирувчи эсдалик маҳсулотлари намунаси

 

Шаҳар автобус бекати безалиши намунаси

Artógraph минтақанинг бир белгисида тўхтаб қолмасдан, балки уни минтақанинг энг йирик шаҳарларининг индивидуал суратларига мослаштиришни таклиф қилади, бу ҳар бир минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ягона услубда акс эттиради.

Алоҳида логотипларга эга бўлган туманлар уларни ўз мақсадлари учун ишлатиши мумкин. Масалан, маркетинг коммуникацияларида бутун минтақадан кўра, шаҳар ёки туманга алоҳида эътибор қаратилади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019