Жиноятчиликнинг айрим турлари нега кўпаймоқда?

10:14 16 Май 2018 Жамият
537 1
Фото: darakchi.uz

Наманганда Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда комиссия минтақавий ишчи гуруҳи томонидан вилоятда шу масала доирасида ўтказилган ўрганишлар якуни атрофлича кўриб чиқилди.

Ишчи гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комиловнинг таъкидлашича, вилоятда жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида ҳуқуқ-тартибот, давлат ва нодавлат идоралари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳа ходимларининг масъулият ва малакасини ошириш, профилактика ҳамда жиноят қидирув фаолиятига илғор тажриба ва инновацион технологияларни жорий этишга аҳамият қаратилаётир.  Натижада шу йилнинг ўтган тўрт ойи мобайнида асосий жиноят турларининг бирмунча камайишига эришилди. 

Хусусан, аёллар, муқаддам судланган шахслар ҳамда вояга етмаганлар жиноятчилиги сезиларли даражада камайгани бунга яққол мисолдир. Бироқ ўрганишлар чоғида тегишли идоралар фаолиятида қатор камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар, ишга солиниши зарур бўлган имкониятлар мавжудлиги аён бўлди. Мисол учун, вилоятда оғир турдаги жиноятлар сони ошган. Жумладан, Косонсой, Наманган ва Норин туманлари ҳамда Наманган шаҳрида қотиллик, қасддан тан жароҳати етказиш, босқинчилик, фирибгарлик кўринишларининг олдини олиш бўйича профилактика ишлари самараси анча паст. Жиноят қидирув соҳасида эса 32 та жиноят очилмай қолгани янада ташвишланарлидир.

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар билан ишлаш борасида ҳам нуқсонлар борлиги туфайли юқори ташкилотларга юборилаётган ариза ҳамда шикоятлар сони ортиб бормоқда. Биргина ички ишлар соҳасида айни масала бўйича назорат етарли эмаслиги боис 6 та ҳолатда қайд этмаслик йўли билан жиноятлар ҳисобдан яширилган. Ҳуқуқбузарликларнинг нотўғри малакаланилиши оқибатида эса маъмурий тартибда ҳал этилган 35 та қарор маъмурий судлар томонидан жиноят аломатлари бор, деган хулоса билан прокуратурага қайтарилган.

— Ҳамон кўпчиликда жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни барвақт аниқлаш ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, ички ишлар органларининг вазифаси, деган нотўғри қараш мавжуд, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуджон Парпиев. — Энг ачинарлиси, кўп ҳолатларда эртага одамлар ҳаловатини бузиши мумкин бўлган вазият ҳақида била туриб профилактика инспекторига хабар қилишни ўзимизга эп кўрмаймиз. Аслида ушбу масалада ҳар бир фуқаро фаол бўлмас экан, маҳалламизни жиноятдан холи ҳудудга айлантириб бўлмайди. Демак, жамоатчилик назорати ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлигини изчил йўлга қўйиш лозим. Биз, депутатлар бу борада тарғибот тадбирларини олиб боришимиз, ўзимиз сайланган ҳудудда аҳволни мунтазам ўрганиб, зарур бўлса, тегишли идора ёки маҳаллий ҳокимиятга таклифларимизни киритишимиз айни муддаодир.

Қўшма йиғилишда, шунингдек, Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров ва тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Тадбирда муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев иштирок этди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар